Шошилинч хабар! Россия давлат думаси ўзбекистонлик ишчилар ҳақидаги қонун лойиҳасини қабул қилди
Россия давлат думаси Ўзбекистон билан ўзбекистонликларнинг Россияда иш билан таъминланиши ҳақидаги келишувни ратификация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида маълум қилинди.
Кун.ўз сайтининг хабар беришича, “Келишувнинг амалга оширилиши Ўзбекистон ва Россиянинг ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорлигининг мустаҳкамланиши, икки давлат ўртасида дўстона муносабатлар ривожланиши, ишчилар малакасини ошириш ва Ўзбекистон фуқароларининг Россия ҳудудидаги меҳнат фаолиятига ноқонуний жалб қилинишларининг олдини олишга кўмак беради”, деб айтилган қонун лойиҳасига тушунтириш хатида.
Қонун лойиҳасидаги асосий меъёрлар ўзбекистонликларни Россияда вақтинчалик ишлашга тартибли қабул қилиш ва жалб қилиш бўйича икки давлатнинг мутасадди идораларининг ҳамкорлиги тартиби ва шартларини белгилашга қаратилган.
Ҳужжатда шунингдек ўзбекистонликларнинг Россияда вақтинчалик ишлашлари учун комплекс тайёргарликни Ўзбекистонда ўташ имконияти кўзда тутилади.