Ўзбекистон ва Хитой янги логистика марказлар ташкил этмоқчи
Ўзбекистон ва Хитой иккала давлат чегараларида янги логистика марказлари очиш имкониятини муҳокама қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Тошкентда ўтаётган Халқаро пресс-клуб йиғилишида маълум қилди.
Кун.ўз сайтига кўра, "Ички темир йўлларнинг жадал ривожланиши туфайли бизда Хитой темир йўллари билан боғланиш имконияти пайдо бўлди. Ўтган ҳафтада Ўзбекистон делегацияси Хитойда бўлди ва у ерда икки давлат чегарасида ҳозирча автомобиль, келажакда эса темир йўл транспорти логистика марказлари яратишни муҳокама қилди", деб таъкидлаб ўтди Сафоев.
Сафоевнинг айтишича, Транскавказ автомагистралидан фойдаланиш ва Руминия, Болгария, Россия портларига чиқиш масалалари бўйича озарбойжонлик ва грузиялик ҳамкорлар билан муваффақиятли музокаралар ўтказилган. Шу тариқа Ўзбекистон энг муҳим ҳамкорлар билан қисқа йўллар орқали савдо-сотиқ олиб бориш имкониятига эга бўлади.
"6 март куни Ўзбекистон Президентининг Туркманистонга ташрифи вақтида бўлиб ўтган воқеани эслаб ўтмаслик мумкин эмас, ўшанда Амударё орқали Туркманобод-Фароб темир йўл ва автомобиль кўприклари очилди. Бу кўприклар Туркманистоннинг транзит йўлларидан ўтувчи юк оқимлари ҳажмини бир неча маротаба оширишга имкон беради ва Каспий, Қора ва Ўрта ер денгизлари, Европа, Кавказорти, Яқин ва Ўрта Шарқ давлатларига тўғридан-тўғри чиқишга йўл очади", деб қўшимча қилди Сафоев.
Бугунги кунда транспорт оқимлари юқори даромадли товар ҳисобланади. Ўзбекистоннинг транзит салоҳиятидан фойдаланиш валюта тушумларининг асосий манбаларидан бирига айланиши ва Ўзбекистонни транспорт хабига айлантириши мумкин. Бу нафақат иқтисодий ўсишни тезлаштиради, балки Ўзбекистоннинг жаҳон саҳнасидаги геосиёсий мавқеини мустаҳкамлашга кўмак беради.