Қуръоний башоратлар (7)
(last modified Wed, 06 May 2020 09:16:36 GMT )
май 06, 2020 14:16 Asia/Tashkent
  • Қуръоний башоратлар (7)

Азизлар, тоат-ибодатларингизни Аллоҳ улуғ даргоҳига қабул айласин!

Қуръони каримнинг кӯплаб оятлари бу оламда биз билган моддий омиллардан кӯра бошқа омиллар кӯплигидан далолат беради. Самовий китобимизда бундай омиллар  “Ғайб олами” истилоҳи билан тилга олинган. Шунингдек, у мӯминларга ғайб оламига иймон келтириш ва бу оламдан келадиган кӯмакка ишонишни тавсия қилган. Аллоҳнинг каломида бундай ғайбий, яъний Илоҳий кӯмаклар ҳақида кӯплаб мисоллар мавжуд. Масалан, “Оли Имрон” муборак сурасининг 125-126-ояти карималарида буюрилади:

بَلَىٰ ۚ إِن تَصْبِرُوا وَتَتَّقُوا وَيَأْتُوكُم مِّن فَوْرِهِمْ هَـٰذَا يُمْدِدْكُمْ رَبُّكُم بِخَمْسَةِ آلَافٍ مِّنَ الْمَلَائِكَةِ مُسَوِّمِينَ ﴿١٢٥ وَمَا جَعَلَهُ اللَّـهُ إِلَّا بُشْرَىٰ لَكُمْ وَلِتَطْمَئِنَّ قُلُوبُكُم بِهِ ۗ وَمَا النَّصْرُ إِلَّا مِنْ عِندِ اللَّـهِ الْعَزِيزِ الْحَكِيمِ ﴿١٢٦

«Ҳа (кифоя қилади)! Агар сабр ва тақво қилсангиз, улар шу пайт келиб қолсалар ҳам, Роббингиз сизга белгили беш минг фаришта ила мадад беради». (125) Аллоҳ буни фақат сизга суюнчилик ва қалбингиз таскин топиши учунгина қилди. Аслида, нусрат азиз ва ҳаким Аллоҳнинг ҳузуридандир. (126)

Дунёдаги барча диний ва сиёсий мактаблар ӯз издошларининг қалбида умид руҳиясини мустаҳкамлаш учун ёруғ келажак ғоясини илгари суришади. Илоҳий пайғамбарлар ӯзларининг уйғониш ҳаракатларини бошлаган кундан бошлаб ҳақ ва ботил жабҳалари ӯртасидаги қақшатқич кураш бошланди. Бу курашнинг бир томонида адолатли тавҳид тизимини жорий қилиш тарафдори бӯлган анбиёлар, иккинчи томонида эса ширк ва зулм-зӯравонликни пеша айлаган ҳукуматлар. Бу омонсиз кураш жараёнида агар порлоқ келажак ғояси бӯлмаганда ҳақ жабҳаси мағлуб бӯлиши мумкин эди. Аллоҳ таъоло ҳақ жабҳасининг мағлуб бӯлмаслиги учун вақт-вақти билан ғайбий кӯмаклар қилар – оятлар ваҳий қилиш орқали уларга ёрдам ва ғалаба ваъдасини бериб, охир-оқибат бу курашда ҳақ жабҳаси ғолиб келишини таъкидларди.

Қуръони каримда “ғайб кӯмаги” ибораси ишлатилмаган, аммо кӯплаб оятларда Аллоҳнинг ғайбий кӯмаклари ҳақида ишора қилинган. Кӯзга кӯринмас қӯшиннинг юборилиши, мӯминларга фаришталар орқали кӯмаклашиш, мӯминлар қалбида хотиржамликни вужудга келтириш, душман қӯшинини оз сонли қилиб жилвалантириш, қушлардан иборат қӯшинни юбориш ҳолатлари каби.

“Оли Имрон” муборак сурасининг 125-126-ояти карималарида Бадр жангида фаришталар орқали ислом лашкарига етказилган кӯмак тасвирланади. Ислом тарихидаги бу муҳим жанг Қуръони каримнинг кӯплаб оятларида тилга олинган. Бу жанг мусулмонларнинг ислом байроғи остидаги биринчи жанги ҳисобланади.

Бадр жангида ислом лашкари  душман  қӯшинига қараганда анча кам, уларнинг уруш қуроллари ҳам анчайин заиф эди. Аммо мусулмонлар  Илоҳий ғайбий кӯмак -- фаришталар ёрдами билан ғалабага эришишди ва Аллоҳнинг қудратини ӯз кӯзлари билан мушоҳада қилишди. Аллоҳ таъоло бу кӯмак орқали мужоҳидларни хурсанд қилиб, қалбларига қувват бахш этади.

Қуръони карим нуқтаи назаридан Илоҳий кӯмак етиши учун 4 шартга риоя қилиниши лозим:

1.Иймон.

2.Мужоҳидат.

3.Ихлос.

4.Сабр ва истиқомат.

Мусулмонлар қатъий иймон билан қийинчиликларга сабр қилиб, ихлос билан ҳақ йӯлида жиҳодга киришган ва бутун вужудлари билан сай-ҳаракат қилган пайти Илоҳий кӯмак уларга насиб этади.

Бадр жанги ҳақидаги ояти карималарда фаришталарни мӯминларнинг кӯмагига юборишнинг шарти уларнинг сабр ва тақвоси эканлиги таъкидланган.

Аллоҳ бу кӯмакнинг ҳикматини мӯминларнинг қалб хотиржамлиги дея таърифлайди. Хотиржамлик фавқулодда руҳий ҳолат бӯлиб, инсон бундай ҳолатда ҳар қандай қийинчиликни бартараф этишга қодир.

Имом Хумайний (р.а) ёзади:”Одам ӯрганган ҳар бир нарса аввалига илм босқичидадир. Бу нарса кейинги босқичда иймонга айланади”.

Иймон қалбга муҳрланган, қалб эса унга ишонган илмдир. Иймон такомиллашган сайин киши учинчи босқич, хотиржамлик босқичига етади.

Кейинги босқичда инсон Аллоҳ таъоло бу дунёда намойиш этган қудратни мушоҳада қилади. Одамизод фарзанди Аллоҳ йӯлида барқарор қолгач, Худо унга ӯз кӯмагини юборади. Илоҳий кӯмак унинг ҳаётида икки шаклда намоён бӯлади. Биринчиси – доимий шод ва умидворлик, иккинчиси -- хотиржам қалбидан барча шубҳа-гумонларнинг покланиши.

Динда банда ва Аллоҳ, яъни биз ва ғайб олами ӯртасидаги алоқа жуда ҳам аҳамиятлидир. Ислом ғайб олами ва бизнинг оламимиз ӯртасидаги маънавий алоқаларнинг мустаҳкамлиги иймон ва тақвомизга боғлиқ эканлигини таъкидлаган.