Чингизхоннинг қабри қаерда?
Тарихнинг очилмаган сирлари
Ривоятда айтилишича, Чингизхон дарё остида дафн этилган. Одамлар топа олмасликлари учун ҳатто, унинг қабри дарё ўзани ўзгартирилиб, дарё остида қолдирилган. Бошқа бир манбада таъкидланишича, мўғул хони дафн этилганидан сўнг унинг қабрини минглаб отлар билан топталган ва у дафн этилган жойдаги излар йўқ қилинган. Бу ишда иштирок этган барча жангчи ва қуллар ўлдирилган. Ўз навбатида, дафн маросимида иштирок этганларни ўлдирган жангчилар ҳам узоқ ушлаб турилмаган. Шу тариқа 10 минг жангчи ва қуллар ўлдирилган ва Чингизхоннинг сўнгги манзили қаерда эканлиги ҳақидаги маълумотлар йўқотилган.
Юқорида келтирилган маълумотларнинг тўғри ёки нотўғрилиги аниқ эмас. Бироқ Чингизхоннинг сўнгги манзилини археологлар, тарихчилар, хазина изловчилар ва бошқа соҳа вакиллари узоқ йиллардан буён изламоқда.
Мўғулистон пойтахти Улан-Батор яқинида Чингизхон от устида ўтиргани акс эттирилган ўлкан ҳайкал жойлашган. Шунингдек, Хитойнинг Эжен-Хоро (Ички Мўғулистон) вилоятида Чингизхон мақбараси мавжуд. Булар хон хотираси учун ўрнатилган ёдгорлик, холос.
Чингизхон дафн этилган жой тўғрисида сайёҳ ва тадқиқотчи Марко Поло шундай дейди: “Билинглар, Чингизхон авлодидан бўлган барча ҳукмдорларни улар қаерда вафот этганидан қатъий назар ўлкан Олтой тоғига дафн этишади. Ҳатто юз кун йўл юрилса ҳам уни ўша ерга олиб келишади ва дафн этишади”.
Манбаларда келтирилишича, Чингизхон 1227 йилда навбатдаги ҳарбий юришида Тангут қироллиги пайтахти Чжунсинни (Хитойнинг ҳозирги Иньчуан шаҳри) қамал қилган вақтда вафот этади. Ҳукмдорнинг ўлими сабаби аниқланмаган. Фақат у ўз салтанатини учинчи ўғли Угедейга васият қилгани аниқ.
Чингизхоннинг вафоти билан боғлиқ бир нечта ривоятлар ва фаразлар мавжуд. Яъни, Чингизхон вафотидан сўнг содиқ жангчилар ўз ҳукмдори жасадини шимол томон олиб кетишган. Аммо хоннинг қаерга дафн этилгани ҳозиргача номаълум қолмоқда. Ёзиб қолдирилган битикларга кўра, Чингизхоннинг қабрида кўплаб қимматбаҳо буюмлар бор ва у ерда мисли кўрилмаган хазина яширинган бўлиши мумкин.
Форс ёзувчиси, тарихчи ва давлат арбоби Рашид ад-Дин келтирган маълумотда Чингизхон шахсан ўзи кўрсатган жойга дафн этилган. Хон кунларнинг бирида Онон дарёси қирғоғи бўйида ов қилган. Ўша маскандаги бир жой унинг диққатини жалб қилган ва у сокинлик ва хотиржамликни ҳис этган. Бир донагина дарахт қад кўтарган ушбу жойда туриб шундай деган: “Мени дафн қилишга шу маскан тўғри келади. Бу жойни эслаб қолинг ва белгилаб қўйинг”.
XIX аср мўғулшуноси Я.Шмиднинг таъкидлашича, ҳукмдорни Мўғулистонгача олиб боришмаган. Чунки унинг одамлари мумиёлашни билишмаган, йўл эса олис бўлган.
Россиялик тадқиқотчи ва сайёҳ М.К.Козлов томонидан 1923-1926 йилларда Хангай тоғлари ёнидаги Хон-Кокшун тепалигида қадимий мақбара аниқланди. Шунингдек, у ерда қадимий шаҳар харобалари топилди. Харобадаги тошга ёзилган битикда шаҳар 1275 йилда Чингизхон невараси Хубилай томонидан барпо этилгани таъкидланган. Тадқиқотчилар ўлкан тошлар орасидан Чингизхоннинг 30 авлоди дафн этилган қабристонни аниқлашди.
Бу ердаги тадқиқотлар давом этаётган бир вақтда, маҳаллий аҳоли тинмай археологик ишлар олиб борилишига қаршилик қилишди. Маҳаллий халқ археологларни тинмай башорат ҳақида огоҳлантиришарди: “Агар уни мангу уйқусидан безовта қилсангиз, ватанингиз бошига кулфатлар ёғилади”.
Ушбу қаршиликлар туфайли бу ердаги тадқиқотлар тўхтатилди. Шунингдек, мўғул расмий ҳукумати ҳам кенг қамровли тадқиқотларга тўсқинлик қилди. Шунингдек, 1990 йилларда ташкил этилган мўғул-япон илмий тадқиқоти ҳам тўхтатилди.
Чингизхон қабрининг қаерда жойлашганлиги тўғрисида бир нечта тахминлар бўлишига қарамасдан, хонинг сўнгги қўнимгоҳи Мўғулистоннинг шимолида - Россия билан чегарадош ҳудудда жойлашган Брхан-Халдун тоғида эканлиги ҳақидаги тахмин ҳақиқатга яқинроқ. Чунки Чингизхон бу ерни муқаддас деб билган. Бу жойлар ҳозирги кунда ҳам мўғуллар учун табаррук саналади.
Бугун америкалик, япониялик, франциялик ва бошқа мамлакатлар тадқиқотчилари замонавий технологиялар ёрдамида мазкур ҳудудни синчиклаб ўрганишмоқда.
Пьер-Анри Жискар бошчилигидаги франциялик тадқиқотчилар бу борада арзирли ютуқларга ҳам эришди. Улар ушбу тоғли ҳудудни учар дронлар ёрдамида ўрганиб, ҳудуднинг рақамли моделини тузиб, таҳлил ўтказди. Ўтказилган таҳлилдан сўнг тош ва қоялар тагида, дафн қилинган мўғул зодагонларининг қабрлари мавжуд бўлган ўлкан тепаликни топишди. Уларнинг хон қабри айнан шу ерда эканлигига ишончи комил. Аммо Мўғулистон ҳукумати масканда кенг кўламли тадқиқот олиб борилишига рухсат бермаяпти.
Бекзод МУСУРМОНОВ тайёрлади