20-фарвардин (9 апрел) Эронда Миллий ядро технологияси кунидир
Эронда ядровий билимлар ютуқларига бир назар
2007 йилнинг шу куни Натанз ядровий иншоотида иккинчи янги сентрифугалар тўпламини ишга тушириш лойиҳасининг очилиши билан Халқаро Атом Энергияси Агентлигининг тўлиқ назорати остида Эрон уранни бойитиш саноатига киришди. Исломий Эрон ёш олимларининг шарафли саъй-ҳаракатларини қадрлаш учун Маданий инқилоб Олий Кенгашининг қарори билан мамлакатнинг расмий тақвимида фарвардиннинг 20-куни Миллий ядро технологиялари куни деб номланди.
Атом энергетикаси замонавий илм-фан ва технологиянинг энг муҳим мавзуларидан бири бўлиб, у турли мамлакатларни, айниқса ривожланган мамлакатларни энергия билан таъминлашда катта рол ўйнайди. Энергия ва уни етказиб беришнинг турли манбаларининг тобора ортиб бораётган аҳамияти ва ишлатилиши ҳозирги кунда ҳукуматларнинг асосий ёндашувлари ва янги ҳаётнинг муҳим кўринишларидан биридир.
Шу муносабат билан Эрон ядро саноати ички имкониятлардан фойдаланган ҳолатда ўз фаолиятини тўртта мақсадга йўналтирди: ёқилғи айланиш жараёнини якунлаш, илғор технологиялардан фойдаланиш, энергия ишлаб чиқариш ва ички имкониятларидан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги, саноат ва тиббиёт фаолиятида радиактив моддалардан фойдаланиш.
Эроннинг ядро фанидаги ютуқларидан бири бу тўлиқ бойитиш циклига эришишдир, бу электр станциялари ва тадқиқот реакторлари талаб қиладиган ядро ёқилғиларини тайёрлашда алоҳида аҳамиятга эга.
Яна бир муҳим йӯналиш тиббиёт ва даволаш соҳасида ядровий билимларни қўллашдир.
Тиббиётда атом энергетикаси масаласи жуда кенг. Эронга қарши сўнгги йилларда қўлланилган санкцияларга қарамай, мамлакатнинг ядро тадқиқотчилари атом электр станцияларини ривожлантириш билан бир қаторда ушбу технологияни тиббиёт, қишлоқ хўжалиги ва микробларнинг ифлосланиши каби соҳаларда фаоллаштиришга муваффақ бўлишди. Ушбу соҳада, яъни ядровий тиббиёт соҳасида Эрон турли хил саратон касалликларини ташхислаш ва даволаш учун радиофармацевтикалар ишлаб чиқаришга муваффақ бўлди.
Тиббий соҳада ядровий билимларнинг аҳамияти билан бир қаторда, атом энергиясининг яна бир муҳим афзаллиги бу дунёда алоҳида ўрин тутадиган атроф-муҳитни ифлослантирмайдиган энергия таъминотидир.
Ҳозирда дунёда 430 дан ортиқ атом электр станциялари фаолият юритмоқда ва баъзи давлатлар, масалан, Франциянинг электр тармоқлари асосан атом энергияси билан ишлайди.
Дунёда атом энергиясига бўлган эҳтиёж ҳар 10 йилда деярли икки баравар ошган. Албатта, кўмир ва нефт каби манбалар ҳали ҳам мавжуд. Аммо келгуси йилларда биз ҳозир режалаштиришимиз ва янги энергия манбаларини қазиб олинадиган ёқилғидан тежамкор энергия, яъни атом энергиясидан фойдаланиш билан алмаштиришимиз керак. Ядро бўлинишидан олинадиган энергия ушбу эҳтиёжни қондириши мумкин. Эрон Ислом Жумҳурияти қазилма бойликларнинг камайиши ва мамлакатнинг ижтимоий тараққиёти ва иқтисодиётининг ўсиб бораётган тенденциясини ҳисобга олган ҳолда, зарур бўлган электр энергиясини ишлаб чиқариш учун атом энергиясидан фойдаланишни ва бир нечта атом электр станцияларини қуришни ўзининг асосий сиёсатларидан бири деб билади.
Шу нуқтаи назардан 9 апрел куни Эрон тинчлик мақсадларида ядро билимларини ривожлантиришнинг муҳим соҳасига кириб, илмий ривожланиш ва тараққиёт сари муҳим қадам ташлаган кундир. Ҳозир Эрон ядро билимлари инфратузилмаси соҳасида ўзларининг маҳаллий технологиялари билан ядро билимига эга бўлган мамлакатлар сафидадир. Эрон ядровий тиббиётни ривожлантириш, ўқитиш ва хизмат кўрсатишда ёрдам бериш учун минтақадаги давлатларнинг илтимосига биноан тинч ядровий фаолият соҳасидаги тажрибаси ва билимларини таклиф қилишга тайёр.
Ҳозир ядро технологияси ер ости сув ҳавзаларини аниқлаш, ер усти ва ер ости сувларини йӯналтириш, тўғонлардан сув сизиб чиқишини аниқлаш ва тӯғонларни ҳимоя қилиш, шунингдек, шўр сувларни чучитиш каби мавридларда қўлланилади. Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати соҳасида ушбу билимлар озиқ-овқат маҳсулотларининг униб чиқиши олдини олиш, ҳашаротларга қарши курашиш , маҳсулотларнинг етилиш вақтини кечиктириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг яроқлилик муддатини узайтириш каби ҳолатларда ҳам қўлланилади. Ҳозирга қадар Эрон Атом Энергияси Ташкилоти мамлакатнинг 60 дан ортиқ университетлари ва илмий марказлари билан 300 дан ортиқ илмий-тадқиқот, амалий ва эксплуатацион шартномаларни амалга оширди.
Шу нуқтаи назардан Эрон миллати учун атом саноатининг ривожланиши ва унинг ютуқлари миллий обру-эътибор ва ифтихор рамзи ҳисобланади.
Эрон Ислом жумҳурияти ядро саноатида амалга оширилган барча қадамларда ядровий шартномаларга тўлиқ риоя қилди ва Халқаро Атом Энергияси Агентлигининг қоидалари ҳамда доимий назорати остида ядро технологияси ва билимларини қӯлга киритди. Мамлакатнинг юқори лавозимли расмийлари бир неча бор ядро қуроли ва атом бомбаларига мамлакат мудофаа доктринасида жой йўқлигини таъкидладилар.
Исломий Инқилоб Муаззам Раҳбари Оятуллоҳ Хоманаий ҳазратлари Эрон ядро қуролини ишлаб чиқаришга интилмаётгани ва Эроннинг мақсади атом энергиясидан тинч йӯлда фойдаланиш эканлигини бир неча бор таъкидлаганлар.
Ул ҳазрат бир қатор юқори илмий элита ва истеъдодлар билан учрашувда деган эдилар: Илм ҳақиқий маданиятдан ажралса, хатога йӯл қӯяди. Фойдали атом технологияси инсонпарварлик маданиятидан айри бўлгани учун ҳам атом бомбасига айланди ва бугун ҳам у дунёга таҳдид солмоқда. Биз бунга қодир бўла туриб, қатъият ва мардоналик кӯрсатдик, бу йӯлга кирмадик. Атом бомбасини яратиш ҳам, уни сақлаш ҳам нотўғри, чунки уни ишлатиш ҳаромдир. "