Аламкуҳ тоғи
(last modified Mon, 30 Aug 2021 12:19:03 GMT )
август 30, 2021 17:19 Asia/Tashkent
  • Аламкуҳ тоғи

Аламкуҳ тоғининг чўққиси баландлиги бўйича Эронда иккинчи ўринда туради. 4850 метр баландликка эга бўлган ушбу чўққи улкан миқдордаги музли қатламни ўз атрофида жамлаган.

Миллион йиллар олдин музлик даври бошлангач, музликлар ер шарини қоплаб олган эди. Узоқ давом этган музлик давридан сўнг, ер юзи иқлими яна ўзгара бошлади ва ҳавонинг нисбий исиши туфайли, ушбу музликлар тез фурсатда эриди ва қутблар томон чекинди. Бироқ бу чекиниш ер шарининг барча ҳудудларида тенг равишда кечмади ва баъзи минтақаларда ўша музликлар қолдиқлари сақланиб қолди. Бу минтақалардан бири Аламкуҳ тоғи бўлиб, Эрон шимолидаги Мозандарон вилоятида жойлашган.

Алим тоғининг чўққиси баландлиги бўйича Эронда иккинчи ўринда туради. 4850 метр баландликка эга бўлган ушбу чўққи улкан миқдордаги музли қатламни ўз атрофида жамлаган. Бугунги дастуримизда Эроннинг ушбу табиий мўъжизаси ҳақида суҳбатлашамиз, биз билан бирга бўлинг.

Аламкуҳ тоғи

Аламкуҳ тоғи Дамованд чўққисидан кейинги Эрондаги энг баланд чўққидир.

Аламкуҳ тоғи  Эроннинг шимолидаги гўзал минтақада жойлашган бўлиб, географик жойлашуви жиҳатидан иссиқ мавсумда илиқ иқлим ва қулай об-ҳавога эга . Дамованддан кейин баландлиги 4850 метр бўлган Аламкуҳ тоғи чўққиси Марказий Албурз тизмалари ва Эроннинг иккинчи энг баланд чўққиси ҳисобланади. Ушбу чўққи Албурзнинг Тахти Сулаймон тоғ тизмаси деб номланган ҳудудида жойлашган ва Эронда геологик музликларни кўриш мумкин бўлган ягона нуқта. Бу музликлар тўртинчи геологик даврнинг энг муҳим иқлимий меросларидан бири ҳисобланади . Аламкуҳ тоғи музликлари минтақадаги 14 та кичик ва катта ёриқларга эга бўлган энг муҳим музликлар бўлиб, уларда  фаолият ва ҳаётнинг изини кўриш мумкин.

Иссиқ мавсумларда ушбу музликларнинг тепалари аста-секин эрийди ва музликлар юзасида ўйиқлар ҳосил бўлади. Ушбу ўйиқлар „сирт ўйиқлари“ деб номланади. Ушбу тоғда қорлар тўпланиб, юқоридан музликни озиқлантириб турадиган жойлар мавжуд. Аламкуҳ тоғидаги бу қор билан қопланган жойларни „қор косалари“ деб аташади. Денгиз сатҳидан 4000 метрдан юқори баландликларда музларнинг эриши сабабли бу жойларга силжиб келган тарқоқ музликларнинг оқимлари мавжуд. Ушбу тарқоқ музликлар „совутилган чиқиндилар“ деб ҳам номланади.

Аламкуҳ тоғи музликларининг ҳаракатини қор кўчкиси тушиши билан таққослаш мумкин, фарқи шундаки, қор кўчиши тез ва тўсатдан юз беради. Аммо музликлар жуда секин ҳаракатланади. Ёзнинг охири ва совуқ мавсум бошлангандан сўнг, музлар ҳаракатланишни тўхтатади ва янги муз массаларини ҳосил қилиш жараёни  бошланади. Аламкуҳ тоғи музликлари  Эроннинг энг йирик кўчма музликларидир . Уларнинг музли массалари бир неча чақирим йўл босиб, атрофдаги қуруқликка йирик гранит тошларни сочиб юборади. Ушбу омилларнинг барчаси Аламкуҳ тоғи минтақаси ва унинг музликларини спорт ва геотуризм учун жуда жозибали ва муносиб манзилга айлантиради.

Аламкуҳ тоғининг умумий музликлари тахминан 4000 метр баландликда ва Тахти Сулаймоннинг гранит чўққилари орасида жойлашган. Ушбу музликлар Сарчал, Оламчал, Тахти Сулаймон, Маржикеш, Хирсон, Ҳафт Хон, Чолун, Шонакўҳ ва Васплит номи билан машҳур. Ушбу доимий  музликлар туфайли кўплаб булоқлардан зулол ичимлик суви қайнаб чиқади.

Музлик давридан қолган Аламкуҳ тоғи музликлари.

Албатта, Аламкуҳ тоғи машҳурлигининг  асосий сабаби ўзининг шимолий ёнбағрида жойлашган ва Эронда энг  қийин ва профессионал  альпинизм йўлларига эга бўлган девори  ҳисобланади. Эрон учун бу девор дунёдаги „К2“ чўққи каби мавқега эга . К2 - Ер куррасидаги Эверестдан кейин иккинчи энг баланд чўққининг номи. К2 ер юзидаги энг ҳалокатли  чўққидир, у ерга ҳанузгача ҳеч ким  шарқий жабҳасидан кўтарилмаган.

Аламкуҳ тоғи чўққисининг шимолий юзида, узунлиги 650 метр бўлган девор бор, бу дунёдаги энг чиройли ва чиқиш қийин бўлган деворлардан бири бўлиб, ушбу чўққи бу девор билан ҳам дунёга машҳур. Аламкуҳ тоғи минтақасида 4000 метрдан юқори 47 та чўққилар бор, улар „Эрон Алплари“ номи билан ҳам танилган. Аламкуҳ тоғи чўққисининг шимоли-шарқий жабҳаси тахминан 550 метрлик  ва баландлиги 800 метрга тенг девордан иборат.
Ушбу девор таркиби ғовакли  ва оч рангли гранитдан ташкил топган. Аламкуҳ тоғи чўққиси ва унинг девори узоқ вақт давомида альпинистлар учун диққатга сазовор жой ҳисобланади. Ушбу деворнинг турли сўқмоқлари бўйлаб нафақат Эрон альпинистлари, балки немис, француз, инглиз, итальян ва бошқа  альпинистлар ҳам кўтарилишган.

Эрон Алпи

4077 гектар майдонга эга Эроннинг миллий табиий ёдгорликларидан бири бўлган Аламкуҳ тоғи 2002 йилдан бери Эронда атроф-муҳит муҳофаза қилинадиган жойлар қаторига киради. Аламкуҳ тоғи ўзининг баланд чўққилари, музликлари, ўтиб бўлмайдиган деворлари ва табиий ландшафтлари билан ҳар йили сайёҳлар,  альпинистлар ва тоғ табиати ихлосмандлари эътиборини ўзига тортиб келади. Тоққа чиқиш учун энг яхши вақт - ёз ўрталари. Аламкуҳ тоғининг куз ва қиш фаслларида кучли қорлар, бўронлар ва кучли кўчкилар учраб туради ва бу ҳолат ҳар йили баҳоргача давом этади.