Сабзавор тумани
-
Сабзавор шаҳрининг Жомеъ масжиди
Сабзавор тумани ва ушбу ном билан аталувчи унинг маркази Хуросони Разавий вилоятининг ғарбида жойлашган.
Мазкур туман тоғли тепаликлар ва даштли минтақалар ўртасида мавжуд бўлгани боис турли об-ҳавога эгадир. Тоғ ва биёбон ҳамда 110 километрга чўзилган Чиғатой ва 90 километргача бўлган Меш тизма тоғларига яқин бўлган ушбу туман кўплаб табиий жозибаларга эгадир. Мазкур тоғлардан кўплаб дарёлар сарчашма олишади. Турли ёвоий ҳайвонлар яшовчи Шераҳмад қўриқхонаси ҳам мазкур минтақадаги жозибали табиий жойлардан ҳисобланади. Мазкур қўриқхонанинг масоҳати 22629 гектарни ташкил этади ҳамда Парванд ов қилиш тақиқланган минтақадан 5 километрлик узоқлиқда жойлашган. Сабзавор ва Парванд қишлоғи ғарбида жойлашган ва табиати гўзал бўлган ушбу минтақанинг масоҳати 16900 гектарни ташкил этади.
Археологларнинг тадқиқотлари асосида маълум бўлишича, Сабзавор шаҳри узоқ тарихга эгадир ва унинг аввалги номи Байҳа ё Байҳақ бўлган. Ушбу шаҳарнинг маданияти милоддан 4000 йил олдинги даврларга бориб тақалади ва милодий 1203 йилда Сабзавор қадимий Байҳақ шаҳрининг ворисига айланади.
Эроннинг муҳим тарихий манбаларидан ҳисобланган “Байҳақий тарихи” китобида ёзилишича, ушбу шаҳарнинг тарихи 2500 йилга эга бўлиб, Сосонийлар ҳукмронлиги замони билан тўғри келади.
Сабзавор ва Байҳақ тарихий ва жуғрофик хусусиятлари жиҳатидан бир-биридан фарқ этувчи икки шаҳар бўлган. Тарихда маълум бўлишича, Байҳақ Сабзавор шаҳридан анча олдинги йилларда пайдо бўлган. Йиллар ўтиши билан ушбу шаҳарга яқин бўлган ҳозирги Сабзавор янги шаҳар сифатида унинг жойини эгаллаган.
Байҳақ шаҳрининг ўтмиши узоқроқдир ва ушбу тарихий шаҳар Сабзавордан 6 километрлик узоқликда бўлган ҳозирги Хусрувжерд қишлоғи атрофида мавжуд бўлган. Замон ўтиши билан ушбу шаҳар хароб бўлган ва тадрижий тарзда ҳозирги Сабзавор шаҳри ҳудудларида қайтадан тикланган.
Сабзавор шаҳри мўғуллар ҳужумлари вақтида буткул вайрон бўлган эди. Кейинчалик ушбу шаҳарни қайтадан обод қилишади. Мазкур шаҳарда кўплаб тарихий воқеалар юз берган. Ҳижрий-қамарий 727 йилда “Сарбадорон” номли сиёсий бир ҳаракат аъзоларининг пойтахти ва бошпанаси бўлгани шулар жумласидандир. Сабзавор шаҳри Дорулмўъминин номи билан ҳам машҳурдир.
Мўғуллар ҳужумларидан етказилган зарар ва яралар тузалмасдан ушбу шаҳар шоҳ Аббос Сафавий даврида Сабзавор шаҳри ўзбаклар томонидан харобага айлантирилади ва унинг аҳолиси қатлга етказилади. Мазкур ҳодисадан кейин мазкур шаҳар яна тадрижий тарзда обод қилинади. Сафавийлар сулоласи даврида Сабзавор шаҳрининг қайта қурилиши ва таъмирланиши бошланади.Бугунги Сабзавор шаҳри ўтган ўн йилликлар давомида кенг ривожланади ва ҳозир ҳам ривожланиб, обод бўлиб бормоқда.
Бугунги кунда Сабзавор шаҳри Эрон шимоли-шарқидаги илмий, маданий, исломий ва тарихий марказлардан бири ҳисобланади. Айниқса, ушбу шаҳарни мамлакатнинг тарих ва илм тимсоли сифатида билишади. Мазкур шаҳарда кўплаб университетлар, маданий марказлар ва илмий ҳавзалар мавжуд. Буларнинг барчаcи шаҳарнинг узоқ ўтмишга эга бўлгани ва халқининг маданият севарлигини кўрсатади.