Энди жарроҳлик учун Ҳиндистонга боришга ҳожат йўқ
Мураккаб онкологик операциялар Самарқандда бажарилмоқда, деб ёзади «Зарафшон» газетаси.
Саратон диагностикаси ва даволашнинг замонавий усуллари кенг жорий этилиши натижасида кейинги беш ойда Самарқандда илк бор қизилўнгач саратони бўйича мураккаб жарроҳлик операцияси амалга оширилди. Меъда саратони бўйича кенгайтирилган гастрэктомия ва бир вақтнинг ўзида сунъий ошқозон ясаш амалиёти йўлга қўйилди. Ўпка саратонини даволашда лоб ва пульмонэктомия жарроҳлик амалиётлари бажарилди. Кўкс оралиғи ўсмалари бўйича кўкс орти ўсмаларини олиш бошланди. Шу ва бошқа йўналишларда Самарқанд тиббиёти тарихида илк бор 62 юқори технологик жарроҳлик амалиёти бажарилди.
Бу маълумотлар вилоят матбуот уйида ўтказилган навбатдаги матбуот анжуманида айтилди.
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали директори, профессор М.Жўраев Президент Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 4 апрелдаги қарори асосида филиалда амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
— Бугунги кунда вилоят аҳолисининг саратон билан боғлиқ хасталикларни аниқлаш ва даволаш учун пойтахтга ёки хорижий давлатларга боришига деярли ҳожат йўқ, — деди М.Жўраев. — Барча тиббий муолажаларни филиалнинг ўзида кўрсатиш учун зарур шарт-шароит яратилмоқда. Жорий йилда гамматерапевтик, ангиограф аппаратлари, ультратовуш текшируви ускунаси ва бошқа замонавий жиҳозларни олганимиздан сўнг нур терапияси ва бошқа мураккаб амалиётларни ҳам шу ерда бажариш мумкин бўлади.
Ўтган давр мобайнида филиалнинг 5 нафар ёш ходими Ҳиндистондаги BLK клиникасида онкологиянинг долзарб йўналишлари бўйича малака ошириб келди.