Президент фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича янги хизмат ташкил этди
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Кун.ўз сайтига кўра фармон Ўзбекистон Президенти девонининг фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида қабул қилинди.
Ўзбекистон раҳбари Президент девонининг Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизматини Президент девонининг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизматига айлантирди.
Президент янги хизматнинг асосий вазифаларини белгилаб берди. Янги хизмат жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан самарали ишлаш тизимининг фаолият кўрсатишини таъминлайди. Бунда уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари тўла ҳимояланади.
Хизмат давлат идоралари ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича ҳолатни таҳлил қилади, улар фаолиятидаги муаммо ва камчиликларни аниқлайди.
Шу билан бирга, янги тузилма амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар беради, улар мурожаатларни кўриб чиқишда аниқланган фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари бўйича тизимли бузилишлар сабаблари ва шароитларини йўқотишга қаратилган.
Президент девонининг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхона фаолияти билан мувофиқлаштирилади ва улар билан биргаликда ишлайди.
Хизмат ушбу соҳадаги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва улар ҳақида огоҳлантириш, айбдор шахсларга нисбатан жазо муқаррарлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқади.