Эрон табиатининг жозибали манзаралари (3)
Шаҳдод қум тепаликлари
Ӯтган суҳбатимизда Лут саҳроси ҳақида тӯхталган эдик. Бу жозибали саҳронинг энг сирли минтақаларидан бири Шаҳдоддаги қум тепаликларидир.
Қум тепаликлари узоқдан осмонӯпар бинолари харобазорга айланган шаҳарга ӯхшаб кӯринади. Бу қум тераликларини Лут чӯлининг муъжизали табиати вужудга келтирган.
Айримлар бу минтақани арвоҳлар шаҳри, бошқа бировлар эса хаёлий шаҳар деб аташади.
Йил бӯйи туристларнинг таважжуҳини ӯзига жалб этган бу минтақа "Нэшнл Географик" журнали томонидан дунё табиатининг жозибали тӯртинчи обидаси сифатида тан олинган.
Қум тепаликлари табиатнинг нодир ҳодисаси ҳисобланади. Улар шамол ва сувнинг сир-синоатли ҳамкорлигида вужудга келади. Айтиш жоизким, бу жозибали тепаликлар ернинг 20 минг йиллик емирилишининг ҳам маҳсулидир.
Қум тепаликларининг шаклланишини содда қилиб тушунтирмоқчи бӯлсак, булар чӯлдаги тошларнинг емирилишидан пайдо бӯлган. Лут саҳроси чексиз текисликдан иборат бӯлиб, шамолларнинг жавлон уришига муносиб маскандир. Бу шамоллар гоҳида қутуриб, тӯфонга, ёхуд ӯша қум бӯронига айланади.Систон томонидан саҳрога қараб эсадиган 120 кунлик қаттиқ шамол ҳам бу муъжизаларнинг вужудга келишини таъминлайди.
Қум тепаликларининг шаклланишида Лут саҳросидаги ягона шӯр сувли дарё ҳам ӯзига хос аҳамиятга эга. Зеро, намлик қум тепаликларининг деворларини намлаб, уларнинг емирилиш суръатини тезлаштиради.
Биржанд шаҳрининг шимолий-ғарбий тоғларидан бошланувчи бу дарё деярли йил бӯйи серсувдир. Бу дарё суви жаҳондаги энг шӯр сув ҳисобланади. Дарё суви ӯз ҳаракат манзилининг сӯнгида туз конининг ғорига бориб қуйилади.
Қум тепаликлари Лут саҳросининг деярли барча ҳудудларида тарқоқ ҳолда учрайди. Аммо дунё табиатининг нодир ҳодисаси сифатида тан олинганлари Шаҳдод қум тепаликларидир.
Шаҳдод қум тепаликлари Кирмон вилоятидаги Шаҳдод шаҳри яқинида жойлашган бӯлиб, бу ҳудуд 11 минг км. квадратни ташкил қилади.
Лут саҳросидаги биринчи илмий-тадқиқот ишлари 1937 йили Австриялик олимлар томонидан амалга оширилган.
Қум деворлар минтақасида деярли мутлақо ҳаёт мавжуд эмас. Айтишларича, ҳали бу ҳудуднинг барча жойларига инсоннинг қадами етиб бормаган.
Қум тепаликлари узоқдан харобазорга айланган шаҳарни эслатгани учун кишининг зеҳнида , эҳтимол, бу минтақа қадимий маданият масканидир, деган тасаввур уйғотади. Аслида бундай эмас.
Аммо Шаҳдоддаги қум тепаликлари яқинида 6 минг йиллик тарихга эга тамаддун нишоналари кашф этилган. Шаҳдод қабристонидан кӯпгина сопол ёдгорликлар, ҳайкалчалар, зеб-зийнат буюмлари билан бирга дунёнинг энг қадимги байроғи – Шаҳдод байроғи топилган.
Қайд қилиш жоизким, Шаҳдод қум деворлари ҳудуди яшил, тӯқ сариқ ва қизил каби уч минтақага ажратилган. Яшил минтақани барча сайёҳлар томоша қилишлари мумкин. Аммо тӯқ сариқ ва қизил минтақаларга кириш учун махсус ижозатнома олиш зарур. Махсус минтақаларга фақатгина мутахассис назоратида кириш мумкин. Зеро, сир-синоатли Лут саҳросида ҳатто мутахассисларнинг ҳам адашиб қолишлари эҳтимоли мавжуд.
Заминшунослик илмида нодир ҳодисалар ҳисобланган Шаҳдод қум тепаликларини кӯриш учун энг муносиб фурсат қуз ва илк баҳор мавсуми ҳисобланади.
“Миллионлаб юлдузли меҳмонхона” деб юритиладиган Шаҳдод лагерининг фойдаланишга топширилиши қум деворлар шаҳрига ташриф буюрадиган саёҳатчиларнинг саҳрода тунаб қолишларига муносиб шароит муҳайё қилинган. Энди туристлар нафақат қум теппаликлари, балки бу сирли саҳронинг тунги гӯзал осмони томошасидан ҳам лаззатланишади.
Бус-бутун табиий материаллардан тайёрланган 40 та ӯтов мажмуасидан иборат бӯлган бу лагер Шаҳдод шаҳридан 20 километр узоқликда саҳронинг ҳаёт мавжуд бӯлган сӯнгги нуқтасида қурилган.
Лагер шафқатсиз шамол ва тӯфонлардан панада, қум тепаликларининг орасида бунёд этилган.