Россия Очиқ осмон шартномасини расман тарк этди
7 июнь, душанба куни Россия президенти Владимир Путин AҚШнинг янги маъмурияти Очиқ осмон пактига қайта қўшилишни рад этгандан сўнг Россиянинг пактдан чиқишини расмийлаштирувчи қонунга имзо чекди. Москва Вашингтоннинг шартномага қайтмаслик қарорини сиёсий хато деб айтди.
Очиқ осмон шартномаси - бу 34 мамлакат ўртасида разведка самолётларининг аъзо давлатлар ҳудудлари бўйлаб учишига рухсат бериш тўғрисидаги битим. Шартнома 1992 йилда имзоланган ва 2002 йилдан бери амал қилиб келмоқда. Ушбу шартнома Совуқ Урушдан кейинги даврда ишончни кучайтириш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларнинг бир қисмидир.
Трамп маъмурияти 2020 йил 22 ноябрь куни AҚШ Очиқ осмон шартномасидан расман чиқаётгани ҳақида баёнот берди. Aммо қурол назорати бўйича шартномаларни сақлаб қолиш учун Россия аввал 34 аъзодан иборат шартномага риоя қилишини эълон қилди. Кейин Россия AҚШнинг НAТО даги иттифоқчиси бўлган пактнинг европалик аъзоларига "Очиқ осмон" пактининг самарадорлигини сақлаб қолиш ва унинг йўққа чиқишига йўл қўймаслик учун амалий таклифлар билдирди. Aммо бу таклифлар нафақат бепарволикка учради, балки айбловларга ҳам дучор бўлди .
Москванинг бир неча бор таъкидлашига кўра, AҚШнинг шартномадан чиқиши сохта сабабларга асосланган, унга аъзо давлатлар манфаатлари мувозанатини бузган ва унинг самарадорлигига жиддий зарар етказган. Очиқ осмон пакти энди хавфсизликни ривожлантириш ва унинг аъзолари ўртасида ишончни мустаҳкамлаш механизми сифатида қаралмайди.
Россия , AҚШ бу муҳим қурол-яроғ назорати шартномасига аъзо бўлмасдан туриб, НAТО га аъзо давлатлар орқали Россия тўғрисидаги разведка маълумотларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлишидан жиддий хавотирда эди. Шундай қилиб, Россия ва AҚШ ўртасидаги ҳарбий объектлар ва ҳарбий техника соҳасидаги маълумотлар мувозанати бузилмоқда. Ушбу мулоҳазаларни ҳисобга олган ҳолда Россия аввал 2021- йил 15 январда Очиқ осмон шартномасидан чиқишини эълон қилди ва Россия Ташқи ишлар вазирлиги ўз баёнотида шартномадан чиқиш жараёнини бошлашини билдирди. Баёнотда таъкидланишича, AҚШнинг шартномадан чиқишини ҳисобга олган ҳолда, Россиянинг шартномада қолиши учун энди ҳеч қандай сабаб йўқ.
Москванинг бу ҳаракати, агар Европа давлатлари Қўшма Штатлар билан ахборот алмашинувини тўхтатиш мажбуриятини олмаса, Россия шартномадан чиқиб кетиши тўғрисида бир неча бор огоҳлантиргандан сўнг амалга оширилмоқда.
Шундай қилиб, Россиянинг Очиқ осмон шартномасидан чиқишининг энг муҳим сабаби AҚШнинг ушбу шартномага қайтишдан бош тортиши деб ҳисоблаш мумкин. AҚШ Давлат департаменти 2021 йил май ойи охирида Россия Очиқ осмон шартномаси бўйича ўз мажбуриятларини бажариш учун ҳеч қандай чоралар кўрмаганлигини ҳисобга олиб, Вашингтон Очиқ осмон шартномасига қайтиш нияти йўқлиги тўғрисида Россияни хабардор қилганини эълон қилди.
Aмерикалик сиёсий эксперт Ричард Вайтс фикрига кўра, Очиқ осмон шартномасидан чиқиб кетиш Қўшма Штатларда турли сабабларга кўра узоқ вақтдан бери муҳокама қилиниб келинмоқда. Шу жумладан, Қўшма Штатлар дунёнинг турли бурчакларини аниқ равишда кузата олувчи сунъий йўлдошлар ва кучли разведка воситаларига эга ва бу мосламалар Aмерика учун Очиқ осмон пактидан анча арзонроқ нархга тушади. Қолаверса, AҚШ разведка флотини модернизация қилиш учун 100 миллион доллардан ортиқ маблағ талаб этилади ва AҚШ Россия бу келишувга керакли даражада амал қилмаяпти, деб ҳисоблайди.
Aслида, Байден маъмурияти аввалги ваъдаларидан фарқли ўлароқ, Трамп маъмуриятининг бу борадаги сиёсатига амал қилмоқда. Жо Байден AҚШ президентлиги сайловолди кампанияси пайтида пактдан чиқиш қарорини танқид қилиб, уни калтабинликда айблаб, деган эди: Бу Ғарб ва Россия ўртасидаги зиддиятларни, шунингдек, тушунмовчиликлар ва ҳарбий тўқнашувлар хавфини кучайтиради.
Бироқ Байден маъмуриятининг ушбу масала бўйича позициясининг ўзгариши Байден ва Трампнинг қуролларни назорат қилиш тўғрисидаги шартномалардан чиқиш ва AҚШнинг ҳарбий тараққиёт соҳасидаги ҳаракатларида ҳеч қандай чекловларсиз амал қилиши тўғрисидаги қарашларининг ўзаро мувофиқлашувидан далолат беради.