Шошилинч хабар! Журналист Америкадан сиёсий бошпана сӯради
Мустақил журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Малоҳат Эшонқулова АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасидан сиёсий бошпана сўраган.
Жума куни элчихона ўнггида очлик эълон қилган журналист ўзига нисбатан босимлардан шикоят қилган.
Унинг сўзларига кўра, журналистик ўтмиши ҳамда ҳуқуқ ҳимоячиси сифатидаги фаолияти боис расмийлар унинг Тошкент шаҳридаги вақтинчалик пропискаси бекор қилиб, пойтахтдан бадарға қилишмоқчи.
"Мен 2011 йилда ноқонуний тарзда бекор қилинган доимий пропискамни суд орқали тиклашга муваффақ бўлгандим...2017 йилнинг 26 октябь куни Фуқаролик ишлари бўйича Зангиота тумналараро суди доимий пропискамни суд орқали бекор қилинганлиги тўғрисидаги қарор нусхасини қўлимга тутқазди.Не кўз билан кўрайки, менинг доимий пропискам 2017 йилнинг 11 август куни бекор қилинганди".
Малоҳат Эшонқулова сўнгги ҳодисани Ўзбекистондаги мажбурий меҳнат мониторинги билан боғлайди.
"Мен мажбурий меҳнатга оид мониторинг олиб борардим.Табиийки, бу бош вазирга хуш келмагани аниқ. Негаки, қишлоқ хўжалиги ишларига одатда Бош вазир масъул ҳисобланади.
Мажбурий меҳнат деганлари, айниқса, пахта йиғим-теримидаги мажбурий меҳнат деганлари бевосита Бош вазирнинг номи билан боғлиқ бўлади.Қолаверса, мажбурий меҳнат борасида мониторинг олиб борувчи шахслардан бири сифатида мен Жаҳон банкининг инспекциясига шикоят ариза йўллаган фуқаролардан бири эдим.Буни қарангки, Жаҳон банки бизнинг аризамизни анобатга олиб, 2017 йилнинг 27 октябрь куни Тошкентга биз билан учрашиш ва семинар ўтказиш мақсадида ўз вакилларини сафарбар қилганди.Менга бўлаётган бу босимлар, доимий пропискамни суд орқали бекор қилишга такрорий уринишлар, қизимнинг уйига қўйилган вақтинчалик пропискамни ҳам қайтиб олиб қўйишлар - буларнинг ҳамма-ҳаммаси менинг мустақил журналист сифатида, инсон ҳуқуқларинининг ҳимоячиси сифатида олиб бораётиган фаолиятимга бўлаётган босим деб биламан. Шу сабаб мен АҚШ ҳукуматидан сиёсий бошпана сўрашга мажбурман", - дейди Малоҳат Эшонқулова.
Ўзбекистон телевидениесининг собиқ журналисти бўлган Малоҳат Эшонқулова 2010 йилда телевидениедаги коррупция ва қонунсизликлардан шикоят қилиши ортидан ишдан бўшатилган.
Ўзининг сўзларига кўра, Мирзиёев ҳокимиятга келганидан кейин унинг ишга тиклашни сўраб, президент ва телевидение раҳбариятига қилган мурожаатлари рад этилган.
Малоҳат Эшонқулованинг маълум қилишича, АҚШниннг Тошкентдаги элчихонаси расмийлари унинг сиёсий бошпана сўраб ёзган аризасини қабул қилиб олишган ва журналист маҳаллий вақт билан соат 17 да очликни тўхтатган.
У билан мулоқот қилган Тошкент шаҳар ички ишлар идораси вакиллари эса яна бир марта Президент виртуал қабулхонасига мурожаат қилишни маслаҳат берганлар.
Малоҳат Эшонқулова Президентнинг виртуал қабулхонасидан умиди йўқлиги ва АҚШ элчихонасининг жавобини кутаётганини билдирди.