октябр 10, 2017 12:55 Asia/Tashkent
  • Ўзбек—қирғиз чегарасининг аниқланмаган 23 та жойи қолди. Сўх — булар ичида энг асосийларидан бири
    Ўзбек—қирғиз чегарасининг аниқланмаган 23 та жойи қолди. Сўх — булар ичида энг асосийларидан бири

«Ўзбекистон 24» телеканали шу масала хусусида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг махсус топшириқлар бўйича элчиси Илҳомжон Неъматовдан интервью олди.  

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев 5—6-кунлари Ўзбекистонга амалга оширган ташриф давомида икки мамлакат ўртасидаги чегаралар бўйича келишувларга эришилди.

Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбоевнинг мамлакатимизга ташрифи давомида 14 та муҳим ҳужжат билан бирга Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегаралар бўйича битим ҳам имзоланди. Бу ҳужжат биринчи навбатда хавфсизлик ва тинчлик кафолати бўлиб хизмат қилади. Бундан ташқари, иқтисодий ва маданий алоқларни ривожлантиришда, чегарага яқин ҳудудларда яшовчи, ўзаро қариндошлик ришталарини боғлаган аҳоли учун ҳам муҳим аҳамиятга эгадир. Президентимиз таъкидлаганларидек, Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши бу — қўшнилар билан алоқаларни ривожлантиришга қаратилади.

Бу чегара чизиқларни аниқлашда ютган ёки ютказган томонлар бўлгани йўқ. Бунинг остида фақат икки томонлама манфаат ётибди. 5 сентябрь куни Бишкекда имзоланган Битимда чегара чизиғи умумий узунлигининг 1 170 километри киритилган эди. Бугунги кунда аниқланмаган чегара жойлари 23 та, яъни, 264 километрни ташкил этмоқда. Булар ичида биз учун энг муҳимлари қайсилар?

Биринчиси, Андижон сув омбори чегара чизиғини аниқлаш ва уни харитага киритиш. Иккинчиси, Фарғона вилоятининг Сўх туманидаги чегара ҳудудларини аниқлаб харитага киритиш. Учинчиси, Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманида Қирғизистоннинг Барак анклави атрофидаги чегара чизиқларини аниқлаш.

Мана шу учта муҳим масала Алмазбек Атамбоевнинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида очиқ муҳокамага қўйилди ва ечим топилди. Бу масаланинг ечилиши Ўзбекистон ва Қирғизистон чегаралари бўйича давлат комиссиянинг келажакдаги ишига жуда катта ёрдам беради. Ўйлайманки, яқин кунларда чегаралар бўйича барча ишни тамомлаб, якуний битим бўйича ҳужжатларни тайёрлаймиз.

Илҳом Неъматов, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг махсус топшириқлар бўйича элчиси

Ёрлиқ