апрел 29, 2020 00:53 Asia/Tashkent
  • Қуръоний башоратлар (3)

Азизлар, бу муборак ойда тоат-ибодатларингизни  Аллоҳ  ӯз даргоҳига  қабул айласин. Бугун рамазон ойидаги сабр-тоқат мавзусида суҳбатлашамиз.

“Бақара” муборак сурасининг 155-156-ояти карималарида Аллоҳ собирлар(сабрли)ларга башорат берган:

وَلَنَبْلُوَنَّكُم بِشَيْءٍ مِّنَ الْخَوْفِ وَالْجُوعِ وَنَقْصٍ مِّنَ الْأَمْوَالِ وَالْأَنفُسِ وَالثَّمَرَاتِ ۗ وَبَشِّرِ الصَّابِرِينَ ﴿١٥٥ الَّذِينَ إِذَا أَصَابَتْهُم مُّصِيبَةٌ قَالُوا إِنَّا لِلَّـهِ وَإِنَّا إِلَيْهِ رَاجِعُونَ ﴿١٥٦

Таржимаси:

Албата, Биз сизларни бир оз қўрқинч ва очлик билан, мол-мулкка, жонга,  меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга башорат бер. (155) Улар мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва, албатта, биз Унга қайтувчимиз», дерлар. (156)

Биз яшаётган моддий оламда қийинчилик ва машаққатлар мавжуд. Баъзида бу машаққатлардан  тоқати тоқ бӯлган одамизоднинг руҳи азият чекади. Айниқса, аҳли башарнинг ақл-тафаккурини коронавирус балосининг хавф-хатари қамраб олган кейинги ойларда кишилар жуда кӯп руҳий азият чекишди.

Ҳаётнинг турли ҳолатларида руҳий босимларни иложи борича камайтириш учун  нима қилиш керак?

Қуръони каримда “сабр” сӯзи юздан ортиқ маротиба ишлатилган. Сабр ӯта муҳим нарса бӯлгани сабабли сабрсизлик ва камсабрлиликдан ҳам Худодан паноҳ излашади. Ояти карималар мазмунидан англашилишича иймон бадан бӯлса, сабр шу баданнинг боши ҳисобланади. Қӯл-оёғидан ажралган инсон яшашда давом этиши мумкин,  аммо боши кесилган бадан ҳеч қачон тирик қололмайди.

Сабрсиз инсоннинг иймони мукаммал эмас. Сабрсиз киши учун  жаннатнинг эшиклари ёпиқ.

“Раъд” муборак сурасининг 24-ояти каримасида келтирилишича, қиёмат куни иймон аҳли жаннатга кираётган пайти фаришталар уларга салом айтиб,  дейишади:

«Сабр қилганингиз учун сизларга Салом бўлсин! Бу оқибат диёри қандай ҳам яхши!!!» (дерлар). (Мазкур жаннатга ҳузур-ҳаловатлари янада тўлиқ бўлсин учун ота-оналари, эр ёки хотинлари ва ўғил-қизлари ҳам қўшилиб кирадилар. Аммо шарти бор. Ўша ота-оналар, жуфти ҳалоллар ва зурриётлар аҳли солиҳ бўлишлари керак. Аҳли солиҳ бўлмасалар, кира олмайдилар. Адн жаннатлари катта неъмат, унга кирганлар улуғ мақомга эришадилар.) (24)

Яъни фаришталар мӯмин банданинг барча аъмоллари, тоат-ибодат ва савоб ишлари орасидан сабрни танлаб, уни жаннатга эришишнинг асосий сабаби деб билишади.

Ҳаётда ҳар қандай қийинчилик ӯзича  кишининг ёқимсизлик даражасига қараб инсоннинг руҳига азият беради. Сабр эса ёқимсиз ҳолатлар қаршисида кишининг иродасини тоблайдиган, уни мустаҳкамлайдиган воситадир. Аллоҳга иймон келтириб, Унинг хайрихоҳлигига  ишонган киши қийинчиликларга сабр қилиб, қазо ва қадарга тан бериш воситасида бу қийинчиликларни ривожланиш ва камолотга етиш пиллапояларига айлантиради.

Ҳаётдаги қийинчиликларни зарарсиз равишда ортда қолдириш учун Аллоҳ қандай дори белгилаганини билиш учун яна самовий китобимизга мурожаат қилишга мажбурмиз: Буюрилади:

Эй иймон келтирганлар! Сабр ва намоз ила мадад сўранглар. Албатта, Аллоҳ сабрлилар биландир. (Демак, мўмин-мусулмон банда мазкур қийинчиликларни енгиш учун катта миқдордаги сабрга эга бўлиши керак. Аммо ҳамма нарсанинг чегараси бўлганидек, гоҳида сабр ҳам тугаши, сусайиши мумкин, бундай ҳолатда намоз ёрдамга келади. Намоз битмас-туганмас ёрдамчи, кучга-куч, қувватга-қувват бахш этувчи, қалбга мадад берувчи, сабрга-сабр қўшувчи, сокинлик ва хотиржамлик манбаидир. У ожиз, заиф одамни қувват ва ёрдамнинг асл манбаи бўлмиш Аллоҳ таолога боғловчи воситадир.) (153) (“Бақара”, 153-оят).

Ҳаётдаги қийинчиликлардан шикастланган руҳимизнинг жароҳатларига малҳам сифатида маънавият дорихонасидан учта сӯз тавсия қилинган. Булар: иймон, сабр ва намоз.

Муфассирлар бу ояти каримадаги сабрни рӯза дея шарҳлашади. Зеро, сабр рӯза билан уйғунашиб кетган. Очлик ва ташналикка сабр қилиш, гуноҳлардан ӯзини тийиш, қийинчиликларга тоқат қилиш. Буларнинг барчаси рӯзада мавжуд бӯлиб, унинг натижаси эса руҳий юксалиш, маънавий камолот ва Аллоҳга қурб(яқинлик) ҳосил қилишдир.

Аллоҳнинг расули Муҳаммад Мустафо (с) рамазон ойини сабр ойи деб атаб, буюрадилар: “Эй одамлар! Яқинлашиб келаётган ойда минг ойдан афзал бӯлган қадр кечаси бор. Бу ой рамазон ойидир. Аллоҳ бу ойда руза тутишни фарз қилди... Бу ой сабр ойидир”.

Намоз ҳам сабрнинг жилваларидан биридир. Намозда Аллоҳ билан унс тутиниб, суҳбатдош бӯлган инсон ҳеч қандай ҳолатда ӯзини йӯқотиб қӯймайди, ёлғизликдан азият чекмайди.

Ривоят қилинишича Ҳазрат Али (а) бирор-бир қийинчиликка дуч келгани чоғи икки ракъат намоз ӯқиб, Аллоҳдан ёрдам сӯрарди. Намозхон  “Аллоҳ акбар!”  дея такбир айтиб, намозга киришган пайти Аллоҳнинг буюклигини бутун вужуди билан ҳис қилади ва оламдаги барча нарсалар унинг назарида кичик ва арзимас бӯлиб туюлади.

Ӯйлаб кӯринг, самолёт қанчалик баланд кӯтарилса, йӯловчилар назарида пастда қолган шаҳар ва қишлоқлар борган сари кичрайиб кӯринаверади. Худди шу каби Илоҳий ишқ ҳудудларига йӯл топиб, Аллоҳнинг қурбатига эришган кишиларга дунёнинг мол-матоси ҳамда зар ва зӯр соҳиблари арзимас бӯлиб кӯринаверади.

Айтиш жоизким, муаммо ва қийинчиликлар инсоннинг иродасини тоблаб, унинг маънавиятини камолотга етказади. Ҳазрат Али (а) бу мавзуда буюрадилар: “Аллоҳ бандаларининг қалбларини  кибр-ғурурдан поклаш, ҳамда Худонингфазл ва раҳматининг эшиклари юзларига очилиши учун уларни турли қийинчилик ва муаммоларга юзлантиради”.

Сабр жамиятни тарбиялаш мактаби бӯлиб, унинг бир қанча жабҳалари бор. Сабр жанг пайтида ғайрат-шижоат, гуноҳ остонасида ӯзини қӯлга олиш воситасидир. Сабр ибодат пайти ҳам тоат ва бандаликнинг заминаларини вужудга келтиради.

Исломий таълимотда сабр қийинчилик ва муаммолар қаршисида тоқатлилик ила истиқомат қилишни англатади. Шу сабабли Қуръони каримнинг кӯплаб оятларида Аллоҳ ӯзини собирларнинг дӯсти деб атайди.

 

 

 

Ёрлиқ