Ӯзбекистон ӯтган ҳафта давомида
https://parstoday.ir/uz/news/uncategorised-i48202-Ӯзбекистон_ӯтган_ҳафта_давомида
"Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнида жорий йилнинг 14-20 октябр  кунлари ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий воқеалар тӯғрисида сизга маълумот берамиз.
(last modified 2019-10-20T09:45:14+00:00 )
октябр 20, 2019 14:43 Asia/Tashkent
  • Ӯзбекистон ӯтган ҳафта давомида

"Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнида жорий йилнинг 14-20 октябр  кунлари ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий воқеалар тӯғрисида сизга маълумот берамиз.

Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача шарҳи билан танишинг:

  1. Бокуда Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев учрашуви бўлиб ўтди.
  2. Ўзбек- қирғиз чегарачилари ҳамкорликда махсус-тактик машғулот ўтказишди.
  3. Шавкат Мирзиёев Режеп Таййип Эрдоған билан учрашди.
  4. Ҳукумат нон нархининг сунъий равишда ошиб кетиши олдини олувчи қарор қабул қилди.
  5. Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўзаро ҳамкорликни кенгайтиради.
  6. Ўзбекистон очлик бўйича  Глобал индексида 49-ўринда жой олди.
  7. Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида " Ҳизбут-Таҳрир" экстремистик гуруҳи аъзолари қўлга олинди.
  8. Ҳоким ӯринбосари ва уни ёқиб юборган тадбиркорга нисбатан суд ҳукми эълон қилинди.

Энди энг муҳим  мавзуларнинг тафсилотига ӯтамиз:

Ўзбекистон птезиденти Озарбойжн республикасига қилган сафарида бу мамлакат президенти Илҳом Алиев билан учрашиб мулоқот қилди.

Ўзбекистон ва Озарбойжон республикалари раҳбарлари ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиб, бу борада биринчи галдаги вазифаларни белгилаб олди.

Мамлакатлар етакчи компаниялари ва тадбиркорлари даражасида ишбилармонлик алоқаларини йўлга қўйиш, шунингдек, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва бошқа устувор тармоқларда кооперацияни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Икки томонлама ҳукуматлараро комиссия фаолиятини жонлантириш ҳамда Ўзбекистон ва Озарбайжон ҳудудлари делегацияларининг ўзаро ташрифларини ташкил этишга келишиб олинди.

Учрашув якунида президентлар кўп асрлик дўстлик ва стратегик шерикликка асосланган Ўзбекистон—Озарбайжон муносабатларини янада мустаҳкамлаш борасида интилишлари қатъий эканини тасдиқлади.

  Х  Х  Х

15 октябрь куни эрталаб Боку шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Музокараларда конструктив сиёсий мулоқотни давом эттириш, иқтисодиёт, савдо, инвестициялар, энергетика, туризм ва бошқа йўналишларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Икки мамлакатнинг етакчи компаниялари иштирокидаги қўшма инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш муҳимлиги таъкидланди.

Ўзбекистон ва Туркия Президентлари халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашдилар, шунингдек, бўлажак олий даражадаги тадбирлар режасини кўриб чиқдилар.

    Х  Х  Х

Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти чегара олди ҳудудларида Ўзбекистон РДХХ чегара қўшинлари ва Қирғизистон чегара қўшинлари ҳамкорлигида биринчи бор «Қалқон—2019» махсус-тактик ўқув машғулоти ўтказилди.

Дарё сайтининг хабар қилишича, Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарачилари машғулоти аввалида ҳар икки давлат бўлинма қўмондонларининг жанговар ҳаракатларни бошқариш ва улар орасида тажриба алмашинувини йўлга қўйиш бўйича йўл-йўриқлар ҳамда кўрсатмалар берилган. Шундан сўнг ҳамкорликдаги махсус-тактик ўқув машғулотига старт берилди.

Икки давлат чегарачиларига қўйилган асосий вазифа — биргаликда босқинни бартараф этиш ҳамда чегара бузғунчиларини ҳудудга ўрнашиб олишларига йўл қўймаслик. Шу мақсадда шай ҳолатда бўлган жанговар гуруҳлар замонавий зирҳли техникаларда чегара нарядларига ёрдамга келишди ва шартли душман икки давлат чегара ҳудудида тўлиқ қуршовга олинди.

Машғулотга нафақат қуруқлик, балки ҳаво кучлари ҳам жалб этилган. Реал вазиятларга тенглаштирилган барча ҳаракатлар Ўзбекистон ҳамда Қирғизистон чегара қўшинлари раҳбарлари томонидан диққат билан кузатиб борилган.

   Х  Х  Х

“Дон, ун ва нон етказиб бериш тизимига бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди (866-сон, 14 октябрь, 2019 йил).

Қарор матнида жорий йилда 7 млн тоннадан ортиқ ғалла етиштирилгани, жорий йил ҳосилидан қабул қилинган ғалланинг ўртача харид нархи бир тоннаси учун 1 420 минг сўмни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан деярли икки баробарга ошгани таъкидланди.

“Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси тизимидаги ташкилотлар томонидан 2018 йилда 1 470 минг тонна ва 2019 йилнинг 9 ойида - 1077 минг тонна ун ишлаб чиқарилган, шунингдек, 2018 йилда тадбиркорлар томонидан 650 минг тонна ун ва деярли 2,3 млн тонна дон, 2019 йилнинг 9 ойида эса 345 минг тонна ун ва 1,7 млн тонна ғалла импорт қилинди.

“I нав уннинг улгуржи ва чакана нархларини маъмурий тартибда белгилаш нархларни шакллантиришнинг тўлақонли бозор механизмларини жорий қилиш имконини бермаяпти ва ун ишлаб чиқарувчи ташкилотлар ишлаб чиқарилган ва сотилган ҳар бир тонна ундан салкам 900 минг сўм зарар кўрмоқда” дейилади қарорда.

Давлатнинг иқтисодиётга аралашувини янада камайтириш, дон ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш соҳасига ҳамда ун нархларини шакллантиришга тўлақонли бозор муносабатларини жорий этиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари ижтимоий ҳимоясининг манзиллигини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилди:

Ун нархи кескин ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида 2019 йил ҳосилидан тайёрланган бугдойнинг тоннаси ун ишлаб чиқаришга 1 300 минг сўмдан улгуржи нархларда сотилади. Бунда, буғдойнинг ўртача харид нархи ва улгуржи нархи ўртасидаги 120 минг сўм миқдоридаги салбий фарқ Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан қопланади;

Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси билан биргаликда ички бозорда нархларнинг сунъий равишда ошиб кетиши ва бозордаги бошка салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, зарур ҳолларда, бир савдо сессиясида бир харидор томонидан харид қилинадиган ун ва доннинг максимал микдорини (лимитини) белгилайди ҳамда талаб ва таклифдан келиб чиқиб ушбу ҳажмларга тузатишлар киритади.

Қарорнинг тўлиқ матни билан lex.uz сайтида танишишингиз мумкин.

    Х  Х  Х

Ўзбекистон ва Жанубий Корея ташқи ишлар вазирлари минтақа масалаларини ҳал этиш ва ўзаро ҳамкорликларни кенгайтиришни таъкидлашди.

Форс ахборот агентлигининг тарқатган хабарига кўра, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва Жанубий Корея ташқи ишлар вазири Канг Кюнг-Ва пайшанба куни Қозоғистон пойтахти Нурсултон шаҳрида "Марказий Осиё ва Сеул " ҳамкорлик саммити доирасида учрашиб, маданий, инвестиция киритиш,савдо-сотиқ, иқтисодий ва сиёсий соҳаларда иккитомонлама муносабатларни ривожлантиришни таъкидлашди.

Бу учрашув жорий йил 18-21 апрал ойида Жанубий Корея президенти Мун Же Иннинг Тошкентга қилган сафари ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан ўтказилган музокараларда келишилган келишувларнинг амалда татбиқ этилиши доирасида бўлиб ўтди.

Жанубий Корея Ўзбекистоннинг энг йирик инвесторларидан саналади ва ҳозиргача ушбу мамлакатнинг иқтисодига 10 миллиард доллар сармоя киритган.

    Х  Х  Х

Ирланиянинг Concern Worldwide гуманитар ташкилоти ҳамда Германиянинг Welthungerhilfe нодавлат ташкилоти томонидан эълон этилган аҳолининг очлик кўрсаткичи бўйича дунё мамлакатларининг Глобал индексида Ўзбекистон 49-ўринда қайд этилди.

Дарё сайтининг хабар қилишича, мутахассислар ушбу индексда очлик кўрсаткичини 0-100 баллгача бўлган шкалада баҳолаган. Яъни 0 — энг яхши натижа, 100 эса ўта қониқарсиз ҳолатни англатади.

Ўзбекистон ушбу рейтингда 10,7 балл билан 49-ўринда қайд этилган. 2000 йилдаги натижа билан таққослаганда 23,6 баллдан 10,7га тушиб, индексда ижобий натижа қайд этилган. Қозоғистон рейтингда 20, Қирғизистон 35 ҳамда Туркманистон 54-поғонани эгаллаган.

Энг ёмон натижани яъни 53,6 балл билан энг охирги рўйхатда 117-ўринни Марказий Африка республикаси банд этган. Шунингдек, Покистон (94-ўрин), Ҳиндистон (102-ўрин) ва Афғонистон (108-ўрин) ҳам индексда ёмон натижа қайд этган давлатлар қаторига кирган.

Индексда энг яхши натижаларни Беларусь, Босния ва Герцеговина, Болгария, Чили, Коста-Рика давлатлари қайд этган.

Таҳлилга кўра, 0 дан 10 баллгача натижа «очлик даражасининг пастлиги», 10 дан 19,9 гача «ўртачалиги», 20 дан 34,9 гача «жиддий даражадаги очлик мавжудлиги», 35 дан 49,9 баллгача эса «хавфли даражадаги очлик ҳолати мавжудлигини» ва 50 дан баланд индекс «ўта хавфли очлик кўрсаткичи»ни англатади.

    Х  Х  Х

Ўзбекистоннинг Андижон, Наманган, Фарғона вилоятлариида истиқомат қилувчи Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолияти таъқиқланган «Хизб ут-Тахрир» диний-экстремистик ташкилотининг бир гуруҳ аъзолари жиноий фаолиятига чек қўйилди

Спутник сайтига кўра, ушбу шахсларнинг аксарияти муқаддам «Хизб ут-Тахрир» диний-экстремистик ташкилотига аъзо бўлганликлари учун жазо муддатини ўтаб чиққан.

“Уларга кўрсатилган ижтимоий, ҳуқуқий ва маънавий кўмакка қарамасдан жиноий тил бириктириб аҳоли орасида ноқонуний тарғибот олиб бориб, «Хизб ут-Тахрир» ДЭТ ғояларини тарқатганлар ҳамда шу йўл билан сафларини кенгайтиришга қаратилган ғайриқонуний ҳатти-ҳаракатларни содир этганлар. Шунингдек, улар экстремистик ғояларидан воз кечган, муқаддам жазо муддатини ўтаб чиққан шахсларни ҳам қайта жиноят содир этиш йўлига чорлаганлар”, - дейилади ИИВ тарқатган хабарда. 

Ҳибсга олинган шахсларнинг яшаш манзилларида экстремистик мазмундаги адабиётлар мавжудлиги аниқланган ва улар процессуал тартибда расмийлаштириб олиб қўйилган.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов-суриштирув тадбирлари амалга оширилмоқда.