Ўзбекистон аёллари ўзгармоқда
(last modified Sat, 27 Jan 2018 06:56:35 GMT )
Январ 27, 2018 11:56 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон аёллари ўзгармоқда

"Айни пайтда ҳаётингиздан нечоғли қониқасиз?" деган саволга 88,1 % аёллар ўз ҳаётидан мамнун эканликларини, 76,1 %и эса ўзларини бахтли ҳисоблашини маълум қилишган

 "Ижтимоий фикр" жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан "Ўзбекистон аёллари — 2017: ижтимоий мавқе ва кайфият" мавзусида ўтказилган сўров натижалари Ўзбекистон аёллари иқтисодий мустақил бўлишни хоҳлашини кўрсатди.

Тадқиқот натижаларига кўра, сўнгги йилларда аёлларда ўзларининг ҳуқуқий ҳимояланганига ишончи ортган. Респондентларнинг 81,1 %и ҳуқуқлари бузилса давлат, ижтимоий ва фуқаролик институтларидан кўмак олиши мумкинлигини билдирган.

Сўров натижалари аёлларнинг муносиб ва замонавий таълим олишга барқарор ижобий муносабатини кўрсатган — аксарият иштирокчилар (74,3 %) фикрича, замонавий аёл учун олий маълумот муҳим аҳамиятга эга, деган фикрни билдирганлар. Шунингдек, респондентларнинг кўпи аёллар уйдан ташқарида ҳақ тўланадиган ишга эга бўлиши лозим, деб ҳисоблайди. Бу аёлга оиланинг моддий фаровонлигига ҳисса қўшиш билан бирга, иқтисодий жиҳатдан мустақил бўлиш имконини тақдим этади.

Сўров аёлларнинг аксарияти ҳаётда муайян мақсадларга эришишга интилишини кўрсатди. Иштирокчиларнинг ҳаётдаги асосий мақсади оила қуриш, унинг фаровонлигини мустаҳкамлаш, фарзанд тарбияси, уларни мустақил ҳаётга тайёрлашдан иборатдир. Бунда аёлларнинг асосий қисми ўз мақсадига эришишига, орзу-истаклари рўёбга чиқишига қатъий ишонади.

Умуман, ўтказилган сўров давлат ва жамиятнинг барча соҳаларида юз бераётган ўзгаришлар, амалга оширилаётган демократик ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар билан бир қаторда Ўзбекистон аёлларининг тафаккури ва дунёқараши ҳам ўзгараётгани, ижтимоий фаоллиги ва фуқаролик онги ошаётгани, фуқаролик позицияси ва келажакка ишончи мустаҳкамланиб бораётганини кўрсатди.