Тубирун дараси
(last modified Sat, 13 Jun 2020 13:57:34 GMT )
июн 13, 2020 18:57 Asia/Tashkent
  • Тубирун дараси

Буюк Эроннинг беҳисоб диққатга сазовор жойлари орасида, иссиқ ва жазирама минтақа ҳисобланган Хузистоннинг марказида баланд ва барқарор тоғлар орасида жойлашган дилкаш бир дара бор. Бу даранинг ёқимли об-ҳавоси ва гўзал табиати саёҳат ишқивозлари учун ато этилган ноёб мукофотдир.

Охир-оқибат гўзал ва ёқимли жойга элтадиган саёҳатга отланиб, ушбу ажойиб дарага ташриф буюриш учун бугунги дастуримизда бизга ҳамроҳлик қилинг.

Эрон жанубида жойлашган Хузистон вилоятидаги Дезфул шаҳри Дезаз дарёси ҳамда тарихий келиб чиқиши туфайли алоҳида аҳамиятга эга. Ҳажми жиҳатидан бу шаҳар вилоятда Аҳвоздан кейинги иккинчи йирик шаҳар бўлиб, кўплаб тарихий ва табиий диққатга сазовор жойларга эга. 20 км узоқликда жойлашган ушбу шаҳарнинг дилкаш жойларидан бири бу "Тубирун" дараси ҳисобланади. Дара ичидаги салқин ва ёқимли атмосфера туфайли бу ном билан танилган.

Бу даранинг номи "ту" ва "бирун" деган иккита сўзнинг бирикмасидан иборат бўлиб, маҳаллий аҳоли лаҳжасида”ту” "иситма" деган маънони англатади ва "бирун" сўзи "кесиш ва йўқ қилиш" деган маънони билдиради. Демак, "Тубирун" - бу одамнинг иситмаси ўчириладиган ва танадан иссиқлик қочадиган салқин жой дегани. Бу ажойиб дарага ташриф буюриш учун энг яхши вақт баҳор ва ёз фаслидир. Даранинг ҳарорати шаҳарнинг бошқа жойларидан   20-25 даража фарқ қилганлиги сабабли, ёзнинг жазирама иссиғидан жон сақлашнинг энг яхши макони Тубирондир. Ушбу табиий ҳудудга саёҳат қилиш учун куз ва айниқса, қиш мавсумлари тавсия этилмайди, чунки   қаттиқ совуққа дош беришингизга тӯғри келади.

Тубирун дараси

Бу гўзал табиий ҳодиса минглаб йиллар давомида тошлар узра оқаётган сувнинг эрозияси натижасидир. Сув камайган пайти   даранинг  чуқурлиги зовур вазифасини бажаради ва ер ости сувларини тўплайди. Дара тубида йиғилгандан сўнг, сув оқими ҳосил бўлади ва бу сув дара   бўйлаб иккита кичик ва жуда чиройли шаршарани вужудга келтиради. Дарадаги ушбу махсус табиий шароитлар сабабли ташқарида ҳарорат 40 даража ва ундан юқори бўлсада, ичкарида ҳарорат 20-25 даражадан ошмайди. Ушбу ҳарорат фарқи иссиқ мавсумда Эроннинг жанубий аҳолиси учун жаннатни эслатади.

Тубирун дараси

Дарага киришда сиз дунёдаги энг машҳур  тарихий жойлардан бирини эслашингиз мумкин, чунки Дезфулнинг Тубирун дараси Иорданиянинг энг муҳим сайёҳлик масканларидан бири бўлган Petra шаҳрига ўхшайди. Дарага кириб, бир оз юрганингиз маҳали салқин шабада юзингизни сийпалаб, сизни ичкарига чорлайди. Қанча кўп юрсангиз, даранинг чиройи шунчалик очила боради: Ёввой анжир ва узум дарахтларидан тортиб даранинг деворларини яшил рангга бўяб ташлаган ӯт-ӯланлар ва ҳатто вақти-вақти билан юзингизга томчилаб турадиган зилол сув томчиларига қадар. Даранинг харсангтош деворлари сув томчилари ва ёввойи ўсимликлар билан тўлиб тошган. Жони  қаттиқ бу ёвойи гиёҳлар тошлар бағрини ёриб,  минг бир сай-ҳаракат билан бош кӯтариб, баъзида 100 метргача бӯй чӯзишган.

Тубирун дараси

Гўзал "Тубирун" дарасида оқаётган сув катта-кичик балиқларга лиммо-лим. Даранинг ажойиб томони шундаки, унинг кичик йўлаклари анча салқин ва уларнинг ичкарисига киришингиз билан ҳатто совқотишингиз мумкин. Ушбу йўлакчалар дам олиш учун ажойиб жойдир. Даранинг охирига қараб бир соат юрилгач, Бешаҳ деб номланган сув томчилаб турган жойга етиб борасиз. У ердан ӯтган кишининг бадани тӯлиқ ҳӯл бӯлади.

Тубирун дараси

Агар сиз ушбу афсонавий дарага сафар қилишни режалаштирмоқчи бўлсангиз, видео камерангизни йӯл халтасига жойлашни унутманг. Зеро, бунда тушда кӯрган каби ғаройиб манзаралар, бурама тошлар, тошлардан томаётган сув томчилари, баъзан бошларини кӯтариб атрофга сарак-сарак қиладиган катта-кичик калтакесаклар, ноёб ўсимликлар ва даранинг кўкаламзор манзараларини тасвирга тушириб, дӯстларингиз билан баҳам кӯришингиз мумкин.

 

 

Ёрлиқ