Эрон табиатининг жозибали манзаралари (14)
Чамо муз ғори
Эроннинг марказий минтақасидаги тоғли қисмларидан бири бўлган Чаҳормаҳол ва Бахтиёри вилояти ва унинг маркази Эроннинг томи деб аталувчи Шаҳрикурд мамлакатнинг энг муҳим экотуризм марказларидан биридир. Бу ҳудудда кўплаб гўзал кўллар, даралар, булоқлар, дарёлар ва табиий музликлар мавжуд. Аммо бу гўзаликларнинг гултожи, шубҳасиз, Чамо муз ғоридир.
Сайёҳларнинг фикрига кўра, бу ғор муз омборхонасига ўхшайди. Дарага қор жуда кўп ёғади ва тӯлиб оққан булоқ сувлари ҳаддан ташқари совуқ туфайли муз қотади. Бу муз йиғиндисига муз ва қорнинг янги қатламлари қўшилганда гўзал ва ҳайратланарли табиий манзара яратади. Бу ғор шу қадар гўзалки, Эронда бошқа бунга ўхшашини учратолмайсиз. Бунингдек гӯзал манзараларни томоша қилиш учун эса Россия ёки Исландияга саёҳат қилишингиз керак. Табиатнинг бу гўзал обидаси ҳақида кўпроқ билмоқчи бўлсангиз, бугунги дастуримизда бизга ҳамроҳлик қилинг.
Куҳранг туманидаги Чилгард шаҳридан 25 км узоқликда, Шайх Алихон қишлоғининг ёнида Чаҳормаҳол ва Бахтиёри вилоятининг энг ноёб ва ҳайратланарли ғорларидан бири бўлган Чамо муз ғори жойлашган. Чамо - бу Чам сўзининг кўплиги бўлиб, Бахтиёрий тилида Чам ўтлоқ, анҳор бўйидаги ўтлоқ ёхуд чаман маъносини англатади. Музли ғорнинг ёнида бир неча ям-яшил яйловлар борлиги сабабли, бу жой Чамо деб номланади.
Ғор аслида 50 метргача қор билан қопланган улкан омборга ўхшайди. Қишда тор дарага кӯплаб қорнинг тӯпланиши, қуёш нурининг дарага тушиши натижасида бу ерда гӯзал муз қандиллари вужудга келган. Ёзда қорнинг эриши натижасида музликнинг остки қисми эрозияланиб борган. Бу жараён аста-секин юз минглаб йиллар давомида муз ғорининг пайдо бўлишига олиб келган. Бу ғорда музли қандиллар ва улкан қор массалари барча фаслларда мавжуддир. Чамо муз ғори шунингдек, Эроннинг энг улкан чучук ва зулол сув манбаи ҳисобланади. Ғордаги музлар остида жуда совуқ ва зулол сувли булоқлар оқиб туради. Бу булоқларнинг суви Куҳранг сув омборига оқиб тушади.
Ушбу муз ғорига сафар қилган киши Куҳрангдан Чилгардга бориши ва ундан кейин Чилгарддан муз ғорига қадар 25 км масофани босиб ўтиши лозим бӯлади. Шайх Алихон қишлоғи ва гўзал шаршарасини ортда қолдириб, маршрутни давом эттириш керак. Ахрай Ранг тоғнинг самога бӯй чӯзган чӯққилари ва музли ғорнинг манзараси кӯз олдингизда намоён бӯлгач, тушингизнинг таъбири дуруст чиқаётганига ишона бошлайсиз.
Ғорга киришдан олдин, кӯзингиз кӯкаламзор саҳнидаги кўчманчиларнинг бир неча чодирларига тушиши табиий. Чодирлар ёнида эҳтимол, гўзал миллий кийим кийган бахтиёрий аёллар ва қизларни кўрасиз, улар анҳор сувида кир ёхуд жожим (қӯлда тӯқилган гилам) ювиш билан овворадирлар.
Шундан сўнг, сиз Чамо ўтлоғини кесиб ӯтган анҳорлар узра кӯприк мисоли ётқизилган ёғочларни босиб ӯтиб, чаққонлик билан тоққа кӯтарилишингиз зарур. Баландликка анча кӯтарилгач, тоғнинг нариги томонида, ҳайрат билан катта-катта очилган кӯзларингиз қаршисида афсонавий дара жилваланади. Дарани тӯлдирган қор уюмлари йиллар давомида тӯпланиб муз қотган.
Тоғнинг чўққисига чиққанда, қияликдан эниб, пастга тушасиз ва ёзнинг жазирама иссиғида қор тӯдасига оёқ босиб, худди тушдаги каби таърифлаб бўлмайдиган қувонч ва бахтни ҳис қиласиз. Муз устига қӯйган биринчи қадамларингиз жуда ҳам ғаройиб туюлмаслиги мумкин, аммо сиз ғорга чуқурроқ кириб борган сари ҳаяжонли саёҳатингизнинг энди бошланаётганини англайсиз. Қоятошлар ва ғорнинг оппоқ қорли томидан сизилиб тушаётган сув ўзининг ҳайратланарли геометрик фигуралари билан жуда антиқа кӯринишда бўлиб, кўплаб сайёҳларни ғорга яхшироқ зеҳн солиш ва унинг ичига чуқурроқ кириб боришга талқин қилади. Ғаройиб муз ғорининг тасвирлаб бӯлмас гӯзаллигига маҳлиё бӯлиб, танангизга эриган қор томчисининг томчилаётганидан роҳатланиб, ғордан ташқарига чиқишни пайсалга солаверасиз.
Афсонавий Чамо ғоридаги кӯнгилли саёҳатдан сӯнг бу гӯзал масканни умр бӯйи соғиниб яшайсиз.
Ёзнинг иссиқ кунлари бу гўзал ғорни зиёрат қилишнинг энг яхши вақтидир. Айниқса ёзнинг жаззирама иссиғида қиш қорларини кӯриш ва унинг совуқ ҳавосидан нафас олиш сайёҳлар учун жуда ёқимли бўлиб, бу ғорга ва унинг атрофларига саёҳат қилиш, айниқса соғлиғи туфайли салқин ва тутунсиз ҳавога муҳтож бўлганлар учун алоҳида аҳамият касб этади. Бошқа томондан, бу ғор ғорларни ӯрганувчи мутахассислар учун ҳам муъжизалар макони ҳисобланади.