Қуръоний башоратлар (10)
(last modified Sat, 23 May 2020 13:31:50 GMT )
май 23, 2020 18:31 Asia/Tashkent
  • Қуръоний башоратлар (10)

 Қуръони каримнинг энг дилкаш башоратларидан бири парҳезкорларнинг жаннат билан сийланиши башоратидир.

Жаннат  тушунчаси ӯлимдан кейинги ҳаётга ишонувчи аксарият динларда мавжуд. Ислом таълимотига кӯра жаннат ҳар бир эзгу амал қилувчи инсон умрининг охири ҳисобланади. Қуръони карим жаннатни солиҳлар ва парҳезкорларнинг абадий маскани деб атайди. Самовий китобимиз инсонни жаннатга етказадиган нарсаларни аниқ белгилаб берган.

Бугунги суҳбатимизда “Шуро” муборак сураси 22-23-оятларида ифодаланган Аллоҳнинг башорати ҳақида суҳбатлашамиз.

Золимларни ўзлари касб қилган нарсалари(азоби)дан қўрқувчи ўлароқ кўрасан. Ҳолбуки, у уларга тушгувчидир. Иймон келтириб, солиҳ амалларни қилувчилар эса, жаннат боғларидадир. Улар учун Роббилари ҳузурида хоҳлаган нарсалари бордир. Мана шунинг ўзи катта фазлдир. (22) Ана ўша, Аллоҳ иймон келтириб, солиҳ амалларни қилган бандаларига бераётган хушхабардир. Сен: «Мен сиздан бу учун ажр эмас, фақат қариндошлик меҳринигина сўрайман», деб айт. Ким яхшилик қилса, Биз унга ўша ишида яхшиликни зиёда қилурмиз. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратли, ўта шукр қилгувчи зотдир. (23)

Бу ояти карималарда кишининг аъмоли унинг қиёмат кунидаги ҳаётига жиддий таъсир ӯтказиши тасвирланган. Ояти карималарнинг мазмунидан англашилишича, ёвуз амал қилувчи кишилар охир-оқибат дӯзахга гирифтор бӯлишади.

Ояти карималарнинг давомида кишининг саодатга эришишида иймон ҳамда солиҳ амалнинг муҳимлиги ҳақида сӯз юритилиб, бу икки нарса нажот топишнинг сабаби сифатида кӯрсатилади.

“Нисо” муборак сурасининг 124-ояти каримасида  солиҳ амалларни бажарган иймонли аёл ҳам, эркак ҳам жаннатга киритилиши уқтирилган:

Эркакми, аёлми–ким мўмин бўлган ҳолда яхшиликлар қилса, ана ўшалар жаннатга кирарлар ва уларга қилча ҳам зулм қилинмас. (Яхши амалларнинг мукофотини беришда эркагу аёлдан баробар иймон шарт қилиниб қўйилади. Иймон бўлмаса, бўлмайди. Иймони бўлиб туриб, яхши амалларни қилган ҳар бир эркагу аёл, ким бўлишидан қатъий назар, жаннатга кирадилар. Уларга бу дунёда қилган амалларининг мукофотини қилича ҳам қолдирилмай берилади.) (124)

Аллоҳ таъоло охират куни ҳар бир кишининг аъмоли Илоҳий адолат тарозисида ӯлчаниши ваъдасини берган.  Бу сарҳисобдан ёруғ юз билан чиққан кишиларга абадий жаннат башорати берилади. Ва уларга шундай мурожаат қилинади:

Бас, у розилик ҳаётидадир. (21) Олий жаннатдадир. (22) Унинг мевалари яқиндир. (23) Ўтган кунларда қилган нарсаларингиз туфайли енглар ва ичинглар, ош бўлсин. (24)

“Шуро” муборак сурасининг 24-ояти каримасида «الْفَضْلُ الْکَبِیرُ» ибораси орқали жаннат аҳли иймон ва солиҳ амаллар соҳибидирлар, аммо Аллоҳ ӯз фазлу карами ила уларнинг амаллари мукофотини кӯпайтириб, жаннат неъматларини ато қилади, дея уқтирилади.

Ва Роббиларига тақво қилганлар жаннатга гуруҳ-гуруҳ қилиб олиб борилдилар. Токи унга етиб келган чоғларида унинг эшиклари очилди ва унинг қўриқчилари уларга: «Сизга саломлар бўлсин! Хуш келдингиз! Бас, унга абадий қолгувчи бўлган ҳолингизда киринг», дедилар. (73) Улар: «Бизларга берган ваъдасини рост қилган ва бизга бу ерни мерос қилиб берган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Энди ундан хоҳлаган жойимизни оламиз», дедилар. Бас, амал қилувчиларнинг ажри қандай ҳам яхши бўлди! (74)

Аммо бу лаҳзада кофир ҳасратли оҳ чекиб, ӯтмишини бутунлай унутишни орзу қилади. Бу ҳолат “Набо” муборак сурасининг 40-ояти каримасида шундай тасвирланган:

Албатта, Биз сизларни яқин келажакдаги азобдан қўрқитдик. У кунда, ҳар киши (қўли) тақдим қилган нарсага назар соладир. Ва кофир «кошки тупроқ бўлиб кетсам», –дейдир. (40)

Жаннат ҳақидаги ояти карималар бир қаторга терилса, қалбларни қувонтирадиган дилкаш  манзара ҳосил бӯлади. Завқ-шавққа тӯлган жаннат аҳли шукроналар қилишади: Ӯз фазлу карами ила бизни шундай абадий роҳат-фароғат саройига киритиб,  ғам-андуҳимизни аритган Аллоҳга ҳамд ва шукроналар бӯлсин.