Инқилобнинг иккинчи қадамида ишлаб чиқаришни жадаллаштириш. Стратегик маҳсулотларни ишлаб чиқаришни жадаллаштириш (10)
Фармацевтика ва тиббий эҳтиёж товарлари ишлаб чиқаришини жадаллаштириш (1)
Ўз-ўзини таъминлаш ва экспорт даражасида дори-дармонларни ишлаб чиқариш
Исломий Инқилоб Муаззам Раҳбари Оятуллоҳ Хоманаий ҳазратлари ҳижрий-шамсий 1399 йилни ишлаб чиқаришни жадаллаштириш йили деб номладилар.
Ишлаб чиқаришни жадаллаштириш барча соҳаларни қамраб оладиган кенг қамровли шиордир. Шу нуқтаи назардан, инсон саломатлиги ва инсоният жамиятига таъсири туфайли, дорисозлик саноатида ишлаб чиқаришни жадаллаштириш энг муҳим ва стратегик мақсадлардан биридир.
Бугунги кунда фармацевтика саноати дунёдаги асосий ва стратегик соҳалардан бири ҳисобланади, шунинг учун бу соҳада юқори даражадаги салоҳиятга эга бўлиш ҳар бир мамлакатнинг ривожланиш сатҳини белгилайди.
Илм-фаннинг турли соҳалардаги тараққиёти тасаввур қилиб бӯлмайдиган даражада тезлашиб, дори-дармон ишлаб чиқаришнинг асоси бўлган илмий рақобат халқаро рақобат соҳаларидан бирига айланди. Аслида стратегик маҳсулотларни ишлаб чиқаришда муҳим рол ўйнайдиган фаннинг энг муҳим соҳаларидан бири бу фармацевтика саноатидир.
Эрон Исломий инқилоб ғалаба қозонгунига қадар дори-дармон маҳсулотларини импорт қилувчилардан бири бўлган, аммо инқилобдан сўнг бошқа соҳалар сингари дорисозлик саноатида ҳам ўзгаришлар юз бериб, мамлакат ичида турли хил дори-дармонларни ишлаб чиқариш бошланди. Эндиликда статистик маълумотларга кўра, Эрон дори-дармон ишлаб чиқаришда ўзини ўзи таъминлашнинг арафасида турибди.
Соғлиқни сақлаш ва тиббий таълим вазирлигининг статистик маълумотларига кўра Эрон рекомбинант дорилар ишлаб чиқариш бўйича дунёда еттинчи ўринни эгаллайди ва умуман дори ишлаб чиқариш бўйича энг яхши 10 мамлакат платформасида туради.
Эрон мутахассислари томонидан лейшманиозга қарши биринчи нано-дори ишлаб чиқарилиб, рекомбинант дорилар монополиясига барҳам берилди. Нанотехнология асосидаги саратонга қарши "доксорубицин липосомал" дорисининг оммавий тарзда ишлаб чиқарилиши ва дунёда биринчи бӯлиб ручка шаклидаги инсулинни ишлаб чиқариш Эроннинг дорисозлик саноатидаги энг муҳим ютуқлари ҳисобланади.
Исломий Инқилоб Муаззам Раҳбари Оятуллоҳ Хоманаий ҳазратлари ҳижрий-шамсий 1399 йилни ишлаб чиқаришни жадаллаштириш йили деб номлашга бағишланган нутқларида ишчиларга мурожаат қилиб, шундай таъкидладилар: ишлаб чиқаришни жадаллаштириш одамлар ҳаётида сезиларли ўзгаришларга олиб келади.
Инқилоб ғалаба қозонганидан сўнг Эрон фармацевтика саноатида юз берган муҳим ўзгаришлар, мамлакатни дори дармон ишлаб чиқаришда 95 фоиздан кўпроқ ўзини ўзи таъминлаш даражасига етказди. Соҳа мутахассислари Эрон номининг жаҳон дори-дармон бозорида бунданда салобатлироқ янграши учун дорисозлик саноати янада такомиллаштирилиши керак, деб ҳисоблашади.
Дори стратегик товар ҳисобланади. Эрон Ислом жумҳурияти конституциясига биноан дори-дармон воситаларини етказиб бериш ҳукуматнинг вазифаларидан бири бўлиб, унинг зарурияти ва юқори қўшимча қиймати сабабли зӯравон мамлакатлар томонидан босим воситаси сифатида ишлатилиши мумкин. Тиббиёт шунингдек, миллий соғлиқни сақлаш стратегиясидир. Озиқ-овқат хавфсизлиги тамойиллари, шунингдек, соғлом турмуш тарзини бошқариш учун барча одамларнинг доимо етарли миқдорда озиқ-овқат ва дори-дармонларга эга бўлишлари таъкидланади.
Фармацевтика соҳасидаги ишчи кучининг қобилияти аслида Эрон дори-дармон саноатининг кучли томонларидан биридир. Мамлакат фармацевтика соҳасининг муваффақияти Эроннинг минтақада дори-дармонларни ишлаб чиқариш бўйича биринчи ўринни эгаллашига сабаб бӯлди.
Тадқиқотлардан маълум бӯлишича, Эрон дори-дармонларининг сифати ошган ва бу мамлакатда ишлаб чиқариладиган дори турлари дунё фармацевтика саноатининг энг яхши ишлаб чиқарувчилари даражасидадир.
Мамлакатда золимларча қаттиқ санкциялар туфайли юзага келган муаммоларга қарамай, коронавирусга қарши курашиш учун зарур бўлган дори-дармон ишлаб чиқарувчилар учун янги имкониятлар вужудга келди. Ушбу соҳада мутахассислар ишлаб чиқариш линияларининг ишлаб чиқариш қувватларини ошириш ва янги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш орқали мамлакат эҳтиёжларини қондириш билан бир қаторда ушбу маҳсулотларнинг айримларини экспорт қилувчиси бўлишга муваффақ бўлишди.
Озиқ-овқат ва фармацевтика идорасининг соғлиқни сақлаш маҳсулотларига асосланган экспорт сиёсати бўйича кенгаши котиби Муҳандис Саййид Осиф Маҳдавий, корона вирусга қарши баъзи маҳсулотларни экспорт қилиш 2020 йил май ойидан бошланганини айтиб, илова қилди: "Ҳозирги кунда коронавирусга қарши ускуналар ва маҳсулотларнинг 8 тури дунёнинг турли мамлакатларига экспорт қилинмоқда.
Бугун Эрон турли хил ниқоблар, серологик диагностика мосламалари, вируслардан ҳимояловчи кийимлар ва дезинфекцияловчи воситалар экспорт қилувчи мамлакатга айланган. Бу маҳсулотлар Европа, Жануби-Шарқий Осиё ва қўшни мамлакатларга экспорт қилинмоқда.
Доктор Муҳаммад Ризо Шонасоз Озиқ-овқат ва фармацевтика идорасининг коронавирусга қарши курашдаги сўнгги чораларига ишора қилиб шундай дейди: Ниқоб ишлаб чиқариш соҳасида мамлакатнинг қуввати саккиз баравар ошди; коронавирус буҳронидан олдин бизда 120 минг дона ниқоб ишлаб чиқариш имконияти мавжуд эди, аммо ҳозирда биз кунига 800 минг дона ниқоб ишлаб чиқаришга эришдик. Бундан олдин кунига 5000 дан 10000 донагача Н95 ниқоби ишлаб чиқаришимиз мумкин эди, аммо ҳозирда ишлаб чиқариш қуввати 85000 дан ортиқ ниқобга етди. Агар илгари биз ҳар куни 2000 та махсус кийим ишлаб чиқарадиган бўлсак, энди бу қувват 50 000 га етди.
Дезинфекцияловчи эритмалар ва гелларни ишлаб чиқариш эса коронавирус инқирозидан олдинги ҳолатга нисбатан 10 бараварга кӯпайган.
Ишлаб чиқаришдаги бу жадаллаштириш мамлакат санксиялар натижасида кўплаб муаммоларга дуч келаётган бир пайтда юз берди.
Коронавирусни даволаш учун дори-дармонларнинг муҳим қисми ҳозирда мамлакатимизда ишлаб чиқарилмоқда ва бир нечта компаниялар коронавирус диагностикаси тўпламларини ишлаб чиқариш бўйича тадбирлар кўришди. Бу мамлакатнинг дори-дармон ишлаб яиқариш ва тиббиёт соҳасидаги юксак қобилиятини кўрсатади.
Эрон эндиликда фармацевтика бизнесига кириб келди. Туркия ва Россия каби мамлакатлар Эрон дори-дармонлари мавжудлигига гувоҳ бўлмоқдалар; Ҳатто Эроннинг баъзи бир фармацевтика хомашёси ишлаб чиқарадиган компаниялари бошқа мамлакатларда, шу жумладан Россияда ҳам фаолият юритмоқда.
Ушбу имкониятлар Эроннинг фармацевтика саноатидаги ривожи ва эронлик олимларнинг фармацевтика саноати соҳасидаги қобилиятлари ҳамда ҳижрий-шамсий 1399 йилда ишлаб чиқаришни жадаллаштириш шиори амалга оширилишидан далолат беради.