Туркиялик эксперт Ўрхон Сиврикий "Ўзбекистон ҳаво йўллари"ига ишга ўтди
-
Туркиялик эксперт Ўрхон Сиврикий
Туркиялик топ-менежер Ўрхон Сиврикий "Ўзбекистон ҳаво йўллари"нинг стратегик ривожланиш бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланди. Бу ҳақида миллий авиакомпания (МАК) матбуот хизматида хабар берилди.
Кун.ўз сайтининг хабар қилишича,Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги делегациянинг октябрь ойида Туркияга ташрифи давомида "Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАК томонидан фуқаролик авиацияси бўйича туркиялик экспертни маслаҳатчи сифатида жалб этиш масаласи кўриб чиқилганди.
Туркиядаги учрашувлар натижасида МАК фуқаролик авиацияси бўйича машҳур топ-менежер Ўрхон Сиврикийни ҳамкорликка жалб этишдан манфаатдор эканини билдирди.
Жаноб Сиврикий 1991 йилда Босфор университетини тугаллагандан сўнг ўз ҳаётини авиация билан боғлади. Ўтган йиллар ичида у Туркия, Европа ва Шимолий Америкада масъулиятли лавозимларни эгаллаб келган ва ўзини авиайўналишларни режалаштириш, янги бизнес-моделларни яратиш, шунингдек маркетинг ва даромадларни бошқариш бўйича етук мутахассис сифатида намоён қилган.
Техника фанлари доктори Ўрхан Сиврикий "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпаниясининг стратегик ривожланиш бўйича маслаҳатчи лавозимига 6 ноябрдан киришди.