Азмеғон – чӯл бағридаги жаннат
https://parstoday.ir/uz/news/uncategorised-i54703-Азмеғон_чӯл_бағридаги_жаннат
Эроннинг бир бурчагидаги  чўлнинг ўртасида денгиз сатҳидан 1000 метр баландликда Азмеғон деб номланган ҳайратланарли қишлоқ бор. Бу қишлоқ чўлнинг энг гўзал сайёҳлик зоналаридан бири сифатида танилган.
(last modified 2021-09-20T19:27:20+00:00 )
сентябр 16, 2020 11:48 Asia/Tashkent
  • Азмеғон  қишлоғи
    Азмеғон  қишлоғи

Эроннинг бир бурчагидаги  чўлнинг ўртасида денгиз сатҳидан 1000 метр баландликда Азмеғон деб номланган ҳайратланарли қишлоқ бор. Бу қишлоқ чўлнинг энг гўзал сайёҳлик зоналаридан бири сифатида танилган.

Азмеғон - Табаснинг шимоли-шарқидаги   тоғли ҳудудда жойлашган. Хурмозорлар,  ям-яшил  шоли далалари  ва шарқирраб оқиб ётган анҳорлар бу қишлоқни чўлнинг ўртасидаги  жаннатга айлантирган.

Бу минтақага сафар қилган киши Эроннинг шимол ва жанубий қисмлари об-ҳавосини бир вақтнинг ӯзида ҳис қилиши мумкин. Бугунги дастурда биз сизни чӯл бағридаги ушбу кичик жаннат билан таништирмоқчимиз. Бизга ҳамроҳлик қилинг.

Жанубий Хуросон вилояти чўл минтақасининг табиий муъжизаларидан бири бу Табас туманидаги  Азмеғон  деб номланган қишлоқдир. Табас туманининг марказидан 40 км шарқда жойлашган ушбу қишлоқ аслида  "хурмо ва шолининг қӯшничилиги" билан танилган. Икки қарама-қарши иқлимда ӯсадиган бу гиёҳларнинг қӯшничилиги ноёб ҳодисадир, албатта. Зеро, хурмо жазирама қуёшли  иссиқ ва қуруқ иқлимнинг,  шоли эса нам ва сувли иқлимнинг рамзидир. Хурмо дарахтлари ёнида тароватли шоли далаларининг мавжудлиги – бу чиройли қарама-қаршиликнинг бирлиги бӯлиб, уни камдан-кам жойда учратиш  мумкин.

Азмеғонда  шолизорнинг хурмо  дарахтлари билан дўстлиги

Қишлоқнинг саёз дарада  жойлашганлиги ва бу даранинг бошидан охиригача серсувлиги  Эроннинг иссиқ ва қуруқ географик иқлимидан  узоқлашишига олиб келди ва қишлоқ хўжалиги ерларидан кўра сувнинг кӯплиги  туфайли бу шоли етиштириш учун жуда қулай  жойга айланди. Азмеғон- хурмо ва шоли етиштиришни биргаликда кўришингиз мумкин бўлган ягона жой.Бунда етиштириладиган  олий навли   хушбўй гуруч "Чампо" деб номланади. Чампо гуручини бозордан топиш қийин, чунки бу қишлоқдаги маҳсулотларнинг аксарияти маҳаллий аҳоли томонидан истеъмол қилинади. Йӯлингиз  Азмеғонга тушиб,  тунни қишлоқ аҳолисининг меҳмонлигида ёки ушбу қишлоқнинг экологик уйларида ўтказсангиз, бу хушбўй гуручнинг нотакрор таъмидан лаззатланинг.

Азмеғонда шоли ӯрими

Ушбу қишлоқдаги хурмо дарахтлари одатдагидек тартиб билан экилган эмас. Улар, асосан тўрт-беш дарахтдан иборат  тӯп-тӯп шаклида ӯз ҳолича ӯсган. Азмеғон хурмоси  Эроннинг энг сифатли хурмо туридир. Қишлоқда хурмо дарахти ва шолидан ташқари, кўплаб ўсимлик турлари мавжуд. Ушбу қишлоқнинг чиройли гуллари сайёҳатчиларнинг диққатини ӯзига тортади. Айниқса,  бу ерда етиштириладиган наргис гули ӯзининг юксак сифати билан ажралиб туради. Тоғли анжир дарахтлари ҳам бу минтақада жуда кӯп  ӯсадиган ёввойи дарахтларнинг бир туридир.   Уларнинг баландлиги баъзан 20 метрга етади.

Азмеғондаги  300 йиллик анжир дарахти  табиат шайдоларини ушбу ҳудудга жалб қилувчи яна бир восита ҳисобланади. Бундан ташқари, ўрик, олма, апелсин, мандарин,  узум, хурмо, олхўри, шафтоли,  нок, беҳи, ёнғоқ ва бодом  каби бир-бирига туташиб кетган  турли хил мевали боғлар ҳар бир   мавсумда табиатни севувчиларнинг бу минтақадан совға-саломсиз қайтмаслигига  сабаб бўлади.  

Азмеғон шолизорларининг хурмо  дарахтлари билан дўстлиги

Азмеғоннинг гўзал табиати шу билан тугамайди. Боғлар ва шоли далалари оралаб  30 дақиқа  юргач, жуда чиройли дарага етиб борасиз. Ҳар томондан оқиб ётган анҳорлар бу минтақага ӯзгача файз-тароват бағишлайди.  Даранинг атрофидаги хурмо дарахтлари бу ҳудуднинг кўркига кӯрк қӯшади.   У ердаги ям-яшил қамишзор  дарани янада дилкаш шаклда жилвалантиради.

 Шаршарадан шуру-шавқ ила    тушган ва кўлмакда тинчланиб турган мусаффо сув қалбингизни жилолайди, ҳовузда сузаётган майда балиқлар сизга ҳаёт завқини эслатади.

Азмеғон қишлоғининг бетакрор  табиати

Дарё оқимида сузувчи  балиқ тури - доктор балиқдир. Ушбу турдаги балиқлар терини сўриш кучига эга, терини тозалаш учун улардан фойдаланиш сўнгги пайтларда дунёнинг аксарият мамлакатларида кенг тарқалган. Бунинг учун кўп пул тўлашингиз шарт эмас; Балиқларни атрофига тўплаш ва терингизни тозалаш ишларини бажариш учун оёқларингизни ушбу қишлоқ сувига бир оз солиб ӯтириш  кифоя.

Азмеғон қишлоғининг шарқирраб оқадиган зулол  сувлари Тахти арус (Келинчак тахти) деб номланган гўзал жойда тугайди. Кӯрувчини ҳайратда қолдирадиган Тахти арус номли оппоқ тош сувнинг ӯртасида жойлашган. Азмеғонга йӯлингиз тушганда, албатта Тахти арусга боринг, анҳор бӯйида бир лаҳза ӯтириб, минтақанинг ажабланарли гӯзаллигидан завқланинг.

Тахти арус (Келинчак тахти)

Қишлоқ иқлими ва табиати туфайли йилнинг ҳар қандай фасли ушбу кичик жаннатни кўриш учун муносибдир; Баҳорда апелсиннинг хушбўй ҳиди ва дарахтларнинг гуллари, ёзда эса шоличилик майдонларининг гўзаллиги ажойиб. Бундан ташқари, куз ва қишда мӯътадил иқлим саёҳатчиларга чўлнинг гўзаллигидан баҳраманд бўлиш имкониятини беради.