БМТ Ғазода гуманитар фалокат ҳақида огоҳлантирди
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўз ҳисоботида Ғазо секторининг 15 йиллик қамалининг бу минтақада ҳалокатли вазиятга сабаб бўлганини эълон қилди.
2006-йилдан бери сионистик режим Ғазо секторини кенг қамалга олди. Ғазонинг сионист режим томонидан қамал қилинишининг асосий сабаби Фаластин Исломий Қаршилик Ҳаракати (Ҳамас)нинг парламент сайловларида ғалаба қозониши ва Фатҳ ҳаракатининг мағлубияти ҳамда Миср билан сионист режим ўртасидаги хавфсизлик келишуви бўлди. Фаластиндаги парламент сайловларидан чиққан ҳукумат ички зиддият туфайли йиқилиб, Фатҳ ҳаракати яна ҳокимиятни қўлга олган бўлса ҳам, сионистлар режимининг Ғазо қамали нафақат тўхтамади, балки давом этмоқда.
Ушбу қамал натижасида Ғазо жиддий гуманитар фалокатга дуч келди. Сионистик режим томонидан Ғазо секторининг 15 йиллик қамал қилиниши бу минтақада озиқ-овқат тақчиллиги ва озиқ-овқат хавфсизлигининг кучайишига сабаб бўлдики, БМТ ва БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳам ўз ҳисоботларида бундан хавотир билдирди. Фаластин Сиёсий ва Иқтисодий Тадқиқотлар Марказининг ҳисоботига кўра, 2021 йилда фаластинлик оилаларнинг ярмидан кўпи озиқ-овқат хавфсизлигидан маҳрум бўлган.
“Жаҳон озиқ-овқат дастури” ҳам бир неча бор сионистик режим сиёсати туфайли Ғазо ва Ғарбий Соҳилдаги минглаб фаластинликлар ҳаётига очлик ва қашшоқлик таҳдид солаётганини эълон қилди. Статистик маълумотларга кўра, Ғазо секторида яшовчи фаластинликларнинг учдан икки қисми 2021-йилда сионистик режимнинг ушбу минтақадаги золим қамал сояси остида озиқ-овқат хавфсизлиги йўқлигидан азият чекади.
Ғазо секторида озиқ-овқат хавфсизлигидан ташқари саломатлик ва тиббий вазият ҳам оғир. Ғазодаги минглаб одамлар ўлимга олиб келадиган касалликларга дучор бўлишларига қарамай, даволаниш учун Ғазони тарк этиш имконига эга эмаслар. Сионистик режим блокадаси туфайли Ғазо секторига дори-дармон етказиб берилмаяпти. Ҳатто Корона инқирозининг тарқалиши сионистик режимни Ғазо секторини ҳар томонлама қамал қилишдан тўхтата олмади. Аввалроқ Халқаро Қизил Хоч жамияти вакили одамлар ва товарларга нисбатан қўлланилган қаттиқ санкциялар, Фаластиндаги ички келишмовчиликлардан ташқари, Ғазодаги гуманитар вазиятни оғирлаштирганини ва уни дунёдан ажратилган минтақага айлантирганини эълон қилган эди. Ушбу мутахассис фикрича, бу омиллар минтақа иқтисодига қаттиқ салбий таъсир кўрсатган. Ғазода соғлиқни сақлаш, сув ва электр энергияси каби асосий хизматлар жиддий муаммоларга дуч келди. Беморлар Ғазо секторини тарк этишлари учун сионистик маъмурлардан рухсат олишлари керак.
Бу вазиятни ҳисобга олган ҳолда, Фаластиннинг босиб олинган ҳудудларида инсонпарварлик ишларини мувофиқлаштириш идораси (ОЧА) ўз ҳисоботида бу ҳудуднинг 15 йиллик қуруқлик, денгиз ва ҳаво блокадасидан сўнг Ғазо секторидаги вазиятнинг ҳалокатли ҳолга келганини эълон қилди. Ушбу ҳисоботда Ғазо қамалининг қашшоқлик ва ишсизлик даражасини энг юқори даражага олиб чиққани, Фаластин иқтисодини вайрон қилгани ва уларнинг 50 фоизини халқаро ёрдамга таяниши қайд этилган. Оча яна ўз ҳисоботида Ғазо блокадаси Ғазо секторининг юзлаб аҳолисининг ўлимига сабаб бўлганини таъкидлади.
Гарчи Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг аъзолари Ғазо секторидаги гуманитар фалокат ҳақида кўп марта огоҳлантирган ва ҳатто Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ғазо секторини дунёдаги энг катта "очиқ қамоқхона" деб таърифлаган бўлса-да, лекин ҳозиргача бу ташкилот томонидан Ғазо қамалини тўхтатиш учун ҳеч қандай чора кўрилмаган.