Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида
(last modified Sat, 01 Apr 2023 10:05:06 GMT )
апрел 01, 2023 15:05 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида
    Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида

Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнида жорий йилнинг 25 март - 1 апрель кунлари ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий воқеалар тӯғрисида сизга маълумот берамиз.

  • “Алга Каракалпакстан” етакчиси ва қорақалпоқ диаспораси вакили Нукус воқеалари бўйича жиноий ишда айбланмоқда

 

  • Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раҳбари қамоққа олинган

 

  • Шавкат Мирзиёев: Ўзбекистонда 11 млрд $га тенг хорижий инвестициялар ўзлаштирилади

 

  • Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ҳузурида 55 референдум участкалари ташгкил этилди

 

  • Бахтиёр Саидов Турманистон президенти Сардор Бердимуҳаммедов билан учрашди

*****

“Алга Каракалпакстан” сепаратистик ҳаракати

 

“Алга Каракалпакстан” сепаратистик ҳаракати етакчиси Аманбай Сагидуллаев ва Қозоғистондаги қорақалпоқ диаспораси вакили Ниетбай Уразбаев Нукус воқеалари бўйича жиноий ишда айбланиб

Судланувчилар Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида бўлганлиги ва уларни судга келтириш имкони йўқлиги сабабли Жиноят-процессуал кодексининг 410-моддасига асосланиб, ушбу жиноят иши бўйича суд муҳокамаси судланувчиларнинг иштирокисиз ўтказилмоқда.

Жиноят процессуал кодексининг 410-моддасига кўра судланувчи суд мажлисига келмаса, ишни муҳокама қилиш кейинга қолдирилиши лозим. Судга келмаган судланувчини суд мажбурий келтиришга, шунингдек унга нисбатан эҳтиёт чорасини қўллашга ёки эҳтиёт чорасини ўзгартиришга ҳақлидир.

Ишнинг судланувчи иштирокисиз муҳокама қилинишига судланувчи Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида бўлган ва судга келишдан бўйин товлаган, унинг йўқлиги иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга монелик қилмаган тақдирдагина йўл қўйилиши мумкин.

Норвегияда яшовчи “Алга Каракалпакстан” -Олға Қорақалпоғистон" сепаратистик ҳаракати етакчиси 55 яшар Аманбай Сагидуллаев ҳамда Қозоғистонда истиқомат қилувчи 53 яшар Ниетбай Уразбаев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 28 орқали (жиноят иштирокчилик), 104- (Баданга қасддан оғир шикаст етказиш), 158- (Ўзбекистон Республикаси Президентига тажовуз қилиш), 159- (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз), 244- (Оммавий тартибсизликлар) ва 244-1-моддаларида (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

***

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раҳбари Афзал Эрматов Жиноят кодексининг 205-моддасида (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) назарда тутилган жиноятни содир этишда гумонланмоқда. У эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги  матбуот котиби Ортиқхўжа Норов раҳбарининг январ ойидан буён ишга чиқмаганини тасдиқлар экан, жиноят иши ва илгари сурилаётган айблов ҳақида маълумотга эга эмаслигини таъкидлади.

Ўзбекистон  Миграция агентлиги мансабдорларига қарши очилган жиноят иши Давлат хавфсизлик хизмати томонидан қўзғатилган ва 3 январь куни агентлик биносида тинтув ўтказилган. Жиноят иши доирасида яна уч мулозим сўроққа чақирилган, уларнинг айримлари ҳибсга олинган.

Шу йилнинг бошида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида Миграция агентлиги устидан назорат қилишга масъул бошқарма бошлиғи қамоққа олинган эди. У мигрантларга авиачипта устига нарх қўйиб сотиш орқали фирибгарлик қилганликда гумон қилинган.

Агентликдаги ҳибсга олишлар билан вазирлик мулозимининг қамоққа олиниши Жанубий Кореяга ишга юбориш жараёнида йўлга қўйилган коррупцион схеманинг фош бўлиши билан боғлиқ. Бироқ на Меҳнат вазирлиги ва на тергов органи бу ҳақда ҳеч қандай баёнот бергани йўқ.

***

Шавкат Ммрзиёев

 

Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтган инвестиция, экспорт ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича йиғилишда Ўзбекистонда шу йилнинг ўзида қарийб 11 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш режалаштирилгани маълум этилди.

Ўзбекистон ҳудудларида 23 миллиард долларлик 12 мингта янги лойиҳа, шу жумладан, 3 мингдан зиёд саноат лойиҳалари ишга туширилиши белгиланган.

Ўзбекистон мутасаддиларнинг ҳисоботига кўра, йил бошидан 764 миллион доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилган, 1 минг 300 та йирик ва ўрта лойиҳалар ишга туширилган. Экспорт 3 миллиард долларни ташкил қилган.

Мирзиёев  бу натижалар етарли эмаслигини, дунёдаги ҳозирги мураккаб вазиятда икки карра кўпроқ ҳаракат қилиш кераклигини таъкидлади.

Ўзбекистон президенти ишга тушадиган лойиҳалар ижросини ҳудудлар ва тармоқлар кесимида кунлик назорат қилиб, муаммоларни ҳал қилиб бориш зарурлигини қайд этди.

“304 та йирик ва 3 мингта ҳудудий лойиҳаларни ишга туширилиши натижасида шу йилнинг ўзида 10 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва 200 миллион долларлик экспорт қилиш имкониятлари мавжуд”, - дейилади хабарда.

Ташқи бозорларни доимий таҳлил қилиб, янги бозорларни ўзлаштириш, янги транспорт йўлакларини топиш бўйича кўрсатмалар берилди. Рақобат кучайиб бораётган айни пайтда маҳсулотлар сифатини ошириш ва таннархини тушириш муҳимлиги қайд этилди.

***

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясининг 2023 йил 27 март куни ўтказилган мажлисида мамлакат референдумига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ навбатдаги масалалар кўриб чиқилди.

Ўзбекистон ОАВ ларининг хабар қилишича, “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 16 ва 18-моддаларига, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 16-моддасига, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2022 йил 13 июлдаги 1178-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида референдум участкалари ҳамда референдум ўтказувчи участка комиссияларини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга асосан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида референдум участкалари тузилади.

Қонун талабларидан келиб чиқиб, Марказий сайлов комиссияси мажлисида Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида 55 та референдум участкасини тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди ва ҳамда мазкур референдум участкаларини 14-Тошкент шаҳар референдум округига бириктирилди.

Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлардан кузатувчилар, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари қатнашиш ҳуқуқига эгадирлар. Улар Марказий сайлов комиссияси томонидан аккредитациядан ўтказилади.

Мазкур мажлисда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига асосан 2023 йил 30 апрелда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикасининг референдумида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюросидан қатнашадиган кузатувчиларни аккредитация қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

***

Ўзбекистон ва Туркманистон

 

Ашхободда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Бахтиёр Саидов ва Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг учрашуви бўлиб ўтди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Бахтиёр Саидов бу учрашувда “давлатларимиз раҳбарлари ўртасида ўрнатилган яқин ва дўстона алоқалар барча соҳаларда стратегик шерикликни ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратмоқда”, - деб айтди.

Бундан ташқари Ўзбекистон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги давраси бўлиб ўтди.

Хабарда келтирилишича, “кўп асрлик муштарак тарихий меросга таянган ҳолда бугун мамлакатларимиз Марказий Осиёда изчил тараққиёт, тинчлик ва барқарорликни илгари сурмоқдалар”.