Ӯзбекистон ӯтган ҳафта давомида
"Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнида жорий йилнинг 24 феврал—1 март кунлари ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий воқеалар тӯғрисида сизга маълумот берамиз.
Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача шарҳи билан танишинг:
- Ўзбекистон ва Қозоғистон 500 млн долларлик 30 та келишув имзолашди.
- Толибон раҳбари Шавкат Мирзиёевга миннатдорчилик билдирди.
- Ўзбекистон ТИВ раҳбари Афғонистон тинчлик музокарасида иштирок этди.
- Ўзбекистон ҳукуматида жиддий ўзгаришлар юз берди.
- Ўзбекистонга келган 6 минг хорижий фуқароларда коронавирус аниқланмаган.
- Гулнора Каримова Мирзиёевга мактуб ёзиб ўз озодлиги эвазида пуллардан воз кечишга тайёрлигини маълум этди.
- Ўзбекистон собиқ бош прокурори 5 йилга озодликдан маҳрум этилди.
- Туркияга турмушга чиққан ўзбекистонлик келинлар сони маълум бўлди.
Энди энг муҳим мавзуларнинг тафсилотига ӯтамиз:
Арипов: Ўзбекистон ва Қозоғистон 500 млн долларлик 30 та келишув имзолашди
Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов қозоғистонлик ҳамкасби Асқар Мамин билан учрашувдан сўнг 25—26 февраль кунлари бўлиб ўтган Иккинчи минтақалараро ҳамкорлик форуми доирасида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида умумий қиймати 500 миллион доллар бўлган 30 та келишув имзоланганини тасдиқлади.
Дарё сайтининг хабар қилишича, Абдулла Арипов 2019 йилда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 4,1 миллиард долларга етганини таъкидлади. Икки мамлакатнинг жорий йилги мақсади ўзаро савдо ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш ва ўрта муддатли истиқболда бу рақамни 10 миллиард долларга чиқариш ҳисобланади.
Ўзбекистон бош вазирининг сўзларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда Қозоғистон капитали иштирокида 827 та корхона фаолият кўрсатмоқда, уларнинг 300 дан ортиғи ўтган йилнинг ўзида тузилган.
Абдулла Арипов жорий йилда икки мамлакат ҳукуматлараро комиссия ва ишбилармонлар кенгаши йиғилишини ўтказиш кераклигини айтди. Шунингдек, бош вазир ҳар икки мамлакатда таълим кунларни ўтказишни шунингдек, фан ва соғлиқни сақлаш соҳасида фаол ҳамкорликни давом эттиришни таклиф қилди.
Форумда сўзга чиққан Қозоғистон бош вазири Асқар Мамин қўшни мамлакатнинг Ўзбекистонга қатор таклифларини ҳам билдирди.
Хусусан, у Чимкентдаги «Онтустик» махсус иқтисодий зонаси негизида Қозоғистон—Ўзбекистон енгил саноат кластерини ривожлантириш бўйича ишларни давом эттириш ва Қозоғистоннинг Туркистон вилояти, шунингдек, Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хоразм вилоятларининг диққатга сазовор жойлари бўйлаб сайёҳлик йўналишини яратиш таклифини билдирди.
Асқар Маминнинг сўзларига кўра, Қозоғистон улгуржи савдо ва логистика марказлари тармоғини яратмоқда, бу маҳсулотларни етказиб бериш занжирини оптималлаштирмоқда ва уни сақлаш ҳамда тарқатиш учун зарур шарт-шароитларни яратмоқда.
Х Х Х
Молия вазири Жамшид Қўчқоров ўз лавозимидан озод этилиб, молия вазири этиб биринчи ўринбосари — Тимур Ишметов тайинланди. Бу ҳақда бош вазир Абдулла Арипов раислигида ўтказилган селектор мажлисида маълум бўлган.

Жамшид Қўчқоров Молия вазирлиги лавозимидан олинган ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазири лавозимига тайинланган.
У янги лавозимда Ботир Хўжаев ўрнида иш бошлайди. Шу билан бирга бош вазир ўринбосари лавозимини сақлаб қолади. У бош вазир ўринбосари сифатида камбағалликни қисқартиришга ҳам масъул бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Жамшид Қўчқоров 2017 йил ноябрида Молия вазири этиб тайинланган, 2019 йил февралидан Бош вазир ўринбосари — Молия вазири сифатида ишлаб келаётган эди.
Тимур Ишметов 2019 йилнинг май ойида молия вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланганди. Аввалроқ у Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.
Маълумот учун, Тимур Ишметов 1979 йилда Тошкентда туғилган. 2000 йилда Тошкент молия институтини, 2005 йилда Birmingem университетининг International Money and Banking йўналишида магистратура босқичини, 2007 йилда Тошкент юридик университетини тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини 2000 йилда Марказий банк иқтисодчиси лавозимидан бошлаган. 2017 йил апрелигача турли лавозимларда фаолият кўрсатди. Жумладан, турли вақтларда Марказий банкнинг Монетар операциялар департаменти, Халқаро резервларни бошқариш департаменти, Ички валюта бозоридаги операциялар ва Валюта бошқаруви ва назорати департаментига раҳбарлик қилди.
Тимур Ишметовнинг ўрнига Насриддин Хўжаев молия вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланиши кутилмоқда.
Шу кунга қадар иқтисодиёт ва саноат вазири лавозимида ишлаб келган Ботир Хўжаев эса бош вазир маслаҳатчиси лавозимига тайинланган. У ҳукумат раҳбарига саноат ва кооперациялар бўйича маслаҳатчи бўлади.
Нодир Отажонов эса бош вазир маслаҳатчиси лавозимидан озод этилиб, «Ўзагротехсаноат» ташкилотидаги раҳбарлик лавозимини сақлаб қолган.
Х Х Х
Ўзбекистон ССВ ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги коронавирусга қарши марказий штабининг хабар қилишича 15 январдан бугунгача 6 минг хорижий фуқаролар ҳам термометриядан ўтказилган ва уларда коронавирус аниқланмаган.
Олдин Хитойдан учта чартер рейс орқали Ўзбекистонга олиб келинган ҳамда тиббий кузатувдаги фуқароларнинг термометриядан ўтказиш, ниқобларни ўз вақтида алмаштириш ва хоналарни шамоллатиш ҳамда намли тозалаш ишларини ўтказилиши малакали эпидемиологлар томонидан назоратга олинганди.
Шунингдек, дезинфектор мутахассислар томонидан кунига икки маҳал ётоқхоналар, ваннахоналар ва ошхона зарарсизлантирилмоқда. Ошхонада ишлатилган идиш-товоқларни зарарсизлантириш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Юқумли касалликлар шифокорлари томонидан икки маҳал тиббий кўрик ўтказилмоқда. Фуқаролар орасида тана ҳарорати меъёрдан кўтарилган ва коронавирус инфекцияси белгилари мавжуд фуқаролар аниқланмади.
Х Х Х
Гулнора Каримова Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилиб, ўз озодлиги эвазига пуллардан воз кечишга тайёрлигини маълум қилди. Унинг очиқ хатини қизи Имон Каримова Instagram саҳифасига жойлаштирган.

Спутник сайтига кўра, Ўзбекистон биринчи президентининг тўнғич қизи сўнгги йилларда соғлиғига жиддий путур етгани, зудлик билан жарроҳлик амалиётига муҳтожлигини баён қилган.
“Оилам ва соғлиғимни сақлаб қолиш учун тўғри шароитда пул маблағларига нисбатан ҳар қандай даъводан воз кечишга тайëрман”, - дея ёзган Гулнора Каримова.
Қайд этилишича, у оиласининг ихтиëрида қолган ва Швейцария банкларида музлатилган 686 миллион долларни давлат фойдасига беришга тайёр.
Каримованинг сўзларига кўра, суд жараёнга қарамасдан унинг ҳар қандай мурожаатларини рад қилмоқда. У ушбу масалага тўғри ёндашишдан давлат ҳам наф кўриши мумкин деб ҳисоблайди, зеро катта миқдордаги пуллар мамлакат учун зарур бўлган инсонпарварлик лойиҳаларига (тиббиёт, таълим ва бошқа) сарфланиши мумкин.
"Биз фарзандларимиз – унинг набиралари билан - орадан 7 йил ўтиб, яна оиламиз билан бирга яшашга ишонамиз ва бунинг учун Сиздан миннатдор бўламиз”, - деб сўзларига якун ясаган Гулнора Каримова.
Х Х Х
Ўзбекистон Ҳарбий судида мамлакат Жиноят кодексининг 210-моддаси ва бошқа моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланган собиқ бош прокурор Отабек Муродов ҳамда ДХХ собиқ раиси I. Абдуллаев ва унинг ўринбосари Ж. Игамовларга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.
Дарё сайтига кўра, ўтказилган ёпиқ суд мажлисида судланувчиларнинг, етмишдан ортиқ жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланиб, муҳокама қилинди. Дастлабки тергов органи томонидан тўпланган далилларга баҳо берилиб, судланувчиларнинг важлари текширилди.
Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, судланувчи О. Муродовни бир қатор жиноятларни содир этганликда айбли деб топди.
Судланувчи О. Муродовга нисбатан жазо чорасини белгилашда суд Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва жиноят қонунчилигида белгиланган инсонпарварлик ва адолат тамойилларига ҳам асосланди.
Хусусан, судланувчининг содир этган жиноятлари учун чин кўнгилдан пушаймон эканлиги ва жиноий қилмишларни фош қилишда фаол ёрдам берганлиги ҳамда жиноят оқибатида етказилган зарар тўла қопланганлиги эътиборга олинди.
Натижада, содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, судланувчининг шахси, оилавий аҳволи, яшаш жойидан ижобий тавсифлангани каби жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар эътиборга олиниб, О. Муродовга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Шунингдек, суднинг ҳукмига кўра, I. Абдуллаевга 19 йил, Ж. Игамовга 19 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, ҳар бири муайян муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.