«Союз МС-16» кемаси Қозоғистонга қўнди (фотожамланма)
«Союз МС-16» космик кемасининг бошқарилувчи аппарати Халқаро космик станциянинг (ХСК) уч нафар аъзоси билан Қозоғистонга қўнди. ХКСдан ерга россиялик космонавтлар Анатолий Иванишин ва Иван Вагнер, шунингдек, NASA астронавти Кристофер Кэссиди қайтган. Бу ҳақда «Роскосмос» хабар берди.
«Союз МС-16» Халқаро космик станциядан Москва вақти билан соат 02:32 да ажралган. Соат 05:54 да космонавтлар Ерга муваффақиятли қўнишни амалга оширган. «Роскосмос»нинг маълум қилишича, Ер атрофи орбитасидан тушиш ва қўндириш операциялари режадагидек ўтган.
Иванишин ва Вагнер 22 октябрь куни Москва вилоятидаги Чкалов аэродромига етказилади. Кейинги бир неча ҳафта давомида улар Юлдузлар шаҳарчасида шифокорлар назорати остида бўлиб, космонавтларнинг парвоздан кейинги реабилитация жараёнларини ўтказади.
Иванишин, Вагнер ва Кэссидининг экспедицияси қарийб 196 кун давом этган. Бу вақт ичида экипаж ўнлаб, жумладан, тиббиёт, космик биология ва физика-техника жараёнларига оид тажрибаларни ўтказган.
Ҳозирда ХКС бортида 64-узоқ экспедиция жамоаси — Сергей Рижиков, Сергей Куд-Сверчков ва NASA астронавти Кэтлин Рубинс иш олиб бормоқда. Улар станцияга 14 октябрь куни етиб борган.
Эслатиб ўтамиз, Илон Маскнинг SpaceX компанияси томонидан яратилган Crew Dragon космик кемаси 30 май куни Халқаро космик станция томон учирилган эди. 31 май куни эса Crew Dragon ХКСга муваффақиятли туташган ва 3 август куни Ерга муваффақиятли қўнганди.