(Ваҳдат ҳафталигига бағишланган махсус эшиттириш-1)
Бутун оламларга раҳмат сифатида юборилган пайғамбар
Аллоҳ таъоло Қуръони каримда буюрмиш: Биз сени фақат оламларга раҳмат қилиб юбордик. (107) (“Анбиё” муборак сураси 107-оят)
Худо раҳматни Ўзига фарз қилди ва унинг кўламини шу қадар кенг зикр қилдиким, у ҳамма нарсани ўз ичига олади. Аммо баъзи бир инсонлар тӯғри йӯлдан оғиб, ўзларининг инсоний шахсиятларини барбод этадилар ва Худонинг чексиз инояти ва раҳматидан маҳрум бўладилар. Бироқ, инсониятни бахт ва нажотга ҳидоят қилиш учун масъул бўлган илоҳий хабарчилар, иложи борича уларни адашганликларидан хабардор этиш учун ҳаракат қилишади. Пайғамбарларнинг вазифаси Худонинг башоратини инсониятга етказиш ҳамда уларни огоҳлантиришдир. Албатта, уларнинг огоҳлантиришлари ҳам Худонинг марҳамати ва раҳм-шафқати натижасидир, токи одамлар гумроҳликдан қӯл тортиб, бахт-саодатга эришиш йӯлидан юришсин. Исломнинг азиз пайғамбари илоҳий пайғамбарлар орасида энг муътабар шахсдир. Аллоҳ таоло Муқаддас Қуръони каримда буюради: Биз сени фақат оламларга раҳмат қилиб юбордик. (107) (“Анбиё” муборак сураси 107-оят)
Дунё аҳли, диндорлар ҳам, кофирлар ҳам, ҳаммаси Исломнинг азиз пайғамбари раҳматидан баҳраманддирлар. Чунки Исломнинг ёйилиши барчани жоҳиллик, хурофот ва адашишдан халос қилади. Эндиликда бу раҳматдан баъзилар фойдаланган, баъзилар эса бунга қарши туришган ва ҳаттоки одамларнинг ўзига тегишли бўлган ва Муқаддас Пайғамбар раҳм-шафқатининг умумийлигига таъсир қилмайдиган исломофобияни вужудга келтиришган. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ни бутун оламларнинг бахт-саодати учун юборди ва шунинг учун у бутун коинотни қамраб олган севги ва раҳмдилликка эга. Худонинг Ўзи оламларнинг Раббидир ва барча одамларнинг тарбиячисидир. Бошқача қилиб айтганда, ҳақиқий тарбия Худо томонидан оламларга яхшилик ва раҳмат сифатида юборилган пайғамбар ҳидояти соясидадир. Худо коинотдаги тўғридан-тўғри ва таъсирчан Яратувчи бӯлгани ва баъзи бир неъматларни махлуқотлар орқали етказгани каби коинотдаги бу иноят Пайғамбаримиз (с) орқали Аллоҳнинг изни билан ўз бандаларига ва мавжудотларига етказилади.
Қуръон нуқтаи назаридан Ислом пайғамбарининг энг муҳим ахлоқий хусусияти унинг бошқаларга меҳр билан муносабатда бўлишидир. Муҳаммад (с) ушбу мақтовга сазовор феъл-атвори билан кўплаб қалбларни мафтун қилди ва уларни тўғри йўлга бошлади, бирон бир куч бундай ажойиб ишни бажариш қудратига эга эмасди. Бу борада Аллоҳ таъоло Оли-Имрон муборак сурасининг 159-оятида шундай дейди:
" Аллоҳнинг раҳмати ила уларга мулойим бўлдинг. Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингда, атрофингдан тарқаб кетар эдилар. Бас, уларни афв эт. Уларга истиғфор айт ва улар билан ишларда машварат қил. Азму қарор қилганингдан сўнг Аллоҳга таваккал қил. Албатта, Аллоҳ таваккал қилувчиларни севадир. (Аллоҳ таоло ушбу амр ила Пайғамбар алайҳиссаломни қалби кенгликда, мулойимликда–кишиларни атрофларида жамловчи олий сифатларда бардавом бўлишга чақириб, айблар ўтган бўлса хам, мусулмонларни афв этишга буюрмоқда.) (159). Ушбу оятга биноан, раҳмат пайғамбарининг ғайриоддий раҳм-шафқат ва меҳрибонлиги одамларни Исломга жалб қилди. Шунингдек, Исломнинг азиз Пайғамбари(с) муъжизаларидан бири қалбларни бир-бирига яқинлаштиришдир. Аллоҳ таъоло “Анфол” муборак сурасининг 63-ояти каримасида бу ҳақда буюради:
Ҳамда уларнинг қалбларини бирлаштирган зотдир. Агар ер юзидаги ҳамма нарсани сарф қилсанг ҳам, уларнинг қалбларини бирлаштира олмас эдинг. Лекин Аллоҳ уларни бирлаштирди. Албатта, У ғолиб ва ҳикматли зотдир. (Инсоният тарихида турли халқлар, қабила-уруғлар ва миллатларни Исломчалик бирлаштирган тузум ёки мафкура йўқ. Бўлмайди ҳам. Кишилар қалбидан Ислом муносиб ўрин олган жойларда ва замонларда миллатчилик, маҳаллийчилик ва тарафкашликнинг салбий кўринишлари тамоман йўқолган. (Бу масалалар халқлар бошига битган бало бўлгани ҳаммага маълум.) Чунки Ислом биродарлиги ирқ, насаб, тил, қабила, қавм асосида эмас, Аллоҳга муҳаббат асосида бўлади.) (63)
Пайғамбаримиз олий ахлоққа асосланган цивилизацияни ўрнатишга интилди. Расулуллоҳ (с) нинг фикрига кўра, ҳатто душман билан уруш уни ислоҳ қилиш ва тарбиялаш воситаси бўлиши керак. У душманларни иложи борича тинчлик ва бағрикенгликка чақирди ва фақат зарур бўлган ҳолатлардагина ноилож урушишга розилик берди. Зеро, Пайғамбар гина-кудуррат ва қасос олишга интилмаган. Пайғамбаримиз (с.а.в.) Маккани фатҳ этгандан кейин халойиққа юзландилар. Ӯн минглаб аскарлар ва тинч аҳоли, эркаклар ва аёллар, ёшу қари, душманлар ва дўстлар юрак ҳовучлаб ул ҳазратга термулиб турарди.
Тўсатдан Пайғамбар лашкарининг қўмондони юқори бир жойга кўтарилиб баланд овоз билан бақирди: Бугун-- қасос куни. Унинг кетма-кет таҳдидлари Макка аҳли ва уларнинг раҳбарлари қалбида даҳшатли қўрқувни уйғотди, шу сабабли Қурайш ӯлим таҳликасида эди. Лашкарбошининг овози Пайғамбаримиз (с) қулоқларига етганда ҳазрат жуда хафа бўлдилар ва дарҳол Имом Алини (алайҳиссалом) байроқни ундан тортиб олиш учун юбордилар ва бугун шафқат ва муҳаббат куни эканлигини эълон қилдилар. Кейин Қурайшга шундай мурожаат қилдилар:
"Эй Қурайш гуруҳи, сизларга нима қиламан деб ўйлайсиз?" Улар: "Ё Расулуллоҳ, биз сиздан эзгулик ва хушмуомалаликдан бошқа нарсани кутмаймиз. Пайғамбар (с) хурсандчилик билан: "Боринг, сиз озодсиз ва сизни ҳеч ким безовта қилмайди" дедилар. Ул ҳазрат бу жумла билан ашшадий душманлик қилиб келган Қурайш ва Макка аҳолиси учун умумий авф эълон қилдилар.
Пайғамбаримиз (с) ғалаба қозонган пайтларида қасос олмадилар, ашаддий душманларини мағлуб этгач, уларни асирга олмадилар, ҳеч кимни ўлдирмадилар, мол-мулкларини талон-тарож қилмадилар, шаҳарни тўлиқ раҳм-шафқат ва меҳрибонлик билан забт этдилар. Пайғамбаримиз (с ) нинг хатти-ҳаракатлари ашаддий душманлари қалбини ҳаяжонлантирди. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг расули одамларни ҳидоят қилишни ўйлагани ва уларни инсоний ва табиий қадр-қиммати ва шарафига қайтаришга интилгани сабабли содир бўлди. Ул ҳазрат буюрмишлар: “Аллоҳ таоло менга одамлар билан муроса қилишни буюрган” .
Исломнинг азиз Пайғамбари ҳар қандай имкониятдан фойдаланиб, мусулмон бўлмаганларни, кофирларни ва мушрикларни Исломга даъват қилдилар. Агар мусулмонлар душманларни мағлуб этиб, одамларни асирга олсалар; Пайғамбар (с) нинг биринчи вазифаси асирларни ҳидоят қилиш ва уларни кечириш эди ва бу кечирим турли баҳоналар билан амалга оширилган. Ул ҳазрат баъзи бир асирларни яхши ахлоқлари туфайли озод қилганлар. Ислом одамларга маърифат ва билим дарвозаларини очиш учун келганлиги сабабли, Расулуллоҳ мусулмонларга ўқиш ва ёзишни ўргатиш учун саводли маҳбусларни озод қилиш шартини қўйдилар.
Пайғамбар алайҳиссалом тузумининг яна бир кўзга кўринган хусусияти бу ўша давр одамлари қалбидан жой олиши мушкул бӯлган биродарлик руҳини яратиш эди. Одамларнинг бир-бирларига бӯлган адоват, уруғ ва қабилачилик асосидаги низо ва қарама-қаршиликлар, хурофотли фикрлар - Пайғамбарнинг сўзлари ва ишлари билан орадан кӯтарилди. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с) энг гӯзал усулда одамларни ахлоқий бузуқлик ва иллатлардан поклар эдилар.

Ҳозир ҳам Ислом Пайғамбарининг (с ) даъватлари бутун оламларга ёқимли даъватдир. Ислом таълимотининг сарчашмаси бўлган нажот ва муҳаббатга даъват. Ислом таълимоти ахлоқий комиллик, бағрикенглик ва хурофотдан сақланиш, илм-фан ва адабиётни ривожлантириш бӯйича инсоният тарбиячисига айланди ҳамда моддийлик ва маънавият ўртасида керакли мувозанат ва уйғунликни ўрнатишга муваффақ бўлди. Бу ҳозирги тафаккур мактаблари муваффақиятга эришолмаган нарсадир. Шу сабабли инглиз ёзувчиси ва мутафаккири Бернард Шоу дунёни долзарб муаммолардан халос қилиш йўлини Пайғамбаримиз Муҳаммад (с) таълимотларини қабул қилишда кўради ва шундай ёзади: " Европа эртага Муҳаммадга иймон келтиради. Менимча, агар унга ўхшаган одам янги дунёнинг бошқарувчиси бӯлса, барча муаммолар ҳал этилиб, аҳли башар ӯзининг тинчлик ва бахт каби азалий орзусига эришади."
Ислом Пайғамбарининг (с) борлиғи ёқимли баҳор шамолига ўхшайди. Ўша пайтда у Мадина шаҳрининг фазосини хушбўйлаштирди ва тез орада Мадина атрофида тарқалди. Кейин Ислом ўша куннинг икки буюк империяси, яъни Эрон ва Рим замиригача етиб борди. Шундай қилиб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг шахсияти тарих давомида одамлар қалбини забт этди. Айтиш мумкинки, ислом пайдо бўлишидан олдин ваҳшийлик ва қон тўкишдан бошқа нарсани билмаган қавмлардан қудратли ва бирлашган умматни вужудга келтирди. Бу Пайғамбар Муҳаммад (с) воситасида амалга оширилган буюк илоҳий муъжиза эди. Бугун ҳам у раҳм-шафқатли таълимоти билан бизнинг кескинлик, зулм, тажовуз ва диктатура билан тўла дунёмизда қалбларнинг қуввати бўлиб, тарқоқ ва нафратга тўла дилларни бирдам ва меҳрибон қалбларга айлантира оладиган кишидир.