Эрон табиатининг жозибали манзаралари (51)
Қишмдаги Чоҳкуҳ дараси
Бу дара табиат ҳодисалари ва табиий омилларнинг миллионлаб йиллик фаолияти натижасидир ва унга қарасангиз, бошқа сайёрага саёҳат қилганга ўхшайсиз. Ушбу ажойиб ҳодиса ҳақида кўпроқ билиш учун бугунги дастурда бизга ҳамроҳлик қилинг.
Қишм Эрон жанубидаги Ҳурмузгон вилоятининг энг катта оролларидан бири бўлиб, Форс кўрфазининг нилий сувларида жойлашган. Оролнинг ажойиб табиати ва турли хил диққатга сазовор жойлари бор. Уларнинг энг гўзали эса - Чоҳкуҳ дараси. Ғаройиб ва бетакрор шакли ва ташқи қиёфаси билан нафақат Эронда, балки дунёда жуда машҳур дара.
Чоҳкуҳ дараси Қишм шаҳридан 70 км узоқликда жойлашган Қишм Геопаркининг энг ғаройиб жойларидан биридир. 100 метр чуқурликдаги бу дара чўкинди жинслар эрозияси кўргазмаси бўлиб, деворлари тешиклари, йўлаклари ва ажойиб шакллари билан сайёҳларни ҳайратда қолдиради. Чоҳкуҳ дараси - бу табиат ҳодисалари ва табиий омилларнинг милион йиллик фаолияти натижасидир ва унга қарасангиз, сиз бошқа сайёрага саёҳат қилганга ўхшайсиз. Худди шундай геологик ҳодисалар Германия, Британия, Хитой, АҚШ ва бошқа бир қатор мамлакатларда мавжуд.
Қишмдаги Чоҳкуҳ дараси
Чоҳкуҳ дараси хоч шаклида кесилган яхлит тош тоғ марказида жойлашган. Дара биринчи навбатда сайёҳлар кӯз олдида кенг ва баланд деворлар билан пайдо бўлади, лекин деворларнинг баландлиги сақланган ҳолда даранинг кенглиги торайиб, аста-секин ундан ўтиб бориш қийинлашадиган даражада камаяди. Геологларнинг фикрига кўра, дара тошларида оҳак ёки калций гидрокарбонат бор ва ёмғир суви кислотаси уларнинг эришига олиб келади ва улар орасида миллионлаб йиллар давомида коридорга айланиб борган кичик ёриқлар ва бўшлиқлар ҳосил бўлади. Ушбу дара аслида бир-бирига перпендикуляр бўлган иккита дарадан иборат бўлиб, улардан бири оқар сувлар билан эрозия натижасида турли хил ва чиройли шаклларга айланган.
Чоҳкуҳ дарасининг ажойиб ва ҳайратланарли деворлари юқори эстетик аҳамиятга эга. Ушбу гўзал дара деворларидаги ажабтовур нақшлар ва шакллар ҳар бир томошабинга таъсир қилади. Фантастик ва хаёлий бу нақшлар худди моҳир рассом томонидан яратилган қимматбаҳо санъат асарларига менгзайди. Улар суратга тушиш ва эсда қоларли хотираларни тасвирда муҳрлаш учун ажойиб манзараларни яратган.
Агар сиз тунда Чоҳкуҳ дарасида бўлсангиз, хилқатнинг энг гўзал манзараларидан бирига дуч келасиз. Бошингиз устидаги осмоннинг кўп қисмини кўра олмаслигингиз мумкин, чунки тош деворлар бир-бирига жуда яқин, аммо худди шу юлдузли гиламчага ўхшаш осмоннинг кичик бўлаги сизга галактикани эслатади.
Чоҳкуҳ дараси геологик шаклланишининг хусусиятларидан бири тубининг сув ўтказмайдиганлигидир. Водийнинг пастки қисмида сув ерга сингмасдан, оқиб кетаверади, даранинг ёриқларини тӯлдиради ва эрозияга сабаб бӯлади. Маҳаллий аҳоли дара шаклланишининг бу хусусиятидан унумли фойдаланиб, даранинг пастки қисмида чуқурликлар қазиб, ёмғир сувини тўплаш ва сақлаш имкониятини яратганлар. Оролнинг қуруқлиги ва ўтмишда ёмғир сувининг юқори қиймати туфайли ушбу ташаббус жуда қимматли ва самарали бўлган. Даранинг бошида сувни йўналтириш учун қўлда ясалган тўртта қудуқ ва канал қазилган, бу нарса ушбу иссиқ ва қуруқ ҳудуд аҳолисининг тоза ва чучук сувдан фойдаланиш имкониятини муҳайё айлаган. Ушбу қадимий қудуқлар минтақада жуда машҳур бӯлиб, даранинг Чоҳкуҳ деб аталиши, эҳтимол, бу тўртта қудуқнинг мавжудлиги билан боғлиқ.
Шуниси қизиқки, Чоҳкуҳ дараси 400 йилдан бери орол ва унинг атрофлари учун энг муҳим тоза сув манбаи бўлиб келган. Бу минтақада ўсимликлар, асосан, дарахтлар ва буталар шаклидаги дарахтчалар тарқоқ ҳолда ўсади. Ушбу дарадаги қудуқлар бу ҳудудда 16 турдаги ҳайвонлар ва кўплаб қушларнинг яшашига сабаб бӯлган ва ҳайвонот оламининг энг нодир турларидан бири жайрондир. Тарихий жиҳатдан Чоҳкуҳ дараси Муқаддас Чоҳкуҳ водийси сифатида танилган. Бу муқаддасликнинг сабаби узоқ ўтмиш билан боғлиқ, чунки қадимги одамлар бу водий сувини жуда муқаддас деб ҳисоблашган ва касалликларини даволаш учун ишлатганлар.
Эроннинг тропик минтақаларидан бири бўлган Қишм оролига бориш учун ушбу оролнинг об-ҳавоси билан танишиш лозим. Агар сиз ушбу оролга баҳор ва ёз ойларида боришни ёқтирсангиз, айтиш керакки, бу фаслларда қуёшнинг юқори ҳарорати кишига озор беради. Аммо куз ва қишда, Қишмда об-ҳаво жуда ёқимли бўлганидан сизни мароқли саёҳат кутиб қолади.