Ӯзбекистон ӯтган ҳафта давомида
https://parstoday.ir/uz/news/uncategorised-i55653-Ӯзбекистон_ӯтган_ҳафта_давомида
"Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнида жорий  йилнинг  26 октябр—1 ноябр  кунлари ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий воқеалар тӯғрисида сизга маълумот берамиз.
(last modified 2020-11-02T12:09:39+00:00 )
ноябр 02, 2020 17:02 Asia/Tashkent
  • Ӯзбекистон ӯтган ҳафта давомида

"Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнида жорий  йилнинг  26 октябр—1 ноябр  кунлари ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий воқеалар тӯғрисида сизга маълумот берамиз.

Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача шарҳи билан танишинг:

  • Шавкат Мирзиёев Туркия миллий мудофаа вазири, Ҳулуси Акарни қабул қилди.
  • Ўзбекистон ва Туркия ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида битим имзолади.
  • Президент Мирзиёев Шимолий иқтисодий ҳамкорлик форумида иштирок этди.
  • Шавкат Мирзиёев Туркияда юз берган зилзила сабабли бу мамлакат етакчиси ва халқига ҳамдапрдлик билдирди.
  • Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 67 254 нафарга етди.
  • Ўзбекистон мусулмонлари идораси : дин душманлари фитнасига замин яратмайлик.
  • Ангрен шакар заводида 150 нафар ходим ишдан бўшатилган-ми?
  • Қуръони каримни беҳурмат қилган “блогер”га жиноят иши очилди.

Энди энг муҳим мавзуларнинг тафсилотига ӯтамиз:

27 октябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия миллий мудофаа вазири,  Ҳулуси Акарни қабул қилди

Шавкат Мирзиёев меҳмонни самимий қутлар экан, кўп асрлик дўстлик ва биродарлик ришталарига асосланган ҳамда кейинги уч йилда биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилган Ўзбекистон – Туркия стратегик шериклик муносабатлари ҳар томонлама жадал ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.

Ҳулуси Акар Ўзбекистон Президентига самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг эзгу тилакларини етказди.

Учрашувда мамлакатлар ўртасидаги ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик ҳолати ва истиқболлари кўриб чиқилди, шунингдек, кейинги йилларда мудофаа соҳасида амалга оширилган қўшма тадбирлар якунлари сарҳисоб қилинди.

Ўзбекистон ва Туркия мудофаа идоралари ўртасида ўрнатилаётган амалий ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари сифатида ҳарбий кадрларни ўқитиш бўйича дастурларни амалга ошириш, ихтисослаштирилган олий таълим муассасалари ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш, қўшин бўлинмаларини тайёрлаш бўйича тажриба алмашиш белгиланди.

Минтақадаги замонавий хатарлар ва хавфсизликка таҳдидларга қарши биргаликда курашишнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Туркия миллий мудофаа вазири ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳаларда кенг кўламли ҳамкорликка тайёр эканини таъкидлади.

Х  Х  Х

Тошкент ва Анқара ҳарбий-техник ҳамкорликлари тўғрисида битим имзолади

Ўзбекистон ва Туркия ўртасида ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида битим имзоланганини Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар қилган.

Туркия мудофаа вазири, генерал Хулуси Акар бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Мудофаа вазирлигида қабул уюштирилиб, музокаралар бўлиб ўтди.

Музокаралар давомида мудофаа вазири, генерал-майор Баҳодир Қурбонов ва Хулуси Акар Ўзбекистон ҳамда Туркия давлатларини бир-бири билан чамбарчас боғлаб турувчи жиҳатларга алоҳида тўхталиб ўтишди. Дини, тили, тарихий урф-одатлари бир бу икки халқнинг дўстона муносабатлари бундан кейин ҳам янада мустаҳкамланиб боришига ишонч билдиришди.

Музокара давомида мудофаа вазирлари давлат раҳбарларининг Ўзбекистонга ва Туркияга амалий ташрифлари давомида эришилган натижаларга, шунингдек ҳарбий соҳада икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, истиқболига ҳам алоҳида эътибор қаратишди.

Музокаралардан сўнг икки давлат Мудофаа вазирлиги раҳбарлари ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги битимни имзоладилар.

Х  Х  Х

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Франциянинг ислом пайғамбарига нисбатан ҳурматсизлигига аксиламал кўрсатди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Франциянинг ислом пайғамбарига нисбатан ҳурматсизликига аксиламал кўрсатди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Франция мамлакатида ислом азизи пайғамбари Ҳазрат Муҳаммад /с.а.в/га нисбатан ҳурматсизлик кўрсатилиши ортидан ижтимоий тармоқларда бошланган баҳс-мунозаралар ва ихтилофли ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

«Бутун дунёда Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган Рабиъул аввал ойи бошланди. Жоме масжидларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари тараннум этилмоқда, қориларнинг Қуръон тиловатлари-ю нашидалари янграмоқда ва мавлиди шарифлар ўқилмоқда. Бундай файзиёб кунлар мусулмон умматига катта қувонч бағишламоқда...

Айни шу кунларда aйрим босма нашрларда, турли интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқ сафиҳаларида Пайғамбар алайҳиссаломга нисбатан номуносиб, ҳақоратомуз карикатура чоп этилиши ва унинг ортидан келиб чиққан турли кўнгилсиз ҳолатлар айрим баҳс-мунозаралар, ихтилоф ва тушунмовчиликлар ҳамда нотўғри хатти-ҳаракатларга сабаб бўлмоқда.

Ўз навбатида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси мўмин-мусулмонларнинг ҳиссиётини қўзғаш, фитна чиқариш ва диний қадриятлар, муқаддасотларга нисбатан ҳақоратни ифодаловчи ҳар қандай ҳолатни жиддий қоралаши ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шаънлари мўмин-мусулмонлар учун энг олий қадрият эканини қатъий таъкидлайди», дейилади идоранинг

«Ҳиссиёт билан эмас, тафаккур ила иш тутайлик!» дея номланган муносабатда.

Кун сайтига кўра, , бу каби муносабатлар халқлар ўртасидаги ўзаро тотувликни бузишга қаратилган фитна ҳамда одамларнинг диний эътиқоди билан боғлиқ ҳис-туйғуларини ҳақоратлаш, диний қадриятларни оёқ ости қилиш, миллатлараро ва динлараро адоват уйғотиш, деб баҳоланган.

«Таъкидлаш керакки, ким бўлишидан қатъи назар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳар қанча камситишга уринмасин ёки мусулмонлар ё Ислом динига тош отмасин бу билан динимизга ёки мусулмонларга заррача ҳам зиён етказа олмайди.

Кези келганда айтиб ўтамизки, ушбу ҳолатга нисбатан юртдошларимиз турли муносабат билдираётганларини кузатяпмиз. Бу ҳолатдан уларнинг имон-эътиқодлари жўш ургани, ўй-кечинмалари тинчлик бермаётгани ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатлари туғён қилаётганини гувоҳи бўлмоқдамиз. Энди бир фараз қилиб кўрайлик, мана шундай ҳолатга Набий алайҳиссалом қандай йўл тутар эдилар?.. Албатта, сийрат ва тафсир китобларида бундай ҳолатларнинг батафсил баёни келган, аксариятимиз уларни мутолаа қилганмиз.

Бу борада Пайғамбар алайҳиссалом бутун умматга ибратдирлар. Бир жоҳил киши «Менга ўлжа бермадинг», деб ёқаларидан олиб бўғганида ҳам, бир аёл заҳарли гўшт берганида ҳам у зот уларни сўкмаганлар ёки дуоибад қилмаганлар, балки Аллоҳдан уларга инсоф ва ҳидоят сўраганлар. Ислом дини ҳатто лаънатланган шайтонни ҳам сўкишдан қайтарган, сўкиш ўрнига унинг ёмонлигидан паноҳ сўраб, Аллоҳга ёлборишга буюрган. Чунки уни сўкиш ожизликдан, Аллоҳдан паноҳ сўраш эса имон мустаҳкамлигидандир. Шундай ибратли сўз бор: «Қоронғиликни сўкиб ўтирмай, шамни ёқақолсанг-чи...». Ҳақиқатан, қоронғиликни қанча сўкмайлик, у барибир ўзгармайди, ёришиб қолмайди. Сўкиш ўрнига уни ёритиш йўлини ахтарганимиз маъқул ва авлодир.

Х  Х  Х

Ўзбекистоннинг Ангрен шакар заводида 15 ходим ишдан бўшатилган

«Ангрен шакар» ва «Хоразм шакар» масъулияти чекланган жамиятлари шу кунларда оммавий равишда ходимларини ишдан бўшатишни бошлагани хабар қилинмоқда.

Х  Х  Х

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда турли диний адоватни қўзғатиш ва диндорлар орасида муросасизликни келтириб чиқаришни тарғиб қилувчи маълумотлар тарқалмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг  29 октябрь куни ижтимоий тармоқларда ўзини “атеист”, деб таништириб, у томонидан динимизнинг илоҳий манбаси ва энг муқаддас китоби - Қуръони каримга нисбатан ҳурматсизлик акс этган видеолавҳа тарқалди ҳамда кескин баҳс-мунозара ва норозиликларга сабаб бўлди. Бу ҳақда ИИВ Ахборот хизмати хабар қилди.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан олиб борилган суриштирувлар давомида, мазкур шахс Мингбулоқ туманидан бўлган Шерзод Турдиев эмаслиги аниқланди.

Ўтказилган текширув ҳаракатлари натижасида, ушбу видеотасвирни суратга олиб, ижтимоий тармоқларга жойлаштирган шахс аниқланиб, терговга қадар текширув ҳаракатларига жалб қилинди.

Текширув натижасига кўра, мазкур шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 156-моддаси 2-қисми (Миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.   

Жиноят иши бўйича тергов натижасига кўра, қўшимча маълумот бериб борилади.