Франция Ўзбекистонга илк сунъий йўлдошга эга бўлишида кўмаклашади
(last modified Sun, 07 Oct 2018 11:50:57 GMT )
октябр 07, 2018 16:50 Asia/Tashkent
  • Франция Ўзбекистонга илк сунъий йўлдошга эга бўлишида кўмаклашади

Ўзбекистон сунъий йўлдош яратиш бўйича Франция билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатмоқчи, деб ёзмоқда Turon24. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 9 октябрь куни Франция раҳбари билан учрашуви чоғида ушбу масалани ҳам кўриб чиқади.

Агар ушбу келишув амалга ошса, бу ўзбек ва француз расмийлари томонидан ўтказилган бир неча ойлик музокараларнинг энг юқори чўққиси бўлади. Ўз навбатида, Марказий Осиёда узоқ вақт қолиб кетган Россия сунъий йўлдошлари яккаҳокимлигига ҳам барҳам берилади.

Ўзбекистон бир неча ойдан бери француз сунъий йўлдош компанияси – "Thales Alenia Space" билан ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиб келади. Хусусан, Ўзбекистон Сенати раиси ўринбосари Содиқ Сафоев ва "Thales Alenia Space" компанияси вице-президенти фазовий тадқиқотлар ва сунъий йўлдош яратиш бўйича музокаралар олиб борган.

Шунингдек, "Thales Alenia Space" Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини очиши кутиляпти. Компания Ўзбекистон билан бир неча йирик лойиҳаларни амалга ошириши, жумладан, Ерни кузатувчи сунъий йўлдош қуриши кўзда тутилган.

"Thales Group" Европадаги халқаро фазо ва мудофаа компаниялари аэронавтика, фазо, киберхавфсизлик каби соҳаларда етакчи ҳисобланади. Унинг 56 мамлакатда йўлдошлари бўлиб, товар айланмаси ҳажми тахминан 18,45 млрд долларни ташкил қилади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Франция президенти Эммануэль Макроннинг таклифига биноан жорий йилнинг 8-9 октябрь кунлари расмий ташриф билан Францияда бўлади. Ташриф давомида давлат раҳбарлари ўртасида музокаралар, Франция парламенти раҳбарияти, етакчи компаниялари ва молия институтлари вакиллари билан учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.

Ёрлиқ