Коронавирус сабаб ҳувиллаб қолган Чжэнчжоу шаҳри кўчалари (фотожамланма)
(last modified Sun, 23 Feb 2020 09:04:46 GMT )
феврал 23, 2020 14:04 Asia/Tashkent
  • Коронавирус сабаб ҳувиллаб қолган Чжэнчжоу шаҳри кўчалари (фотожамланма)

Хитойда уч ҳафтадан бери янги турдаги коронавируснинг тарқалиши давом этмоқда.

Meduza’нинг ёзишича, россиялик фотожурналист Кира Голикова ўтган вақт мобайнида вирус топилган шаҳар — Ухандан 500 километр масофада жойлашган Чжэнчжоу шаҳрида яшаб келмоқда. У аҳолиси 10 миллионга яқин бўлган, бироқ ҳозир кўчаларида бирор одам кўринмайдиган Чжэнчжоу шаҳрининг бугуни ҳақида ҳикоя қилди.

Чжэнчжоуда 10 миллионга яқин одам истиқомат қилади, бироқ шаҳар январь ойининг охиридаёқ, Хитойда маҳаллий Янги йил байрами бошланиши арафасида бўшаб қолганди — аҳолининг аксарият қисми байрамни яқинлари даврасида кутиб олиш учун она шаҳарлари ва қишлоқларига тарқалиб кетган.

Вируснинг тарқалиши бошлангач, Чжэнчжоуда шаҳар транспорти ҳаракати тўхтатилди ва шаҳарлараро автобуслар қатнови бекор қилинди. Кўп ўтмай, супермаркетлар ва биринчи галда зарур маҳсулотлар савдоси билан шуғулланадиган майда расталарни ҳисобга олмаса, кўплаб дўконлар ва бошқа жамоат жойлари ҳам ёпилди. Ҳатто уйим олдидаги, мен одатда қаҳва сотиб оладиган KFC ҳам ёпилди.

Мени карантиннинг бешафқатлиги ҳайратда қолдирди — айрим уйларда хонадон эгаларига фақат махсус талон билан ҳафтасига икки марта ташқарига чиқишга рухсат бериляпти. Бошқа мамлакатлардан учиб келганларни эса ўз уйига икки ҳафтага қамаб, эшигини муҳрлашяпти, керакли нарсаларни эса улар учун тайинланган ёрдамчилар олиб келиб беряпти. Биз яшайдиган турар жой мажмуасида қизил боғич тақиб олган, худди дружинниклар ёки фуқаро муҳофазаси бўлинмаси аъзоларига ўхшаш одамлар пайдо бўлди — улар мажмуага киришда ҳатто ҳужжатларни ҳам текширяпти.

Чор-атрофга айлангани чиққанимда кўча бўм-бўш бўлса-да ниқобини ечмайдиган, унда-бунда ўтиб қоладиган ўткинчиларни кўраман. Бу манзара бир томондан қизиқ кўринади — чунки нормал шароитда Хитойни ҳувиллаб қолган ҳолда кўриш имконсиз. Бошқа томондан — бу манзара одамни қўрқитади ҳам.

Ҳозир Чжэнчжоу аста-секин уйғонмоқда. Кўчада одамлар кўпайиб қолган, кафе ва ресторанлар ҳам ишга киришяпти — улар ҳозирча фақат таом етказиб бериш билан шуғулланяпти. Бироқ шаҳар ҳали ҳам жуда кимсасиз кўринади. Шаҳар марказидаги майдонда Янги йил байрамининг «қолдиқлари» — декорациялар, чиқинди ва пакетларга тўла ариқлар, фойдаланилмай қолган лағмон қадоқларига гувоҳ бўлиш мумкин. Дорихоналарда ниқоб («маска»)лар йўқ ва захирам тугаса, кўчага қандай чиқишни ҳозирча билмаяпман — уйда бор-йўғи бешта ниқоб қолган.

Бироқ, менинг фикримча, коронавирус атрофидаги ваҳима бироз бўрттирилган. Одамлар янгиликларга бироз танқидий ёндашишларини ва текширилмаган ахборотни тарқатмасликларини хоҳлардим — акс ҳолда оммавий ақлдан озиш ҳеч гап эмас.