Ўзбекистонда 1 октябр Ўқитувчи ва мураббийлар куни
Ўқитувлар ва мураббийлар куни Ўзбекистонда умумхалқ байрами сифатида кенг нишоналанади
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан.
Ассалому алайкум, қадрли тингловчилар.
Таҳлилий эшиттиришнинг бугунги сонини мен Аҳмаджон Сулаймонов эътиборингизга ҳавола этаман.
Бугунги суҳбатимиз “Ўзбекистонда 1 октябр Ўқитувчи ва мураббийлар куни”га доир мавзуга бағишланади. Эшиттиришимизни охиригача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.
Ўзбекистонда 1 октябр – Ўқитувчи ва мураббийлар куни этиб белгиланган. Ўқитувлар ва мураббийлар куни мамлакатда умумхалқ байрами сифатида кенг нишоналанади. Умумхалқ байрами арафасида Ўзбекистон пойтахти Тошкентга мамлакатдаги таълим муассасаларининг илғор ўқитувчилари, олимлар, маънавият тарғиботчилари, кенг жамоатчилик вакиллари таклиф этилди. Шу кунларда “Туркистон” саройида Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали йиғилиш ҳам бўлиб ўтди. Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали йиғилишда сенаторлар, депутатлар, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Маданият вазирликлари ходимлари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, мактаблар, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг педагоглари, спорт мураббийлари иштирок этди. Тадбирда Халқ таълими вазирлигининг "Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси", Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг "Олий таълим муассасасининг энг яхши педагоги" кўрик-танловлари ғолиблари ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими масканларининг фаол педагоглари диплом ва совринлар билан тақдирланди.
Шунингдек, Ўзбекистон президентининг 2017 йил 27 сентябрдаги фармонига мувофиқ таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳи Ўзбекистоннинг фахрий унвонлари, орден ва медаллари билан тақдирланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига йўллаган байрам табригини Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов ўқиб эшиттирди. Ўзбекистон президенти ўқитувчи ва мураббийларга йўллаган мурожаатида Ўқитувчи ва мураббий деган шарафли номни улуғлаб келаётган барча инсонларни умумхалқ байрами билан чин қалбидан самимий муборакбод этган. "Бугун ушбу қутлуғ айёмни мамлакатимизда кенг нишонлар эканмиз, биринчи навбатда қадрдон мактабимиз, бизга ҳарф ўргатган, эзгуликдан сабоқ берган меҳрибон муаллимларимиз сиймоси кўз олдимизда намоён бўлади. Биз учун ибрат намунаси, юксак инсоний фазилатлар тимсоли бўлган сизлар каби азиз ва мўътабар зотлар шаънига энг гўзал сўзлар, эзгу тилакларимизни изҳор этамиз. Сизларнинг барчангизга ҳеч қачон узиб бўлмайдиган қарздорлик ҳисси билан таъзим қиламиз дейилган табрик матнида.
"Айни вақтда биз таълим-тарбия муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, муаллимлар, профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш, хориждаги етакчи таълим марказлари билан илмий-педагогик ҳамкорликни кучайтириш, ўқув-тарбия жараёнларига замонавий таълим ва ахборот технологияларини, янги ўқув методикаларини жорий этиш бўйича ҳали олдимизда кўплаб долзарб вазифалар турганини яхши англаймиз ва уларнинг ечими устида доимий иш олиб борамиз", — деб ваъда берган Ўзбекистон президенти. Сизларни 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман. Доимо соғ-омон бўлинг, азиз устозлар!", — дея ўз табригига якун ясаган Шавкат Мирзиёев. Ўзбекистон Республикада ҳозирда 9680 та мактаб бор, улардаги ўқув ўринлари сони 4 млн 900 минг ўринни ташкил этади. Таҳлилга кўра, республикада 1156 та мактабларда тўлдириш коэффициенти 1,5 атрофида, қолган мактабларда синфхоналар билан боғлиқ муаммо мавжуд эмас. Халқ таълими вазирлиги тизимида 775 минг нафар ходим фаолият юритади. Айни пайтда Ўзбекистон президентининг кўрсатмасига асосан мамлакатда 11 йиллик мактаб тизимини қайта тиклаш йўлида дастлабки ишлар амалга оширилмоқда ва ушбу масала жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.
Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг хабар қилишича, мактабларда тажриба сифатида 11 йиллик таълимни қайта тиклаш, унинг қошида ўқув-касб корхонаси ташкил этиш ҳақида мутасадди ташкилотларга ва идораларга кўрсатма берилган. Шу йилдан бошлаб мактабнинг 10-синфларида таълим яна давом эттирилиши режалаштирилган. Бу йил республика бўйлаб 9-синфларни 467 минг ўқувчи битириб чиққан бўлиб, улардан 352 минг нафари 10-синфларда ўқишни давом эттириш истагини билдирган. Мактаб ўқувчилари ушбу 2 йиллик таълимда касб ҳам олиши мумкин. Улар ҳафтада бир кун касб таълими билан шуғулланади. 50 дан ортиқ касблар бор, уларни ўқувчиларнинг ўзи танлаб олади. Ўзбекистон таълим тизимини ислоҳ қилиш жараëнида 1992 йилдан тажриба сифатида коллеж ва академик лицейлар жорий қилина бошланган бўлса¸ 11 йиллик мактаб тизимининг бутунлай бекор қилиниб¸ уч йиллик мажбурий ўрта махсус касб-ҳунар таълимига ўтиш жараёни 2009 йилга келиб якунланди. Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, ҳозирда Ўзбекистонда 1441 та касб-ҳунар коллежи¸ 41 та академик лицей мавжуд. Халқ таълими вазирлиги сайтида келтирилган рақамларга кўра¸ Ўзбекистонда жами 9680 та мактаб бор ва уларни 2016 йили 466 007 нафар ўқувчи битириб¸ мажбурий касб ҳунар таълими муассасига кузатилган.
Шунингдек, Ўзбекистон президенти мактабгача таълим тизимини ислоҳ қилишдаги камчиликларни очиб, халқ таълими тизимидан мактабгача таълим тизимини алоҳида вазирлик сифатида ажратиб чиқиш кераклигини, яъни, Мактабгача таълим вазирлигини ташкил этиш кераклигини, республикадаги 5 мингта болалар боғчаларини ривожлантириш лозимлиги масаласини муҳокамага қўйди. Ўзбекистон президентининг 9 сентябрь куни имзолаган “Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра яқин йиллар ичида болалар боғчаларида катта ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда. 2018 йил 1 январдан бошлаб Тошкент ва вилоятлар марказларида эксперимент тариқасида давлат-хусусий шериклик шартларида замонавий ва ҳаммабоп мактабгача таълим муассасалари ташкил этилади. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан педагогларнинг касб салоҳиятини янада юксалтириш, уларни ўз устида кўпроқ ишлашга, изланишга доир қатор маърифий лойиҳалар, ижодий танловлар, фан ўқитувчиларининг анжуманлари ўтказилмоқда. "Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси", "Йилнинг энг яхши мактаби", "Йилнинг энг яхши психологи", "Йилнинг энг яхши тарбиячиси" каби танловлар соҳадаги илғор иш тажрибасини оммалаштириш, фидойи устозларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашда муҳим омил бўлмоқда. Ёшларнинг теран маънавият, юксак интеллектуал салоҳият соҳиби бўлиб камолга етиши кўп жиҳатдан фидойи устозлар, касбига содиқ ўқитувчилар, жонкуяр мураббийларга боғлиқ. Ўзбекистонда 1 октябр – Ўқитувчи ва мураббийлар куни кенг нишонланаётган шу кунларда айни жиҳатлар яна бир карра ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда.
Муҳтарам тингловчилар, " Таҳлилий эшиттиришга" ажратилган вақт ўз ниҳоясига етди. Дастурларимиз давом этади. Мен эса сизлар билан хайрлашаман.
Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, меҳрибон ва раҳимли аллоҳ паноҳида қолинг.