Си Цзиньпин коронавирус ўчоғи ҳисобланган Ухан шаҳрига ташриф буюрди (видео)
Хитой раиси Си Цзиньпин коронавирус ўчоғи ҳисобланган Ухан шаҳрига эпидемия бошлангандан кейин биринчи марта ташриф буюрди. У шаҳарга маҳаллий ҳокимият эпидемияга қарши қандай курашаётганини текшириш мақсадида келган.
Хитой етакчиси тиббий ниқобда шаҳарнинг деярли кимсасиз кўчалари бўйлаб юриб ўтган. Аҳолига ҳамон ўз уйларини тарк этиш тақиқланган. Бироқ хитойликлар уйлари балконларига чиқиб, Си Цзиньпинни қутлашган. Хитой раиси ҳам бунга жавобан одамларга қўлини силкитиб қўйган.
Хитой етакчиси коронавирусга чалинганлар учун махсус қурилган Хошэньшань шифохонасида бўлиб, у ерда ойна ортидан шифокорлар ва беморлар билан суҳбатлашган. Си Цзиньпин эпидемия яқин орада тугашини айтиб, уларнинг кўнглини кўтарган.
Си Цзиньпиннинг Уханга келиши ортида шаҳарда коронавирусга чалинганлар учун ташкиллаштирилган 14 та вақтинчалик госпиталнинг барчаси эпидемиологик вазият яхшилангани ва касаллар камайгани сабабли ёпилгани эълон қилинди. Коронавирусдан соғайиб кетган охирги 49 кишига уйларига кетишга рухсат берилган.
Ухан жойлашган Хубэй провинцияси маъмурияти аҳолининг ҳаракатланишига тақиқловни яқин орада олиб ташлашни режалаштирмоқда.
Эпидемия бошидан бери Хубэйда 67760 та, жумладан Уханда 49965 та касалланиш ҳолати қайд қилинган. Касалликка йўлиққанлардан 47585 нафари соғайиб кетган, 3024 киши (Уханда 2404 киши) вафот этган. Айни вақтда провинцияда 17151 киши шифохоналарда қолмоқда.