БМТ Бош котиби Афғонистонга зудлик билан ёрдам кўрсатиш зарурлигини таъкидлади
(last modified Sat, 15 Jan 2022 11:47:16 GMT )
Январ 15, 2022 16:47 Asia/Tashkent
  • БМТ Бош котиби Афғонистонга зудлик билан ёрдам кўрсатиш зарурлигини таъкидлади
    БМТ Бош котиби Афғонистонга зудлик билан ёрдам кўрсатиш зарурлигини таъкидлади

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш бу йил Афғонистондаги гуманитар ва қочқинлар лойиҳалари учун 5 миллиард доллар керак эканлигини таъкидлаб, деди: Афғонистоннинг 1,2 миллиард доллардан ортиқ валюта ресурслари Афғонистон аҳолисига қишда ёрдам бериш учун блокдан чиқарилиши керак.

Пул ажратилиши озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш, соғлиқни сақлаш хизматлари, тўйиб овқатланмасликни бартараф этиш, фавқулодда бошпана, сув, санитария, ҳимоя ва фавқулодда вазиятларда таълим учун жуда муҳим, деди Гутерриш. Унинг таъкидлашича, 2021-йилда БМТ ва унинг гуманитар шериклари Афғонистонда 18 миллиондан ортиқ кишига ёрдам кўрсатган. Бу 2020-йилгача Афғонистонда ёрдамга муҳтож бўлганлар сонидан 60 фоизга кўпдир.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби уруш давом этаётган Афғонистонда   нотинчлик ва гуманитар инқироз кучайиб бораётганини инобатга олиб, зудлик билан молиявий ёрдам кўрсатиш зарурлигини таъкидлади.

Афғонистон 2021-йил августида Толибон ҳокимиятни эгаллаб олганидан бери иқтисодий ва ижтимоий нотинчлик ва молиявий бетартиблик ҳукм сурмоқда. АҚШ миллиардлаб долларлик активларни мусодара қилганидан кейин мамлакатда инфляция ва ишсизлик даражаси ошди. Бироқ АҚШнинг иқтисодий санкциялари натижасида ёрдам юкларини жўнатиш жиддий равишда тўхтатилди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг билдиришича, Афғонистон аҳолисининг ярмидан кўпи, яъни 22 миллионга яқин киши қаттиқ очарчилик хавфи остида ва бу йил беш қўшни давлатдаги 5,7 миллион афғон қочқинлари асосий ёрдамга муҳтож. Халқаро Валюта Жамғармаси ҳам Афғонистондаги иқтисодий таназзул қочқинлар инқирозини кучайтириши мумкинлигидан огоҳлантирди.

2021-йил август ойи ўрталарида Афғонистонда Толибон ҳокимият тепасига келганидан бери АҚШ Афғонистон Марказий банкининг 9,5 миллиард долларлик активларини музлатиб қўйди. Ҳозирча ҳеч бир давлат Толибонни тан олмаган. Толибон ҳам АҚШнинг террорчи гуруҳлар рўйхатига киритилган ва натижада Толибон афғон мулкларига кира олмайди. Бироқ бу ноаниқ вазият ва Толибон ҳаракатининг тан олинмаслиги ва санкциялар Афғонистон халқини амалда гуманитар фалокат ёқасига олиб келиб қўйди.

 

Бу Хавфсизлик Кенгашининг икки доимий аъзоси Россия ва Хитойнинг Ғарб, хусусан, АҚШнинг Афғонистонга нисбатан ёндашувини танқид қилишларига сабаб бўлди. Бу Қўшма Штатларни БМТ Хавфсизлик Кенгашининг бошқа аъзолари билан биргаликда 2021-йил 22-декабрда Афғонистонга ёрдам кўрсатишни осонлаштирувчи резолюцияни ёқлаб овоз беришга мажбур қилди. Ушбу резолюциянинг қабул қилиниши билан Афғонистонга гуманитар ёрдам кўрсатиш осонлашади, бироқ айни пайтда Толибон бу молиявий ёрдамдан фойдалана олмайди. Қарор Афғонистонда гуманитар ёрдамни ўз вақтида етказиб бериш ёки бундай фаолиятни қўллаб-қувватлаш учун зарур бўлган маблағларни тўлаш, молиявий активлар ёки иқтисодий ресурслар, товарлар ва хизматлар билан таъминлашга рухсат беради. Ёрдам Афғонистондаги асосий гуманитар эҳтиёжларни қўллаб-қувватлайди ва Толибонга алоқадор муассасаларга нисбатан киритилган санкцияларни бузмайди.

Афғонистон ҳам иқтисодий, ҳам гуманитар жиҳатдан таназзул ёқасида. Энг хавотирли ссенарий озиқ-овқат тақчиллигининг кучайиши бўлиб, у кенгроқ иқтисодий ва гуманитар инқироз учун замин яратади.

Афғонистонлик эксперт Фарейдун Азҳанд шундай дейди:Афғонистондаги энг қонли урушнинг тугаши афғон халқининг азоб-уқубатларига барҳам бера олмади ва ҳозир афғонлар уруш, очлик ва қашшоқликдан кўра кўпроқ азоб чекаётганга ўхшайди.

Асосий масала – Афғонистондаги сиёсий вазият ва “Толибон” ҳаракатининг позициясини Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва халқаро кучлар нуқтаи назаридан аниқлаш. Аслида Афғонистон билан турли сиёсий, иқтисодий, савдо ва хавфсизлик масалаларида қандай муносабатда бўлиш, Толибонни ҳеч бир давлат тан олмаганини ҳисобга олсак, ҳозирча ноаниқ.

 

 

 

 

 

Ёрлиқ