Ўзбекистон Россияга қарши Қрим масаласи бўйича БМТ резолюцияси қабул қилинишига "йўқ" деди
БМТ Бош Ассамблеяси Қримда инсон ҳуқуқлари масаласини мониторинг қилишга чақирувчи резолюцияни қабул қилди.
Кун.ўз сайтига кўра, бу резолюция матнида, Россия босқинчи (оккупант) давлат деб аталган, Қрим ва ва Севастополь эса вақтинча босиб олинган (аннексия) ҳудудлар сифатида қайд этилган.
Ҳужжатда БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасига Қримдаги вазият бўйича алоҳида ҳисобот тайёрлаш сўраб мурожаат қилинган.
Бундан ташқари, ҳужжат БМТ Бош котибига Қримга халқаро ҳуқуқ ҳимоячилари миссияларини йўллашни таклиф қилади. Россиядан эса уларни ярим оролга киритиш талаб этилади.
«Халқаро экспертларнинг бўлиши Қримда вазиятнинг янада ёмонлашишининг олдини олишда биринчи даражали аҳамиятга эга», — дейилган резолюцияда.
Бу резолюция ташаббускори Украина томони бўлиб, ҳужжат қабул қилиниши учун 70та давлат вакиллари овоз берган, 26 давлат қарши чиққан, яна 77 давлат эса бетараф қолган.
Лойиҳа қабул қилиниши учун АҚШ, Канада ҳамда Европа давлатлари, жумладан, Туркия ва Япония ҳам овоз берган бўлса, Россия, Хитой, КХДР, Сербия, Ҳиндистон, ЖАР, Сурия, Арманистон, Куба, Беларусь, Эрон, Қозоғистон каби давлатлар қаторида Ўзбекистон ҳам бу резолюция қабул қилинишига қарши чиққан.
77 давлат бетараф қолган, жумладан, Қирғизистон ҳамда Тожикистон.