ОВИР аслида нимага керак?
Ўзбекистон фуқароларига чиқиш визаси берадиган дунёдаги саноқли давлатлардан бири ҳисобланади.
Ҳуқуқ ҳимоячилари ОВИР фуқароларга кўплаб ноқулайликлар туғдиришини айтишади.
Улар ҳукумат ОВИРни фуқароларни назорат остида ушлаб туриш ва керакли вақтда босим ўтказиш воситаси сифатида фойланиб келаётганини урғулашади.
Ҳаттоки отаси ёки онаси ҳуқуқ ҳимоячиси бўлган фарзандлар ҳам четга чиқиш визаси олишда тўсқинликларга дуч келаётган ҳолатлар мавжуд.
Журналист ва инсон ҳуқуқлари фаоли Малоҳат Эшонқулованинг қизи, 24 ёшли Зарнигор Алимбекова ОВИР ололмаётган фуқаролардан бири.
Алимбекова унга ОВИР бермаган Ички ишлар вазирлигини судга берди. Бироқ маъмурий ишлар бўйича Тошкент шаҳар суди унинг аризасини қондирмади.
Орган ходимлари сартарош Зарнигор Алимбековага мамлакатдан чиқишга изн бермасликни "давлат сири" деб изоҳлашдан бош тортган.
Ўзбекистонда чет элга чиқиш паспорти 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб жорий этилиши айтилган.
Ушбу паспорт ОВИРга барҳам бериши кутилмоқда. Бироқ ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистон расмийлари энди ўзлари истамаган одамларга чиқиш паспорти бермаслик билан босим ўтказишда давом этишидан хавотирга тушишган.