Indorama Ўзбекистонда яна бир қўшма корхона очади
Қиймати 125 миллион доллар бўлган корона ҳар йил 30 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқаради. Маҳсулотнинг барчаси экспортга жўнатилади.
ТОШКЕНТ, 14 мар – Sputnik. Сингапурнинг Indorama гуруҳи компаниялари Ўзбекистонда кимё соҳасида янги қўшма корхона очишни режалаштирган, деб хабар қилди Sputnik мухбирига “Ўзкимёсаноат” вакили.Янги қўшма корхона “Фарғонаазот” асосида ташкил қилиниб, меламин ва формальдегид каби маҳсулотлар ишлаб чиқариш билан шуғулланади. “Яқин бир неча кун ичида биз сингапурлик ҳамкорлар билан шартнома имзолашни режалаштирганмиз. Лойиҳанинг умумий қиймати 125 миллион доллардан ортиқ бўлади. Янги корхона йилига 30 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқаради. Маҳсулот тўлалигича экспортга чиқарилади”, — деди муассаса вакили. Унинг сўзларига қараганда лойиҳа босқичма-босқич амалга оширилади. Даставал меморандум имзоланади, кейин лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилади. Сингапурлик корхона янги заводнинг илк маҳсулотини 2019 йилда ишлаб чиқаришни режалаштирган.
“Ҳозирча, тенг маблағ ҳисобига қўшма корхона ташкил қилиш ҳақида келишув бор, лекин музокаралар давом этмоқда, томонлар улуши ўзгариши ҳам мумкин”, — дейди вакил.Эслатиб ўтамиз, ўтган йил охирида Ўзбекистон хусусийлаштириш ва монополиядан чиқариш қўмитаси ва Indorama яна бир қўшма корхона ташкил қилиш ҳақида келишиб олишган эди. Indorama Kokand Fertilizers Қўқон суперфосфат заводи асосида қурилиб, у ерда республикада олдин ишлаб чиқарилмаган дикальцийфосфат, калий сулфати ва азотн кислотали калий каби янги ўғит турлари ишлаб чиқариш режалаштирилган. Янги яратилган қўшма корхонада чет эл инвестори улуши 75% ни ташкил қилди. Сармоядор 80 млн $ инвестиция киритишни ўз бўйнига олган.