Ўзбекистонда 42 та янги ГЭС қурилади
Президент 2017—2021 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастурини тасдиқлади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев "2017-2021 йиллар учун Гидроэнергетикани ривожлантириш дастури тўғрисида"ги қарорни имзолади. Бу ҳақда президент матбуот хизматида хабар берилди.
Унга кўра, 2017-2021 йилларда Гидроэнергетикани ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланган.
“Ўзбекистонда 2017-2021 йилларда, 42та янги ГЭС (гидро электро станциялар) қуриш ва 32та амал қилаётган ГЭСларни замонавийлаштириш режалаштирилган”, — дейилган қарорда.
Қарорда республикадаги гидроэнергетика соҳасининг ривожидаги устувор йўналишлар белгилаб берилди, хусусан:
- экологик соф қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг қўллаш ҳисобига электроэнергия соҳасида янги ишлаб чиқариш қувватларини изчил яратиш ва мавжудларини модернизация қилиш;
- йирик, ўрта, кичик ва микро-гидроэлектр станцияларини лойиҳалаштириш ва қуриш соҳасида замонавий ҳамда ҳар томонлама асосли илмий-техник қарорларни жорий қилиш ҳамда шу асосда республикадаги энергетика баланси тузилмасидаги гидроэнергетик қувватлар улушини ошириш;
- республика сув салоҳиятини асраб-авайлашни рағбатлантиришни таъминлаш, гидротехник иншоотларни қуриш давомида мавжуд флора ва фаунани сақлаб қолиш, шунингдек сув ресурсларини самарали бошқариш;
- трансчегаравий сув оқимлари ва халқаро кўлларни муҳофаза қилиш ҳамда улардан фойдаланиш бўйича мажбуриятлар ва ратификацияланган халқаро келишувларга риоя қилиш.
Президент қарори Республика энергетика балансида қайта тикланадиган энергия манбалари миқдорини босқичма-босқич ошириб бориш ва шу асосда экологик тоза генерация манбалари яратиш, мавжуд бўлган гидроэлектро станцияларни техник ва технологик қайта жиҳозлаш, халқаро тажрибани ҳисобга олиб сув манбаларида самарали фойдаланиш, энергетика манбаларининг ўзаро мувофиқлиги даражасини ошириш ва шунинг ҳисобидан аҳоли ва корхоналарнинг электр энергиясига бўлган талабини тўлиқ қондириш мақсадида қабул қилинган.