Эрон табиатининг жозибали манзаралари (38)
Сабзпушон чашмаси
Эронзаминнинг муҳим ӯзига хос хусусиятларидан бири бу юртда жуда кӯп чашмаларнинг мавжудлигидир. Мамлакатда 500 дан ортиқ минерал ва иссиқ сувли чашмалар руйхатга олинган. Бу чашмаларнинг сувидан ичимлик суви, қишлоқ хӯжалик экинларини суғориш ва табобат мақсадида фойдаланилади
Булоқлар табиий равишда ёриқлар орқали ер юзига сизиб чиқадиган ер ости сувлари бўлиб, уларнинг аксарияти тоғ этакларида ёки денгиз тубида вужудга келади. Эронда бу булоқларнинг аксарияти Албурз, Озарбайжон ва Загрос тоғларида, баъзилари эса Исфаҳон, Машҳад ва Бандар Аббос яқинида жойлашган. Қизиқарли хусусиятга эга бўлган бу булоқларнинг энг катталаридан бири бу Ҳурмузгон вилоятидаги Сабзпушон булоғидир. Бугунги дастуримизда сизни ушбу ажойиб булоқ билан таништирмоқчимиз.
Ҳурмузгон вилоятидаги Сабзпушон булоғи.Эроннинг жанубидаги Ҳурмузгон вилояти, гарчи ўзининг дим об-ҳавоси ва иссиқлиги, манго ва хурмо боғлари билан машҳур бўлса-да, лекин бу вилоятда сайёҳлар учун кутилмаган Ҳожиобод сингари мусаффо ва чиройли табиати, салқин иқлими бўлган жойлар ҳам бор. Бикр табиати, тарихий ва турли хил диққатга сазовор жойлари сайёҳларни ӯзига жалб қилган Ҳожиобод ноҳияси Бандар Аббос-Сиржон транзит йӯли ёнида жойлашган Ҳурмузгоннинг ёқимли иқлимга эга бӯлган ноҳияларидан биридир. Ушбу туман Ҳурмузгон вилоятининг маркази бӯлган Бандар Аббос шаҳридан 170 км шимолда жойлашган. Минтақанинг энг диққатга сазовор жойларидан бири - Ҳожиобод шаҳридан 25 км жанубда ва Барғани қишлоғининг ўртасида жойлашган Сабзпушон булоғидир.
Кӯркам Сабзпушон чашмаси Ҳурмузгон вилоятидаги энг катта булоқлардан бири бўлиб, у кичик тоғнинг ёнида, Гунбад Сабз номли имомзодага энг яқин масофада, хурмо дарахтларининг соясидаги гўзал, ям-яшил ва ёқимли иқлим шароитида жойлашган. Тухум шаклидаги чашманинг масоҳати 15 метр квадрат ва чуқурлиги тахминан икки ярим метрни ташкил этади. Чашмадан секундига 360 литр сув сизиб чиқади. Сабзпушон булоғи кенг, аммо унчалик катта бўлмаган ва жуда чиройли тошнинг остидан жонланади.
Сайёҳларни ҳайратга солган бу булоқнинг муъжизаларидан бири шундаки, унинг суви жанубнинг иссиқ ёзида салқин ва мусаффо бўлиб, инсон танаси ҳароратидан паст, совуқ ва қуруқ қиш мавсумида эса илиқ, ёқимли ва инсон танасининг ҳароратига мутаносибдир. Шу сабабли йилнинг барча фаслларида бу чашма сувида чӯмилишингиз мумкин. Аммо Сабзпушоннинг яна бир қизиқарли нуқтаси – бу булоқда Барбус, Блаcкфиш ва Камбоджа каби балиқ турлари ҳамда турли хил моллюскалар ва планктонларнинг мавжудлигидир. Қизиғи шундаки, ушбу қишлоқ аҳолиси булоқдаги балиқларни булоқ яқинидаги зиёратгоҳга тегишли деб билишади ва бу балиқларни овлаш, шубҳасиз, одам учун жуда кўп муаммоларни келтириб чиқаради, шунинг учун уларни тутмаслик керак, деб ҳисоблашади.
Булоқдан чиққан сув тўсатдан серсув анҳорга айланади. Бу жуда тез ўзгаришлар ва жуда серсув анҳорнинг тўсатдан пайдо бўлиши ҳам минтақанинг муъжизаларидан биридир. Анҳор қишлоқ хўжалиги ва хурмо дарахтлари ҳамда цитрус экинларини суғориш учун атрофдаги қишлоқларга равона бӯлади. Ёзда бу чашма Эроннинг турли бурчакларидан келган меҳмонларни кутиб олади ва ушбу гўзал чашмада таътилини ўтказадиган, атрофидаги тоза табиатдан завқланадиган минтақа аҳолиси учун дам олиш масканига айланади.
Кўплаб сайёҳлар Сабзпушон булоғига ташриф буюриш чоғида бошқа гўзал табиий диққатга сазовор жойларни ҳам зиёрат қилишади. Ушбу булоқ яқинидаги Тазарж шаршараси энг гўзал диққатга сазовор жойлардан биридир.
Тазарж шаршараси Ҳожиободдан 17 км жанубда--Тазарж қишлоғидаги дарахтзорлар орасида чиройли, ям-яшил, ёқимли иқлим шароитида жойлашган. Қалин дарахтзор, меҳри қайноқ одамлар, шовуллаган шаршара яқинидаги катта турар жой... Яшил пиллапоялар сизни шаршара тепасига олиб боради. Шаршаранинг ёнида илгари ун тайёрлаш учун ишлатилган сув тегирмонларининг қолдиқлари бор. Чиройли дарахтзорлардан ташқари, тоғ этакларидаги садр, кенар ва анжир дарахтлари, ям-яшил ўсимликлар билан бирга тоза ва ажойиб манзараларни яратган. Ушбу шаршаранинг куз ва қиш мавсумидаги жуда юмшоқ ва қулай об-ҳаво сайёҳлар ташриф буюриши учун мос шароитларни яратади.