Калий тузли шаршара
https://parstoday.ir/uz/news/uncategorised-i54478-Калий_тузли_шаршара
Қадимги ва тарихий диққатга сазовор жойлардан ташқари, Эронда кўплаб табиий жозибали маконлар ҳам мавжуд. Ана шундай  жуда чиройли ва ноёб табиий диққатга сазовор жойлардан бири - Калий тузли шаршара бӯлиб, у Эроннинг марказий чўл қисмидаги Хур ва Биёбонак минтақасида жойлашган.
(last modified 2020-09-05T15:05:11+00:00 )
сентябр 05, 2020 19:54 Asia/Tashkent
  • Калий тузли шаршара

Қадимги ва тарихий диққатга сазовор жойлардан ташқари, Эронда кўплаб табиий жозибали маконлар ҳам мавжуд. Ана шундай  жуда чиройли ва ноёб табиий диққатга сазовор жойлардан бири - Калий тузли шаршара бӯлиб, у Эроннинг марказий чўл қисмидаги Хур ва Биёбонак минтақасида жойлашган.

Бу дилкаш шаршара дунёда биринчи тузли шаршара ҳисобланади. Ушбу гўзал шаршара ҳақида кӯпроқ маълумотга эга бӯлиш учун бугунги дастуримизда бизга ҳамроҳлик қилинг.

Калий тузли шаршара ёки Тузли шаршара Хур ва Биёбонак  шаҳридан 40 км шарқда жойлашган. Хур ва Биёбонак шаҳри эса Исфаҳон вилоятининг энг шарқий қисмида, Исфаҳон шаҳридан 405 км узоқликдаги Эроннинг энг машҳур табиий диққатга сазовор жойларидан бири - Миср чўлининг ёнида жойлашган.

Дунёда ягона ҳисобланган ушбу гўзал тузли  шаршара йил давомида кўплаб сайёҳларни қабул қилади. Тузли конлар,  шўр сувли кўллар ва тузли  шаршаранинг  гўзал манзаралари ушбу минтақа  табиатининг дилтортар лавҳалари ҳисобланади.

Бу ҳудудда оқадиган шўр сувли дарё   тузли  шаршарани вужудга келтирган. Дарёнинг суви жуда шӯрлиги учун у кўп миқдордаги туз   кристалларининг ҳосил бўлишига ва тузли шаршаранинг пайдо бўлишига сабаб бўлган. Баландлиги 25 метр бўлган жуда чиройли шаршара! Албатта, кўплаб ташқи ва инсон омиллари  шаршаранинг  янада жозибали бӯлишига ҳисса қӯшишган. Масалан, шаршаранинг тунда маҳорат билан ёритилиши унинг визуал гўзаллигини ҳар бир томошабиннинг кўзига тобора кўпроқ кўринадиган қилиб қўйди ва табиат манзараларини суратга туширадиган кишилар  учун энг яхши жойлардан бирига айланди.

Калий тузли шаршара

Калий тузли шаршараси Эронда калий ишлаб чиқариш бӯйича биринчи корхона ва Яқин Шарқда энг катта калий захирасига эга бўлган калий комплекси яқинида жойлашган. Комплекс йилига кимёвий ӯғит сифатида ишлатиладиган 50 минг тонна калий хлорид ишлаб чиқаради. Шунингдек, ушбу мажмуада озиқ-овқат, фармацевтика ва нефт-кимё саноатида ишлатиладиган   300 000 тонна натрий хлорид ва 30 000 тонна магний гидроксиди ишлаб чиқарилади.

Қизиғи шундаки, ушбу ажойиб шаршара ёнида калий тузли сайёҳлар қишлоғи мавжуд бўлиб, у аллақачон сайёҳларнинг севимли жойига айланган. Олтита люкс  хонадан иборат бу меҳмонхона-қишлоқнинг барча хоналари холис туздан ясалган, уларни тиклашда бошқа бирор-бир қурилиш маҳсулоти ишлатилмаган.

Калий тузли шаршара

Ушбу қурилиш усули Европа ва Қўшма Штатларда 2009 йилдан бери оммалашиб келмоқда ва шу вақтдан бошлаб бутун дунё одамлари томонидан мамнуният билан кутиб олинмоқда. Албатта, бундай хоналар табиий равишда узоқ ўтмишдаги туз ғорларида амалга оширилган. Аммо калий тузи қишлоғининг ӯзига хос хусусияти бу тузнинг тури ва тузларнинг миқдори бӯлиб, шу жиҳатдан у  дунёдаги ўхшаш мисоллардан фарқ қилади. Қизиғи шундаки, магний миқдори юқори бўлган ушбу минтақадаги туз ноёбдир ва бу борада дунёда биринчи ўринда туради.  

Тузли шаршарадан ташқари, ушбу ажойиб қишлоқнинг бошқа диққатга сазовор жойлари орасида шўр кўл, сузиш ҳавзалари, туз ҳаммомлар, буғланадиган бассейнлар ва осмонни кузатиш зонаси мавжуд. Қадимги Юнонистонда ихтиро қилинган туз билан даволаш   тизими ҳам ушбу қишлоқда жорий қилинган. Ҳудуддаги тузли бассейнлар ва ҳаммомлар шифобахшлик  хусусиятига эга, шунинг учун тузли қишлоқда соғлиқни сақлаш туризми тобора кенг ривожланмоқда.

Тузли шаршарага саёҳат қилиш учун сиз шахсий автоуловдан фойдаланишингиз мумкин, аммо ёнингизда  дўстларингизнинг бӯлиши зарурийдир.  Гарчи бу муҳитда ёлғизликнинг гашти ӯзгача бӯлсада, дӯстлар билан сафар қилиш янада мароқли. Бунда чодир тикиб, дам олишингиз, туз   хоналарда ёки чодирингиз олдида ўтирганингизда, олов ёқиб, шаршара ва тузли қишлоқнинг гўзаллигидан ташқари, ердаги туздан ва муътадил чўл ҳавосидан   завқланиб, сайр қилишингиз мумкин. Шунингдек, сиз Камолобод ва Таштоб экинзорларини ҳам томоша қилишингиз мумкин. "Чўлдаги табиат" деб номланган Камолобад фермер хўжалигида анъанавий ғишт уйлари, экинзорлар ва қишлоқ хўжалиги ерлари, боғлар ва сув зовурлари мавжуд.

"Чўл санъати" номи билан  танилган Таштоб фермер хўжалигида эса   сув омбори, сув ҳавзалари, мевали боғлар ва хурмозор  каби инфратузилмалар мавжуд. Ушбу гўзал фермер хўжаликларига ташриф буюриш саёҳат хотирасини сиз учун янада эсда қоларли қилиши мумкин.