Андижонда ИИБ ходимлари томонидан қийноққа солинган фуқаро вафот этди (видео)
(last modified Sat, 13 Jun 2020 12:08:55 GMT )
июн 13, 2020 17:08 Asia/Tashkent

Кеча ижтимоий тармоқларда Андижонда ИИБ ходимлари томонидан руҳий ва жисмоний тазйиқ ўтказилиши натижасида гумондор фуқаро комага тушиб, охир-оқибат вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Бош прокуратура матбуот хизмати айни хабарни тасдиқлади. Унга кўра, шу йилнинг 30 май куни Республика шошилинч тез-тиббий ёрдам Андижон филиалига Андижон шаҳар, Салоҳият кўчасида яшовчи фуқаро А.Абдукаримов тан жароҳатлари билан олиб келинган. Ҳолат юзасидан Андижон шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилиб, шу куни Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сон ИИБ ходимларига нисбатан Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Аниқланишича, ИИБ ЖҚБ тезкор вакиллари иш юритувидаги ариза юзасидан фуқаро А.Абдукаримовни ИИБ маъмурий биносига олиб келиб, ҳаёти ва соғлиги учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб, ноқонуний равишда ушлаб туришган. Бунинг оқибатида А.Абдукаримовнинг соғлиғи ёмонлашгач, Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сон ИИБдан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиалига ётқизилган.

Олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида шу йилнинг 1 июнь куни 3 нафар ички ишлар ходимига нисбатан Жиноят кодексининг 206 (мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш), 234 (Қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш) ва 235-моддалари (Қийноққа солиш) билан айб эълон қилиниб, улар қамоққа олинган.

Жабрланувчи А.Абдукаримовга шифокорлар томонидан барча тиббий ёрдамлар кўрсатилган бўлишига қарамасдан, кеча – 11 июнь куни вафот этган. Жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, яқинда бўлиб ўтган тадбирда Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова кейинги йилларда ички ишлар органлари ходимлари томонидан қийноққа солиш ҳолатлари кўпайганини афсус билан қайд этганди.

https://sof.uz