ШҲТ мажлиси доирасида Шавкат Мирзиёев хитойлик ҳамкасби билан учрашди
Остона шаҳрига амалий ташриф доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпиннинг музокаралари бўлиб ўтди.
Спутник сайтининг хабар қилишича, “Инфратузилма, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги ва "яшил" энергетика соҳаларида стратегик ҳамкорлик дастурларини қабул қилишни жадаллаштиришга келишиб олинди”,
Шавкат Мирзиёев ХХР Раисини камбағалликка қарши курашиш соҳасида амалий ҳамкорликни қўллаб-қувватлаётганини алоҳида таъкидлади. Бу муҳим йўналишда тажриба алмашиш бўйича узоқ муддатли дастур қабул қилиш таклифи билдирилди.
"Бир макон, бир йўл" ташаббуси доирасида транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаш ва минтақани ривожлантиришда стратегик аҳамиятга эга бўлган Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон темир йўлини қуриш бўйича амалий ишларни тез фурсатда бошлаш муҳимлиги таъкидланди.
"Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Ўзбекистон томонининг "ягона Хитой" сиёсатини қўллаб-қувватлаш ва "уч ёвуз куч"га қарши курашиш борасидаги позицияси ўзгармас экани тасдиқланди", — дейилади хабарда.
Туризм, илм-фан, таълим, кадрлар тайёрлаш ва хитой тилини ўрганиш соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.
“Яқинда Тошкентда Марказий Осиёдаги Конфуций институтлари форуми бўлиб ўтади. Мамлакатимизда ХХР олий ўқув юртлари филиалларини очиш, Хитойнинг профессионал таълим тизими - "Лу Бан устахонаси"ни кенг жорий этиш режалари белгиланди. Иккинчи Таълим форумини келгуси йилда ўтказиш таклифи билдирилди”, — дея қайд этилган хабарда.
Шавкат Мирзиёев, шунингдек, Покистон Ислом Республикаси бош вазири Шаҳбоз Шариф билан учрашув ўтказди. Унда Ўзбекистон билан Покистон ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини, энг аввало, савдо-иқтисодиёт, инвестиция ва транспорт-коммуникация соҳаларида янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.