Шавкат Мирзиёев Россия президентига ҳамдардлик билдирди
(last modified Mon, 03 Jul 2017 09:33:33 GMT )
июл 03, 2017 14:33 Asia/Tashkent
  • Шавкат Мирзиёев Россия президентига ҳамдардлик билдирди

Ўзбекистон раҳбари Владимир Путинга Татаристонда юз берган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлгани муносабати билан таъзия изҳор этди

Спутник ахборот агентлигининг тарқатган хабарига кўра,  Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россия президенти Владимир Путинга Татаристондаги йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлганлиги муносабати билан ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг расмий веб-сайти хабар берди.

"Татаристонда йўловчи автобуси иштирокида юз берган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлганлиги ва жароҳат олганлиги ҳақидаги хабар бизни чуқур қайғуга солди”, дейилади президентнинг ҳамдардлик мактубида.

Шавкат Мирзиёев мактубида ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик ва далда сўзларини етказиб қўйишни сўради ҳамда жароҳат олганларга тез фурсатларда соғайиб кетишларини тилади.

Эслатиб ўтамиз, Самара — Ижевск йўналиши бўйича келаётган "Неоплан" йўловчи автобуси MAN юк машинаси билан тўқнашиб кетган.

Ҳодиса Татаристон республикасининг Заинск шаҳридан тўққиз километр нарида юз берган. Маълумотларга қараганда, автобусда 29 киши бўлган. Тўқнашув натижасида у ағдарилиб, ёниб кетган. Воқеа жойида 14 киши, жумладан, икки нафар бола ҳалок бўлган, 15 киши жароҳатланган.

Ёрлиқ