Қоҳирада фиръавнлар мумиёлари тантанали тарзда бошқа музейга кўчириб ўтказилди (фотожамланма)
Миср фиръавнлари мумиёларини кўчириб ўтказишга бағишланган тантанали маросим Миср пойтахти Қоҳирада бўлиб ўтди.18 фиръавн ва тўрт маликанинг мумиёлари Қоҳирадаги Миср музейидан Миср цивилизацияси миллий музейига кўчириб ўтказилди. Мумиёлар хронологик тартибда — 17-сулола ҳукмдори Секененре Таа II дан бошлаб Рамзес IX гача — бирма-бир олиб ўтилди.
Пандемия сабабли очиқ осмон остида тадбирлар ўтказиш чекловлари олиб ташланган эди. Ташкилотчилар томонидан «Фиръавнларнинг олтин паради» деб номланган муҳташам маросим 3 апрель куни Қоҳира вақти билан 20:00 да (Тошкент вақти билан 23:00) бошланди. Ҳар битта мумиё безатилган ва махсус амортизаторлар ўрнатилган алоҳида автомобилларга жойлаштирилди, кортежга эса от қўшилган икки ғилдиракли ҳарбий араваларнинг нусхалари ҳамроҳлик қилди.
Кўчириб ўтказиш вақтида мумиёлар азот билан тўлдирилган махсус идишларга солинди. Бундай усул мумиёларни ташқи вайронкор омиллардан ҳимоя қилишга ёрдам беради. Янги экспонатлар 18 апрелдан омма эътиборига ҳавола этилади. Миср цивилизацияси миллий музейи зали Луксордаги Шоҳлар водийси кўринишида безатилган.