Эроннинг минтақа иқтисодиётидаги ўрни (5)
(last modified Wed, 29 Sep 2021 19:42:01 GMT )
сентябр 30, 2021 00:42 Asia/Tashkent
  • Эроннинг минтақа иқтисодиётидаги ўрни (5)

Жануби-Ғарбий Осиёдаги, айниқса, Форс кўрфази мамлакатларининг кучли томонларидан бири минтақанинг энергия захиралари ҳисобланади.

Салом, азиз тингловчи. "Эроннинг минтақа иқтисодиётидаги ўрни" туркумидаги навбатдаги дастур билан  хизматингиздамиз. Бу туркумнинг мақсади Жануби-Ғарбий Осиё минтақасининг дунё иқтисодий ва сиёсий мувозанатидаги аҳамияти ва муҳим ролини ифода этишдир. Жануби-Ғарбий Осиё, айниқса Форс кўрфази мамлакатларининг кучли томонларидан бири минтақанинг энергия захиралари ҳисобланади.

Жаҳон сиёсий иқтисодининг янги тузилмасида "энергетика" саноати ривожланган кўплаб мамлакатларнинг Ахиллес товонидир. Энергия иқтисодий фаолиятда ишлаб чиқаришнинг асосий омилларидан биридир. Йигирманчи асрнинг етмишинчи йилларидаги нефт инқирозидан сўнг,  ривожланган мамлакатлар ўз саноатларига керакли энергияни турли муқобил манбалардан олиш учун катта сармоялар киритдилар. Лекин ҳозирча улар углеводородлар, иқтисодий жиҳатдан нефт ва газнинг  ўрнини босувчи энергия манбасини топа олишмади.

Дунё нефтининг учдан икки қисми ва газнинг учдан бир қисми Жануби-Ғарбий Осиёга тўғри келади. Баъзи маълумотларга кўра, Форс кўрфази минтақасида тахминан 730 миллиард баррел тасдиқланган нефт захиралари ва 70 триллион куб метрдан ортиқ табиий газ захиралари мавжуд. Бундай захиралар минтақани дунёдаги энг йирик энергия омборига айлантирди. Эрон, Саудия Арабистони, Ироқ, Кувайт, Қатар ва Бирлашган Араб Амирликлари Жануби-Ғарбий Осиёдаги энг йирик нефт захираларига эга давлатлар ҳисобланади.

"Форс кўрфази Бедбуланд"  газни қайта ишлаш заводи

Форс кўрфази минтақасида ишлаб чиқарилган нефтнинг 90% дан ортиғи экспорт қилинади ва бу дунёнинг  ривожланган мамлакатлари учун бу минтақанинг қанчалик муҳимлигини кўрсатади. Шунингдек, ушбу минтақа дунёдаги тасдиқланган табиий газ захираларининг қарийб 40 фоизига эга. Жанубий Порс,  Қатарнинг Шимолий гумбаз ҳудуди билан бир қаторда дунёдаги энг йирик мустақил газ кони бўлиб, ёлғиз ўзи дунёдаги тасдиқланган газ захираларининг 15 фоизидан кўпроғини ўз ичига олади. Атроф-муҳит муаммолари ортиб бориши туфайли, келгуси йилларда табиий газ қазиб олинадиган ёқилғилар орасида нисбатан  тоза ёқилғи сифатида энг кўп фойдаланилиши кутилмоқда.

Кўп йиллар давомида, нефтга бой мамлакатларда пул ишлашнинг энг осон йўли, бу қимматбаҳо хом ашёни сотиш  ҳисобланган. Аммо бугун улар ушбу ресурслардан қиймат занжирини тўлдириш, хомашё сотишдан кўра бир неча баробар фойдалироқ эканлигини англаб етдилар. Юқори иқтисодий самарадорлиги туфайли қайта ишлаш ва нефт-кимё саноатини яратиш углеводород ресурсларини истеъмол қилувчи ва ишлаб чиқарувчи мамлакатлар томонидан олиб бориладиган сиёсатдир. Нега баъзи мамлакатларда, масалан Жанубий Кореяда, углеводород захиралари йўқлигига қарамай, 10 дан ортиқ нефтни қайта ишлаш заводлари борлиги ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Ушбу давлат нефт ва газ конденсатини импорт қилади. Кейин нефт ва газ қиймат занжирини мувозанатли ривожлантириш сиёсатини қабул қилиб, қайта ишланган маҳсулотлар ва бир-бирини тўлдирувчи тармоқларни яратади. Хом нефтни қайта ишлашдан  мамлакатга юқори даромад келади. Нефтни қайта ишлаш ва нефт-кимё саноати соҳасидаги даромадлар Саудия Арабистони, Қатар, БАА ва ҳатто Покистон ва Афғонистон каби минтақанинг ишлаб чиқарувчи мамлакатларини ички ва хорижий сармоялар ёрдамида нефтни қайта ишлаш заводлари ва нефт-кимё саноатини қуриш ва ривожлантиришга ундади.

Эрон Ислом жумҳурияти ҳам, минтақадаги бошқа давлатлар каби, нефтни қайта ишлаш заводлари ва нефт-кимё саноати қуришда етакчи ўринни эгаллаган ва бу соҳада ажойиб кўрсаткичларга эга. Ғарб давлатларининг кенг қамровли санкцияларига қарамай, бу миллат ёшлари ўзларининг илмий салоҳияти ва ички салоҳиятга таяниб, турли йирик лойиҳаларни  амалга оширишга муваффақ бўлишди. Эрон жануби-ғарбий қисмидаги "Форс кўрфази  Бедбуланд" газни қайта ишлаш заводи улкан лойиҳаси ана шундай проектлардан биридир.

Ушбу завод Ғарбий Осиёдаги энг йирик газни қайта ишлаш заводларидан бири ҳисобланади.  "Форс кўрфази Бедбуланд" газни қайта ишлаш лойиҳасининг ишга тушиши АҚШ санкциялари ва Эрон халқига максимал босимнинг  барбод бўлиши рамзидир, деган эди Эрон нефт вазири Бижан Зангане лойиҳанинг очилишида. 3 миллиард 400 миллион долларлик капиталга эга бўлган ушбу супер лойиҳанинг дизайни ва қурилиши эронлик мутахассислар томонидан амалга оширилди. Ушбу нефтни қайта ишлаш заводининг қурилишида 10 мингга яқин турли хил мутахассисликдаги эронликлар ишлаган.

Қайта ишлаш заводининг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 15 миллион тоннага яқин бўлиб, метан, этан, пропан, бутан, газ конденсати ва кислотали газларни қамраб олади. "Форс кўрфази Бедбуланд"  газни қайта ишлаш заводи мамлакат саноатининг, хусусан, нефт-кимё маҳсулотларининг белгиланган ва режалаштирилган қиймат занжирида ички истеъмол ва саноат эҳтиёжи учун зарур бўлган газни таъминлайди. Муассаса номинал қувватда фаолият юрита бошлаганидан сўнг, нефтни қайта ишлаш заводи қиймат занжирини яратиш билан бир қаторда, ҳар йили мамлакат учун 700 миллион доллардан ортиқ валюта келтириши  кутилмоқда. Бу нефтни қайта ишлаш заводининг қурилиши ҳам атроф-муҳитга ижобий таъсир кўрсатади. Нефт қазиб олиш пайтида ёнаётган газлар атроф-муҳитни ифлослантирувчи моддаларни келтириб чиқаради. Газларни йиғиб олиш ва уларни қайта ишлаш заводига ўтказиш орқали бу муаммо бартараф этилмоқда.
Хом нефтни сотиш - нефт қазиб олувчи мамлакатлар иқтисодиётининг ожиз жиҳатидир, чунки ҳам уларни  ҳимоясиз қилади, ҳам нефт ва газ ресурсларини қайта ишлаш орқали юқори даромад олишига тўсқинлик қилади. Эроннинг нефт санкцияларини зарарсизлантириш стратегияси - хом нефт сотишдан узоқлашиш ва нефтни қайта ишлаш заводлари, нефт-кимё саноатини ривожлантириш, нефт маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш томон ҳаракат қилиш ҳисобланади. Бу хом нефт сотишнинг заиф жиҳатларини йўққа чиқаради ва нефт сотиш бўйича санкцияларни самарасиз қилади.

АҚШ ва унинг иттифоқчилари томонидан киритилган санкциялардан бири Эронга бензин экспорт қилиш ва сотиш бўйича чеклов киритиш лойиҳаси эди. Бир неча йил олдин Эрон бензин импортчиси эди. Баъзи йилларда  кунига 27 миллион литр бензин импорт қиларди. Бензин импорти мамлакатдан валютанинг чиқиб кетишига сабаб бўлди ва энг муҳими, мамлакатнинг энергия хавфсизлигини таъминлаш бу импортга боғлиқ эди. Бу қарамлик сўнгги ўн йил ичида Эронга бензин эмбаргосининг киритилишига олиб келди. АҚШ санкциялари ва Эронга максимал босим натижасида Эрон кўпроқ ички имкониятларига таяниб, нефтни қайта ишлаш заводлари сифатини оширди. Бугунги кунда стандарт бензин ишлаб чиқарилиши орқали мамлакат ички эҳтиёжларини қондиришдан ташқари, бошқа давлатларни ҳам  бензин билан таъминламоқда.

"Форс кўрфази юлдузи" газ конденсатини қайта ишлаш заводи

Эронни бензин ишлаб чиқаришда ўзини ўзи таъминлаши ва бу маҳсулотни экспорт қилишга имкон яратган энг муҳим лойиҳа "Форс кўрфази юлдузи" газ конденсатини қайта ишлаш заводи эди. "Форс кўрфази юлдузи" қайта ишлаш заводини санкциялар шароитида барқарор иқтисодиёт рамзи деб ҳисоблаш мумкин. Дунёдаги энг йирик газ-конденсат нефтни қайта ишлаш заводи бўлган Форс кўрфази юлдузи мамлакат ва минтақанинг энергия балансида стратегик мавқега эга. Бу нефтни қайта ишлаш заводи Жануби-Ғарбий Осиё минтақасидаги энг замонавий нефтни қайта ишлаш заводларидан биридир. Мазкур нефтни қайта ишлаш заводини ташкил этишдан мақсад - Жанубий Порс қўшма конидан газ қазиб олиш ишларини олиб бориш ва давом эттиришдир. Шунингдек, бензин каби стратегик энергия маҳсулотларини етказиб бериш орқали мамлакатнинг бу маҳсулотни ишлаб чиқаришда ўзини ўзи таъминлаши кафолатланган. "Форс кўрфази юлдузи" қайта ишлаш заводида бензин ишлаб чиқариш кунига 40 млн литрни ташкил этади. Мамлакат бензинининг 55 фоизи айнан шу заводда ишлаб чиқарилади.

Эроннинг қўшнилари билан энергетик ҳамкорлигини ривожлантириш ёндашуви нефтни қайта ишлаш заводларини қуриш ва нефт маҳсулотларини экспорт қилишда бўй кўрсатиши мумкин. 2017 йилда тўрт мамлакат - Туркия, Ироқ, Покистон ва Афғонистон кунига 140 миллион литрдан ортиқ нефт маҳсулотларини импорт қилган. Эрон бу материалларнинг етказиб берувчиси бўлиши мумкин. Эрон энг оғир нефт ва банк санкцияларига дуч келса-да, унинг нефт маҳсулотлари харидорсиз қолмаган. Мамлакат нефт маҳсулотларининг асосий қисми хусусий сектор томонидан қўшни давлатларга экспорт қилинади. Лекин Эрон бозори фақат қўшнилари билан чегараланиб қолмайди ва Америка қитъасини ҳам қамраб олади. Яқинда мамлакат байроғи остида  5 та Эрон танкери дунёнинг муҳим сув йўлларидан ўтиб, юкларини Венесуела соҳилларига муваффақиятли етказиб беришди. АҚШнинг санкциялари туфайли ушбу стратегик ёқилғининг кескин танқислигига дуч келган Венесуелага бензин ва қайта ишланган нефт маҳсулотларини жўнатиш Эроннинг нефт маҳсулотлари бозоридаги позицияси барқарорлашганини кўрсатди.

Ёрлиқ