Дарзу шаршараси
(last modified Sun, 17 Oct 2021 20:10:26 GMT )
октябр 18, 2021 01:10 Asia/Tashkent
  • Дарзу шаршараси

Эрон жануби ҳар доим Форс кўрфази ва унинг гўзал қирғоқлари билан машҳур. Бу минтақанинг гўзал қирғоқ шаҳарларидан бири - Бушеҳр вилоятидаги Асалуя шаҳри. Шаҳар улкан нефт ва газ иншоотлари билан машҳур. Айтишимиз керакки, қирғоқ бўйидаги бу шаҳарда табиий ва гўзал жойлар ҳам борки, улар албатта сайёҳлар учун ёқимли хотиралар келтиради.

Бу шаҳарнинг диққатга сазовор жойларидан бири Дарзу шаршараси ва  бўғозидир. Иссиқ Бушеҳр вилоятида бу шаршаранинг борлиги ақл бовар қилмас ҳодиса. Бу ажойиб ва ​​ўзига хос диққатга сазовор жой ҳақида кўпроқ билиш учун бизга қўшилинг.

Дарзу шаршараси Аханд қишлоғида, Асалуя шаҳридан 15 км узоқликда жойлашган. Шимолдан Деҳнов қишлоғи, ғарбдан Форс кўрфази ва шарқдан Загрос тоғлари билан чегараланган қишлоқ. Қишлоқда 7000 га яқин аҳоли истиқомат қилади, уларнинг аксарияти араблар. Қишлоқ аҳолиси араб ва форс тилларида гаплашади. Қишлоқ аҳолисининг ҳаёти деҳқончилик, чорвачилик ва балиқчилик билан ўтади. Оханд қишлоғида  хурмо дарахтлари ва қурғоқчил услубда экиладиган кўплаб буғдой ва арпа далалари бор.

Бу қишлоқнинг тоғлари орасида табиати беқиёс гўзал булоқлар борки, унинг фотосуратини кўриш табиатни севувчиларни узоқ масофани босиб ўтиб, гўзал Дарзу бўғози ва шаршарасини кўриш учун етарли. Дарзу шаршарасига етиш учун сиз қуруқ, сувсиз ва ўт-ўлансиз йўллардан ўтишингиз керак. Шаршарага борадиган йўлни босиб ўтиш мумкин эмаслиги ва унга машина билан етиб боришни имкони йўқлиги туфайли, сиз машинангизни шаршара йўлининг бошига қўйиб, кейин деярли қийин йўлда тахминан икки соат юришингиз керак. Бу йўлда илгари дарё бўлганга ўхшайди. Чунки йўл бўйи йўл тагида дарё тошлари бор ва тоза сувли кичик ҳовузлар кўринади, бу эса Дарзу шаршараси деб номланган жаннатга яқинлашганингиздан далолат беради. Баландлиги 57 метр бўлган шаршара, деворларида  чиройли палма дарахтлари ўсиб, шаршара атрофини ёпиб қўяди ва сизни ўзида мафтун этади. Айни пайтда, чиройли балиқларни оёғингизга яқинлашиб, эркалашлари учун оёқларингизни сувга ботиришингиз кифоя.

Дарзу бўғозида чуқурлиги икки метрдан ўн метргача бўлган бир неча ҳовуз бор, бу минтақанинг иссиқ иқлими туфайли сузиш учун жуда яхши жой. Агар сиз бу ҳудудга йилнинг иссиқ ойларида саёҳат қилсангиз, сув спорти Дарзу шаршарасининг энг ёқимли машғулотларидан бири эканлигига гувоҳ бўласиз. Шаршарада бир нечта сув ҳавзалари бор, уларнинг баландлиги  10 дан 57 метргача ўзгариб туради. Охирги шаршара, унинг энг баланди Дарзу шаршараси. Шаршара - Эроннинг энг гўзал шаршараларидан бири ҳисобланади. Бу шаршаранинг боши Дарзу тоғидан бошланади, сўнгра марнли оҳактошларнинг ёриғидан чиқади ва узоқдан кейин водийдан чиқиб, Аханд қишлоғига оқади. Бу шаршара йил давомида сувга эга бўлган ва ўзининг тиниқлиги ва тароватини сақлайдиган шаршаралардан биридир.

Дарзу шаршарасининг яна бир ўзига хос хусусияти шундаки, унинг атрофида ноёб ўсимлик турларининг кўп турлари мавжуд бўлиб, бу шаршара чиройига чирой қўшмоқда. Булоқ атрофидаги ўзиўсар хурмо ва бодом дарахтлари - бу бетакрор шаршара гўзаллигини оширган ноёб ўсимлик турларидан. Бу шаршарадаги ҳайвонлар турига майда қизил балиқ, калтакесак ва турли қушлар киради.

Дарзу шаршараси яқинида бир нечта диққатга сазовор жойлар бор ва улардан бири Нойбанд миллий боғи саналади. Бу боғ Форс кўрфази соҳилидаги биринчи миллий денгиз парки сифатида танилган ва қўриқланадиган ҳудудлардан биридир. Бу денгиз боғида қўчқор, қўй, кийик, леопард ва камдан-кам учрайдиган ҳинд оҳуси каби ҳайвонлар сақланади. Сиз, албатта, уларга ташриф буюришдан завқланасиз. Бу қўриқланадиган ҳудудда маржон қоялари каби бошқа диққатга сазовор жойлар ҳам бор. Бу тепаликлар тирик табиатнинг унутилмас манзараларини тасвирлайдилар.

Йилнинг иссиқ ойларида иқлим шароитидан келиб чиқиб, Дарзу водийсига борадиган йўл ва бу шаршарага етиб бориш жуда чарчатувчи ва қийин. Бу ҳудудга ташриф буюриш ва Дарзу бўғони ва шаршарага ташриф буюришнинг энг яхши вақти-кузнинг ўртасидан баҳорнинг бошигача. Шу кунларда об-ҳаво нисбатан юмшоқ ва жазирама иссиқдан ном-нишон йўқ. Қишнинг охиридан эрта баҳоргача бу минтақанинг текисликлари ранг-баранг гуллар ва ўсимликларга тўла, отқулоқ каби гуллар билан қопланган кенг текисликлар. Йўлда ёввойи бодом буталари ва асалари уяларини ҳам кўрасиз. Бу минтақага ўзига хос гўзаллик бахш этади.

Бу шаршарага етиш алпинизм орқали мумкин. Шу туфайли,  шаршарага бориш учун учун жисмоний куч керак. Шунинг учун айтиш мумкинки, бу шаршара болалар, қариялар ва жисмоний ногиронларга мос келмайди. Бундан ташқари, Дарзо шаршараси Эроннинг табиий шаршараларидан бири бўлгани учун, унда ҳеч қандай қулайликлар йўқ. Шунинг учун бу сафарда ичимлик суви, таом ва тўйимли газак ёнингизда бўлгани маъқул.