Эрон табиатининг жозибали манзаралари (57)
Эроннинг қизил дарахт ўрмонлари
Шимолий Эронда, Албурз тоғлари ва Каспий денгизи оралиғидаги ҳудудда сайёрамиздаги биринчи ўрмон даври ёдгорлиги мавжуд.
Эроннинг қадимий мероси сифатида танилган қизил дарахтлар билан қопланган жозибали ўрмонлар. Музлик даврига қадар Ер юзида 190 миллион йилдан ортиқ давом этганлиги исботланган кўп йиллик доимий яшил дарахтлар.
Шимолий Эронни бошқа табиий диққатга сазовор жойлар қатори сайёҳлар учун жозибали жойга айлантирган ажойиб ва қадимий дарахт турлари. Эроннинг қизил дарахт ўрмонлари ҳақида кўпроқ билиш учун бугунги суҳбатимизда бизга ҳамроҳлик қилинг.
Еaxus baccata илмий номига эга бу дарахт дунёдаги ажойиб ва қадимий тур бўлиб, ҳам заҳарлилик ва ҳам дориворлик хусусиятларига эга. Бу игнабаргли дарахт ғарбий, марказий ва жанубий Европада, Африканинг шимоли-ғарбий қисмида, Осиёнинг жануби-ғарбий қисмида ва Эроннинг шимолий қисмида ӯсади. Ушбу дарахтнинг қобиғи қизил рангга эга, шунинг учун ҳам унга қизил дарахт дея ном берилган. Қизил дарахтнинг ёғочи шунчалик мустаҳкамки, у ҳеч қачон термитлар ҳужумига учрамаган. Қизил дарахтининг игна барглари ҳам ҳашаротлардан зарарланишга жуда чидамли.
Қизил дарахт шунчалик аста-секинлик билан ўсиб борадики, унинг ўртача йиллик ўсиши 10 см ни ташкил қилади, лекин шу хил секин ва узлуксиз ўсишда уларнинг баландлиги 9 дан 30 метргача, диаметри эса 3 метрга етади. Қизил дарахт игнабаргли дарахтлар орасида алоҳида ҳисобланади, чунки унинг шираси йўқ, лекин жуда бардошлидир. Қизил дарахт уруғлари қушлар, шу жумладан қирғовуллар томонидан тарқатилади. Олмахонлар ҳам бу нодир дарахт уруғини тарқатишга ёрдам берадилар.
Ушбу дарахтда токсин деб номланган заҳарли модда мавжуд бўлиб, ундан ибтидоий одамлар махсус заҳар тайёрлашган. Бугунги кунда бу моддадан саратоннинг айрим турларини даволаш учун дори-дармон тайёрлаш учун фойдаланилади. Хусусан, гинекологик саратон касаллик турларини даволаш учун зарур бўлган барча дорилар таксол деб аталадиган моддадан тайёрланади, чунки унинг мураккаб формуласи туфайли ҳали кимёвий усулда ишлаб чиқарилмаган, аммо у табиий равишда қизил дарахт таркибида учрайди.
Қизил дарахт одатда 400 дан 600 йилгача яшайди, аммо баъзи турлари узоқроқ яшаши мумкин. Бу дарахтнинг ёшини аниқлаш қийин, чунки ёғочининг ичи бӯш бӯлиб, ҳалқаларини санашнинг имкони йӯқ. Шунингдек, бу дарахт ёшини углерод орқали аниқлаш ҳам иложсиздир.
Қизил дарахт яхши қуриган, тошлоқ ва тупроқли жойларда ўсади, лекин бу дарахтнинг ажабланарли томони шундаки, ноқулай шароитларда асрлар давомида ўсишни тўхтата олади ва кейин мувофиқ шароит вужудга келгач, ҳаётга қайтади ва ўсишини давом эттиради. Ушбу йиллар давомида дарахт танасига янги ҳалқа қӯшилмайди ва тана қалинлашмайди ҳам. Шунинг учун, бу дарахтнинг ёши кӯпроқ тахминлар асосида аниқланади.
Эронда қизил дарахт ўрмонининг энг муҳим табиий маскани денгиз сатҳидан 800 метр баландликда жойлашган Гулистон вилояти Алиобод Кутул туманининг Заррингул дарасида жойлашган. Яқинда шимолий Эронда диаметри 192 см ва баландлиги 30 метр бўлган катта қизил дарахт аниқланди. Ушбу дарахт Эрон ва дунёдаги энг қалин қизил дарахт сифатида танилган ва мутахассисларнинг фикрига кўра унинг умри 1200 йилга етади. Ушбу дарахт Каспий ўрмонлари қолдиғининг юз гектарлик сув йиғиладиган қисмида ва жарлик ёнида жойлашган.
Афсуски, қизил дарахт шимолий Эроннинг Ҳиркан ўрмонларида ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган дарахтлардан биридир. Шу сабабли, бугунги кунда ушбу ўсимликни сунъий равишда кўпайтириш учун кўплаб ҳаракатлар қилинмоқда.Бундан ташқари, табиатни муҳофаза қилувчи фаоллар минтақа аҳолиси орасида тушунтириш ишлари олиб бориб, дарахтларнинг, ноёб қизил дарахт ўрмонлари кесилишининг олдини олишга ҳаракат қилмоқдалар.