Ўзбекистон республикаси мустақиллигининг 26 йиллиги
(last modified Thu, 31 Aug 2017 07:02:06 GMT )
август 31, 2017 12:02 Asia/Tashkent

1991 йил 31 август куни Ўзбекистон республикаси мустақиллик ҳақидаги декларацияни қабул қилди. Ушбу декларацияга асосан 1 сентябр куни Ўзбекистоннинг мустақиллик куни деб эълон қилинди

      Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан. 

      Ассалому алайкум, қадрли тингловчилар.

     Таҳлилий эшиттиришнинг бугунги сонини  эътиборингизга ҳавола этаман.  

     Бугунги  суҳбатимиз “Ўзбекистон республикаси мустақиллигининг 26 йиллигига”га доир мавзуга бағишланади.     

     Эшиттиришимизни охиригача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.

      1991 йил 31 август куни Ўзбекистон республикаси мустақиллик ҳақидаги декларацияни қабул қилди. Ушбу декларацияга асосан 1 сентябр куни Ўзбекистоннинг мустақиллик куни деб эълон қилинди. Шундан сўнг ҳар йили 1 сентябр куни республика миқёсида тантанали байрамлар ва сайллар кенг равишда нишонланиб келинмоқда. Ушбу йилда ҳам Ўзбекистоннинг барча вилоят ва туманларида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 26 йиллигига бағишланган байрам тадбирлари ва халқ сайлларини ташкил этишга қизғин тайёргарлик кўрилган. Ўзбекистон республикасида президентлик лавозими 1990 йил 24 мартда олий кенгашнинг 1 сессиясида таъсис этилган. 1991 йилнинг 29 декабрида Ўзбекистонда биринчи бор муқобиллик асосида республика президентлигига умумхалқ сайлови бўлиб ўтди. Бугунги кунда Ўзбекистон республикасининг мустақиллигини 166 та давлат расман тан олган. Ўзбекистон давлати жаҳоннинг 131 та мамлакатлари билан расман дипломатик алоқаларни ўрнатган.

      Ўзбекистоннинг пойтахти Тошкент шаҳрида 44 та мамлакат ўз элчихона ва ваколатхоналарини очган. Ҳозирда 30 дан ортиқ мамлакатда Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналари фаолият юритмоқда. 80 дан ортиқ чет эл ваколатхоналари ва 20 дан ортиқ ҳукуматлараро муассасалар Ўзбекистонда ўз миссияларини юритишмоқда. Ўзбекистон республикаси БМТга 1992 йил 2 март куни аъзо бўлган. Ўзбекистон таркибига Қорақалпоғистон автоном республикаси ва 12 та вилоят киради. Ўзбекистон республикаси денгизга олиб чиқадиган йўллар бўлмаган Ўрта Осиёнинг марказий қисмида жойлашган давлатдир. Шимол ва ғарбда –Қозоғистон, шарқда – Тожикистон ва Қирғизистон билан чегарадошдир. Ўзбекистон аҳолисининг этник таркиби мусулмонларни ташкил этади. Статистика маълумотларига кўра ҳозирда Ўзбекистоннинг аҳолиси 32 миллиондан ошган. Сиёсий тизими конституцияга мувофиқ демократик республика бўлиб, давлат бошлиғи- Президент, ҳукумат бошлиғи - Бош вазир ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасининг Олий мажлиси олий давлат вакиллик органи бўлиб, қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга оширади. Олий мажлис икки палатадан иборатдир яъни қуйи палатаси Қонунчилик палатаси ҳисобланадаи юқори палатаси эса Сенат деб аталади. Ўзбекистонда кўппартиявийлик тизими жорий этилган.

       Энди эса, Радиомизнинг Фарғона вилоятидаги мухбири Масъуд Мирзо мавзуга доир ўзининг фикр-мулоҳазаларини эътиборингизга тақдим этади. Марҳамат.

      Сиз Радиомизнинг Фарғона вилоятидаги мухбири Масъуд Мирзонинг мавзуга доир фикрларини тингладингиз.

      Дастуримиз давом этади.

      Ўзбекистон индустриал аграр мамлакат ҳисобланади. Газ ва иккинчи ўринда нефть мамлакатнинг асосий энергетика манбаидир. Мамлакатда кўплаб рангли металлар қазиб олинади. Ўзбекистон иқтисодиётининг етакчи тармоқларига: металлургия, химия, озиқ-овқат саноати, машинасозлик, қурилиш моллари, автомобил, электроника, кийим-кечак ишлаб чиқариш, авиация саноати, кимё ва нефть ускуналари, текстил ва енгил саноат киради. Мамлакатда ипакчилик, узумчилик, сабзавотчилик, полиз экинлари ва чорвачилик ривожланган. Экспорт учун пахта, олтин, ёқилғи, табиий газ, минерал ўғитлар, металл, текстил ва озиқ-овқат саноати маҳсулотлари, автомобил, шойи ипак, жун, сабзавотлар ва мевалар етказиб берилади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида барча фуқаролар миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқодидан қатъий назар, қонун олдида тенглиги белгиланган, таълим олиши, касб эгаллаши, саломатлигини мустаҳкамлаши, ўз қобилиятини юзага чиқариши учун зарур барча имтиёз ва шароитлар кафолатланган. Бу Ўзбекистонда яшаётган турли миллат ва элат вакилларининг мамлакат ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётида эркин иштирок этишининг кафолатидир.

      Мамлакатда истиқлол йилларида ахборот эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини одамлар ўз фикр ва ғояларини, содир бўлаётган воқеаларга муносабати ва позициясини эркин ифода этадиган минбарга айлантириш йўлида туб ислоҳотлар амалга оширилди. Бунинг самарасида Ўзбекистон республикасида демократик жараёнлар тобора чуқурлашиб, фуқароларнинг мамлакат сиёсий ва ижтимоий ҳаётидаги иштироки кенгайиб бормоқда. Айни пайтда мамлакатда 1 минг 400га яқин оммавий ахборот воситаси фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистонда спорт маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйилиши ва кенгайтирилиши аҳоли, биринчи навбатда, ёш авлодни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишига оммавий жалб этишда муҳим омил бўлмоқда. Шаҳару қишлоқларда бунёд этилган замонавий спорт мажмуаларида, болалар спорт билан мунтазам шуғулланиб, саломатлигини мустаҳкамламоқда. Айни пайтда Ўзбекистонда истиқомат қилаётган 130 дан зиёд миллат ва элат вакилларининг миллий анъана, урф-одат ва қадриятларини асраб-авайлаш ҳамда ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилиб мустақиллик байрамига юксак даражада тайёргарлик кўришган. Мамлакатда фаолият юритаётган 140 га яқин миллий маданият марказлари ушбу йўналишдаги ишларга катта ҳисса қўшиб келишмоқда.

        Муҳтарам тингловчилар, " Таҳлилий эшиттиришга" ажратилган вақт ўз ниҳоясига етди. Дастурларимиз давом этади. Мен эса сизлар билан хайрлашаман.  Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, меҳрибон ва раҳимли аллоҳ паноҳида қолинг.

Ёрлиқ