Ўзбекистонлик 5 нафар ёш математик халқаро мусобақада совриндор бўлди
(last modified Thu, 18 Aug 2016 08:47:57 GMT )
август 18, 2016 13:47 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистонлик 5 нафар ёш математик халқаро мусобақада совриндор бўлди

Ўзбекистонлик 5 нафар ёш математик халқаро мусобақада совриндор бўлди

13-14-август кунлари Сингапурда математика бўйича халқаро мусобақа (Singapore International Math Olympiad Challenge, SIMOC-2016) бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Жаҳон» АА хабарга таяниб Кун уз сайти хабар берди. 

Мазкур мусобақаларда дунёнинг турли бурчакларидаги мактабларда таҳсил оладиган 780 нафар ёш математика билимдонлари қатнашди. Гуруҳларга бўлинган саралаш босқичида иштирокчилар ребус ва математикадан вазифалар ечишди. Дастлабки саралашдан сўнг ўз билими даражаси билан бошқалардан ажралиб турадиган ўқувчилар финал босқичида қатнашди. Унинг якунлари бўйича эса ўқувчиларнинг ёшларига қараб мусобақа ғолиблари аниқланди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистоннинг 5 нафар вакили SIMOC-2016 ғолиблари қаторидан жой олиб, олтин медаль нишондори бўлишди - Абдураҳим Орипов, Муҳаммадамин Раҳмонбердиев, Абдулла Ғайратуллаев, Марина Тен ва Владислав Галперин - буюк математик бобокалонларига муносиб фарзанд эканликларини намоён этишди. Бундан ташқари, Ал-Хоразмий юртининг бошқа ўқувчилари кумуш, бронза ва жамоавий мукофотларга ҳам сазовор бўлишган.

Ғолибларни тақдирлаш маросимида Сингапур Республикаси коммуникация ва ахборот вазири Чи Хонг Тат фахрий меҳмон сифатида иштирок этди. У ўзининг табрик нутқида ушбу олимпиадада ўзбекистонлик ёш математиклар фаол қатнашганини қайд этар экан, улар бундан ҳам юксак чўққиларни забт этишларида муваффақиятлар тилади.

Ўз навбатида, Сингапур Халқаро математика мусобақаларини ўтказиш марказининг ижрочи директори Генри Онг ҳам ўзбекистонлик олимпиада иштирокчиларининг тайёргарлигига юқори баҳо берди.

"Ушбу мусобақаларда ўзбек ўқувчиларининг муносиб қатнашгани ва юқори ўринларни эгаллашгани Ўзбекистонда амал қилаётган таълим тизимининг самарадор эканлигини яққол тасдиқлайди. Мамлакатингиз бўйлаб сафарларим чоғида бу соҳага қанчалик катта эътибор қаратилаётганига бевосита гувоҳ бўлганман. Ўзбекистон раҳбариятининг бу йўналишдаги саъй-ҳаракатлари ўзининг ижобий натижаларини бераётганини кўрмоқдамиз. Ушбу муқаддас замин фарзандлари бундан кейин ҳам юқори натижаларга эришишига умид қиламан", деган у.