Тошкентда ЕТТБ ваколатхонаси очилди
8 ноябрь куни Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Тошкент ваколатхонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Офис Ўзбекистон банклар уюшмаси биносида жойлашди, деб хабар беради «Газета.uz».
ЕТТБ 2010 йилдан буён биринчи марта Ўзбекистон билан янги лойиҳаларни бошлади. Тошкентга ташриф чоғида ЕТТБ биринчи вице-президент Филипп Беннет 120 миллион долларлик учта кредит келишувини имзолашда иштирок этди.
Шунингдек, Наманган, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрида сув ва иссиқлик таъминотини яхшилашга қаратилган, умумий қиймати 215 миллион долларга тенг бешта лойиҳа бўйича сўров хатларини имзолаш маросими бўлиб ўтди.
«Биз жуда шошяпмиз, энг қисқа муддатларда Ўзбекистондаги фаолиятимизни кенгайтириш ва чуқурлаштиришга уринмоқдамзи, — деди Филипп Беннет. — Гап 15 та қўшимча лойиҳа ҳақида кетмоқда, уларни биз кўриб чиқиш ва имзолашга тайёрлаб бўлдик. Яқин 12 ой ичида биз турли соҳаларда кўп иш қилишимиз керак — хусусий сектор, кичик ва ўрта бизнес, коммерсиализация масалалари».
Жаноб Беннет банк номидан Ўзбекистондаги ислоҳотларга хайрихоҳлик билдирди, уларнинг кўпчилиги дадил эканлигини қайд қилиб ўтди.
«Биз шунчаки молиялаштириш учун доллар ёки евро ажратмаймиз, биз тажрибамиз билан бўлишишни хоҳлаймиз — давлат-хусусий сектор ҳамкорлиги, капитал бозорлари ривожи, маданий меросни ҳимоя қилиш масалалари бўйича. Яна бир йўналиш — қайта тикланувчи энергия, биз бу йўналишда ҳам албатта стратегик миқёсда ишлаймиз».
Филипп Беннет 2018 йил мартида ЕТТБ ижрочи директорлари Ўзбекистонга келиши кутилаётганини айтиб ўтди.
«ЕТТБ ходимлари Ўзбекистонга тез-тез келиб туради, қалбларингиз ва офисларингиз эшикларини очиқ тутишни сўрайман», — деди у.